1- Ҳурматли Ислом Абу Халил, Ассалому алайкум, аввало ўзингизни таништирсангиз, сўнгра ўз ҳаётингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз.
Жавоб: Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Мен Ислом Абу Халил 1984 йил Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида туғилганман. Оилали, тўрт фарзанд отасиман.
2005 йилда Ҳизб ут Таҳрир сиёсий партияга аъзолигим сабабли Россия ФХХ (ФСБ) томонидан қўлга олиндим. 282/2 (Экстремизм) ва 205/1 (Терроризм) моддалари бўйича айблов билан 4,5 йилга озодликдан маҳрум қилиндим. Жазо муддатини ўтаб, қамоқдан чиққанимдан сўнг Швецияда сиёсий бошпана олганман ва ҳозир пойтахт Стокгольмда яшамоқдаман. Ҳозирда Ҳизб ут-Таҳрир аъзосиман ва Ҳизб билан бўлган сиёсий фаолиятимни фаол олиб боряпман.
- Сиз қачондан бери Ҳизб ут-Таҳрир аъзосисиз? Ҳизбнинг асосий мақсадлари нималардан иборат?
Жавоб: Мен Ҳизб ут Таҳрир билан биргаликдаги сиёсий фаолиятимни 2000 йилнинг бошларида бошлаганман. Ҳизбут Таҳрир эса Ислом мабдасига асосланган сиёсий ҳизб (партия) бўлиб, Расул САВнинг Мадинаи Мунавварада биринчи Исломий давлатни барпо қилишларидаги тариқатларини намуна қилиб олган ҳолда Исломий Халифалик давлатини барпо қилиш орқали Исломий ҳаётни қайта бошлаш учун фаолият олиб боради.
Озгина тафсилоти билан шуни айтмоқчиманки: Мусулмонларнинг муаммолари ва Исломий уммат яшаётган ҳозирги воқеликни ўрганиб чиқилгандан кейин Ҳизб бу муаммоларнинг сабаби Ислом билан бошқариш йўқолганлигига бориб тақалади, деган хулосага келди. Шаръий далилларни, Қуръон ва Суннатдан нусусларни кўриб ва ўрганиб чиққандан кейин билдикки, мусулмонлар зиммасига вожиб бўлган нарса уларнинг шундай бир ҳокими (Халифаси) бўлсинки, уларни нима ислоҳ қила олишини тўғри англаган холда Яратувчи томонидан бўлган Ислом аҳкомлари билан бошқарсин ва етакчилик қилсин. Юқоридагилардан келиб чиқадики, Ҳизб ут-Таҳрирни мақсади бу – пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни барпо қилиш орқали Исломий ҳаётни қайта бошлаш ва Исломни фикрий қиёдат сифатида даъвату жиҳод орқали бутун оламга олиб чиқишдир.
- Ускударда (Туркияда) ўтказилган конференцияда асосий эътибор нимага қаратилди?
Жавоб: “Ҳизб ут-Таҳрир Туркияда «Президентлик низомими ёки рошид Халифалик давлатими?» номли конференция ташкил қилди. Бу конференцияда жуда кўп киши қатнашди, мамлакат ичкариси ва ташқарисидан меҳмонлар келишди. Одамларнинг кўплиги сабабли юзлаган кишилар конференция залига кира олмасдан, конференция фаолиятларини зал лоббисидан кузатишга мажбур бўлдилар. Конференция Қуръони Каримни ёқимли оятларини тиловат қилиш билан бошланди. Ундан кейин Ҳизб ут-Таҳрир амири, буюк олим Ато ибн Халил Абу Раштанинг шу конференция учун махсус юборган мактубини эшитдилар. Халифалик уммат учун жуда муҳим эканлигини баён қилганларидан кейин, ҳақиқий Халифалик билан сохтасини ўртасини ажратиш лозим эканлиги айтиб, шундай дедилар: “Халифалик номаълум ва қулоқ эшитмаган нарса эмас. У шундай бир алоҳида низомки, Пайғамбар С.А.В. уни баён қилиб берганлар ва у Зотдан кейин Хулафои рошидинлар ўша низом асосида юрганлар. Халифалик у – императорлик режими ҳам, қироллик ҳам эмас, президентлик ёки парламентликка асосланган жумҳурий низом ҳам эмас. Аллоҳни қўйиб, ўзи қонун ишлаб чиқарадига демократия ҳам, диктатура ҳам ва булардан бошқа инсоният тарафидан ишлаб чиқилган қандайдир низом эмас… у шундай бир Халифаликки, қонларни ҳимоя қилади, ор-номусларни ва мол-мулкни асрайди, ўз зиммасидаги нарсани бажаради. Байъатни мажбурлаш орқали эмас, балки розилик ва сайлаш орқали олади. Одамлар ундан хавфсираб қочишмайди, аксинча, унга тинч-хавфсиз бўлган ҳолда ҳижрат қилишади…“ сўнгра конференция қатнашаётган меҳмонлар томонидан кетма-кет табрик сўзлари янгради, Халифаликнинг муҳимлиги ва қайта тикланиши зарур эканлиги таъкидланди ҳамда Халифалик қулатилган 1924 йил 3 март куни хотирланди. Халифалик номаълум ва белгилари ноаниқ фикрат эмас, балки Муҳаммад САВ амалий жиҳатдан татбиқ қилган ва у Зотдан кейин Хулафои рошидинлар ва улардан кейинги Халифалар то XX аср бошларигача XIII аср давомида татбиқ қилиб келган бошқарув шаклидир. Яна Халифалик низоми билан қироллик, федерация системалари ўртасидаги, шунингдек, Халифалик билан императорлик низоми ўртасидаги фарқлар очиб берилди.
Конференция меҳмонлари Халифаликнинг нафақат мусулмонларга, балки бутун башариятга муҳимлиги ҳақида сўзладилар.
- Ҳизб ут-Таҳрир нима учун Ўрта Осиёда диний экстремистик ташкилот деб эътибор қилинади? Бу борада ҳизб вакили сифатида нима дея оласиз? Ҳизб Ўрта Осиёда олиб бораётган саъй-ҳаракатлари ва келгусидаги режалари нималардан иборат?
Жавоб: Ўрта Осиё мамлакатларидаги ҳокимлар ҳокимиятни ёлғон ва алдов билан қўлга олдилар ва уни куч билан ушлаб турибдилар. Уларда Ҳизб ут-Таҳрир кўтариб чиқаётган фикрларга қарши қўядиган мафкуравий асос йўқ. Агар эсингизда бўлса, жиноятчи Каримов (Ўзбекистон президенти) қачонлардир ҳизбга қарши фикрий курашишини айтган эди, лекин биз шу пайтгача Ўзбекистондаги ҳукумат – ва ундан бошқа мусулмонлар юртларидаги ҳукуматлар ҳам – Ҳизб ут-Таҳрир йигитларини ва бошқа мусулмонларни таъқиб қилиб, уларга жисмонан тажовуз қилиб, қамаб, азоблаб, ҳатто ўлдираётганини кўрмоқдамиз. Бугунги кунда бу иш эркакларгагина чекланиб қолмасдан, балки Қирғизистон, Сурия ва бошқа жойларда бўлаётганидек, аёллар ва ёш болаларни ҳам ушлаб, қамоққа ташлашга ўтди.
Мана бу золимлар ўзларининг жиноятларини хаспўшлаш ҳамда Ҳизб ут-Таҳрирга қарши курашишда қонунийлик тусини пайдо қилиш мақсадида маломатчининг маломатидан ва золимнинг зулмидан қўрқмай очиқ ҳақиқатни гапираётган ва уларнинг жиноятларини очиб ташлаётган Ҳизб ут-Таҳрирга туҳмат қилмоқдалар.
Ҳозиргача воқеликда Ҳизб ут-Таҳрир Аллоҳ Субҳонаҳу ва Таоло ҳаром қилган қандайдир амални қилганлиги ҳақида бирорта ишонарли ҳужжат ва ҳолат йўқ.
Ҳизб ут-Таҳрир ўз манҳажи ва тариқатида иккиланмай давом этмоқда ва мана бу жандарм давлатлардаги жиноятчи органлар олиб бораётган ишларга парво ҳам қилаётгани йўқ.
Ҳизб йигитларига ёлғон айблов ёпиштириш ва қамоққа олиш учун уйларига ва кийим-кечакларига наркотик ва қурол-яроқлар ташлаб қўйишаётганига қарамай, бу нарса уларни Набий САВнинг тариқатлари асосида фаолият олиб боришдан тўхтатмади ва тўхтата олмайди ҳам.
Йигитлар қўлга олинган пайтларида улардан Ҳизб китоблари ва нашраларини топишмоқда. Бу китоблар – ўқишни хоҳловчилар учун турли тилларда мавжуддир. Зеро, Ҳизб Ислом Низоми, Ислом Давлати, Исломда Бошқарув Низоми, Таълим Низоми, Ижтимо Низоми, Иқтисод Низоми каби ўнлаб табанний қилинган китобларни нашр қилди. Шунингдек, юзлаб табанний қилинмаган китоблар, минглаб сиёсий таҳлиллар, матбуот баёнотлари ва бошқаларни нашр қилди.
Мамлакатларимизнинг жиноятчи ҳокимлари бу китоблар ва нашраларни террорга ундовчи экстремистик адабиёт сифатида кўрсатмоқчи бўлмоқдалар ва уларни ўқиган ҳар бир одамни таъқиб қилмоқдалар. Нима учун? Чунки бу китоб ва нашрлар ўзида ҳақиқатни жо қилган, бу ҳокимларда эса бизнинг фикрларимизни инкор қила оладиган фикрат йўқ. Мана шунинг учун улар йигитларимизни қамаш учун бизга туҳмат қилишдан ўзга чора топишолмаяпти.
Ҳизб ут-Таҳрир Пайғамбар САВ тариқатлари асосида фикрий ва сиёсий кураш олиб бормоқда. Бу ишлар ўз самарасини бериши учун, Ҳизб бир пайтлар Ислом давлати бўлган, мусулмонлар яшайдиган мамлакатларда Халифаликни қайта тиклаш осонроқ бўлишини эълон қилиб, бу мамлакатларга мажол, дея ном берди. Булар: Сурия, Ироқ, Иордания, Миср, Покистон каби мамлакатлардир ва Ҳизб бу давлатларда Халифаликни қайта тиклаш учун сиёсий кураш олиб бормоқда. Аммо Европа, Шимолий ва Жанубий Америка давлатлари каби мажол бўлмаган бошқа минтақаларда эса Ҳизб ут-Таҳрир Ҳизб фикрларини тушунтириш ва Исломни ёйиш билан фикрий ишлар олиб бормоқда. Бу давлатлар Ҳизб Халифаликни дастлаб барпо қилиш учун фаолият олиб борадиган жой, деб, эътибор қилинмайди.
Ҳа, Ўзбекистон – Халифалик учун таянч нуқтаси бўлишга яроқлидир. Негаки, Ўзбекистон мусулмонлари Исломни севадилар ва ўз динларига интиладилар. Давлат ресурслари ўз фуқаросини эҳтиёжларини таъминлашга ва уларни ҳар қандай ташқи душмандан ҳимоя қилишга қодир.
- Ҳизб ут-Таҳрир халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилоти билан ҳамкорлик йўлга қўйганми? Ва у ташкилотлар қайсилар?
Жавоб: Аслида Ҳизб бирор халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмайди, аксинча, Ўрта Осиё, Россия ва бошқа минтақалардаги мустабид режимлар ўша ердаги мусулмонларнинг, хусусан, даъватни кўтариб чиқаётган Ҳизб ут-таҳрир йигиларининг бошига солаётган зулмни бутун дунёга очиб бермоқда. Шу боис, айрим инсон ҳуқуқлари ташкилотлари айрим масалаларни қабул қилиб, уларни кўрсатишга ҳаракат қилди. Ўша ташкилотлар орасида (ҳуқуқни муҳофаза қилиш маркази “Мемориал”/Ўрта Осиёда инсон ҳуқуқлари маълумот маркази) ва (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилоти) 1999 йили “Ислом Каримов ҳизб ут-таҳрирга қарши” номли брошюра чиқарди. Халқаро “Human Rights Watch” ташкилоти ҳам йиллар давомида Ўрта Осиёдаги мусулмонлар ва Исломий даъватни олиб чиқаётганлар бошига тушаётган зулмлардан бир қанча масалаларни очиб ташлашни ҳаракат қилди.
- Ҳозирда дунёда рўй бераётган сиёсий жараёнларга фикрингиз? Жумладан ИШИД фаолияти ва унинг дунё сиёсатига таъсир қилиши, яъни уларда ягона Ислом давлати барпо қилиш режаси борми ва “Ҳизб ут-Таҳрир” нинг бу борадаги алоқаси?
Жавоб: Бугунги кунда дунё динни ҳаётдан ажратадиган секуляристик фикрат тузоғига тушиб қолган. Шу сабабли, биз бутун дунёдаги одамлар ҳукмрон капиталистик режимларнинг оқибатларидан азоб чекаётганини кўряпмиз. Жаҳоннинг ҳамма бурчакларида золимларни, зулмни, қашшоқликни, аҳлоқсизлик ва зўравонликни тарқатаётган ёвузлик ҳукмрон бўлиб турибди. Чунки биз ҳақиқат кучлилар тарафида бўлган ўрта асрларда яшаётгандек бўлиб қолдик. Капиталистик давлатлар мамлакатимиздаги табиий бойликлар устида бир бири билан курашишмоқда, бизнинг ҳокимларимиз эса мустамлакачи кофир ғарбдаги ўз хўжайинларини рози қилиш учун бизни қурбон қилмоқдалар.
Дунё сиёсатига мабдаси бор давлатлар етакчилик қилмоқда. Мабдаси йўқ давлатлар эса халқаро майдондаги кураш ўйинидаги асбобларга айланиб, худди курашувчи давлат ўйнатадиган қўғирчоқларга ўхшаб қолмоқда. Бунга Ироқ, Сурия ва Яманда рўй бераётган ҳодисалар мисол бўла олади. Чунки мусулмонлар юртларининг барчаси куфр давлатлари ўртасдаги халқаро кураш майдонига айланган.
Бугунги дунё сиёсати мустамлакачилик асосига қурилган. Бизни юртларимиз Ғарб давлатлари томонидан мустамлака қилинган. Бунга Яқин Шарқ яққол мисол бўла олади. Чунки мустамлакачилар Ироққа тишларини қайраб, уни қўрқоқ ҳокимлари орқали бир неча бўлакларга бўлиб юбормоқда. Бир тарафдан “Ироқ шиалари”, бошқа тарафдан “Ироқ суннийлари” ва учинчи тарафдан эса “Курдистон”.
Ироқни 3 қисмга бўлиш ИШИД пайдо бўлишидан анча олдин режалаштирилган эди. Америка Ироқни уч қисмга бўлиш учун бу ИШИДдан фойдаланмоқда. Чунки ИШИД Америка унга чизиб берган ҳудудларда қолмоқда. Агар у чизиб берилган ўша ҳудудлардан ташқарига чиқмоқчи бўлса унга ҳужум уюштира бошлашади.
Дунё сиёсатини мафкуравий асосга эга бўлган давлатлар бошқарадилар, ўз мафкурасига эга бўлмаганлар эса шу сиёсатда қўғирчоқ ва восита бўлиб қолаверадилар, худди Ироқ, Сурия, Яманда бўлаётгани каби. Бугунги кунда сиёсат бизнинг ерларимизни Ғарб давлатлари томонидан мустамлака қилиниши устига қурилмоқда.
Бир давлатни тиклаш ва халқларни кучли Халифалик давлати остида бирлаштириш учун асосий бир фикрат ва давлат учун шундай бир мукаммал дустур бўлиши керакки, Исломий давлатнинг фуқаролари бўладиган инсонлар учун у аниқ ва муайян қонунлар шаклида кўринсин ва бу қонунлар давлатни ичкариси ва ташқарисида одамлар орасидаги алоқаларни аниқ белгилаб, тартибга соладиган бўлсин. Ҳозирги пайтда бундай дастур Ҳизб ут-Таҳрирдан ўзгасида мавжуд эмас. ИШИДга келсак шу кунгача у инсонларнинг ишларини бошқариш, инсонлар, жамият ва давлатни уйғотиш орқали улар унинг асосида яшайдиган бирор программа ёки дастурни ишлаб чиққан эмас. Бунинг устига, балки энг муҳими шуки, ИШИДнинг халифаликни барпо қилиш ҳақида қилган эълони қуруқ гапдан ўзга нарса эмас, унинг воқесида ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Чунки бу ташкилот эълон қилишидан олдин ҳам, кейин ҳам бир қуролли ҳаракатдир. У ҳам бошқа қуролли ҳаракатлар каби ўзаро ҳамда режимлар билан қуролли жанг қилади ва бу гуруҳлар Суриянинг устидан ёки Ироқнинг устидан ёхуд иккаласи устидан салтанат жиҳатдан қулоч ёйган эмас. Сабаби бу ташкилот Сурия устидан ҳам, Ироқ устидан ҳам салтанатга эга эмас, ичкарида ҳам, ташқарида ҳам на хавфсизликни ва на омонликни рўёбга чиқара олган. Ҳатто одамлар томонидан байъат берилган Халифа – ошкоро кўрина олмайди, аксинча, унинг ИШИД эълон қилинишидан олдинги ҳолати қандай бўлса ўшандай ҳолатда қолган! Бу эса Расулуллоҳ САВнинг ҳолатларига зиддир. Чунки Сарвари кинот САВ давлат тикланишидан илгари Савр ғорида яширинишлари жоиз бўлган эди. Лекин давлат тиклангандан кейин ишларни бошқарар, қўшинга қўмондонлик қилар, инсонлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этар, элчилар юборар ва уларни яширинмасдан ошкоро қабул қилар эдилар. Негаки давлат тикланишидан олдинги ҳолати кейинги ҳолатидан фарқ қилади… шундай қилиб, бу ташкилотнинг халифаликни эълон қилиши мазмунсиз қуруқ гап. Бу ҳам ўзидан олдин халифаликни эълон қилганлар каби ер юзида на ҳақиқати бор ва на асослари, балки кўнгилларидаги ниманидир қондириш бўлган холос. Чунки ҳеч бир таянч ҳам, хавфсизлик ҳам, омонлик ҳам бўлмасдан буниси ўзини халифа, деб, эълон қилган бўлса, униси Маҳдийман, деб, эълон қилди ва ҳоказо…! Бундан ташқари бу ташкилот мусулмонларга нисбатан ҳам, бошқаларга нисбатан ҳам амалга оширган, шариатга зид жиноий ишлари кофир Ғарбга, энг аввало Америкага мусулмонлар юртларига ўз нуфузини ёйиш ва уларнинг ресурсларини, хусусан, қора олтин деб аталмиш Нефтни ўз назоратига олиш учун пайдо қилган салибчилик асосидаги Пакт (НАТО) орқали мусулмонлар юртларига аралашишга, шунингдек, Исломий Халифаликни мусулмонлар назаридан хунук қилиб кўрсатишга ва пайғамбарлик минҳожи асосидаги ҳақиқий рошид Халифаликнинг тикланишини ман қилиш ёки тўсишга замин тайёрлади.
- Ҳизб ут-Таҳрир «ОАВ» лари билан ҳамкорлигига қандай қарайсиз?
Жавоб: Бугунги кунда Ҳизб ут-Таҳрир дунёнинг 60 тача мамлакатида фаолият олиб бормоқда ва уларнинг кўпчилигида медиа ваколатхона ва расмий нотиқларига эга. Масалан, Фаластин, Миср, Судан, Индонезия ва бошқалар. Ҳизбнинг Марказий медиа бўлими Ливаннинг Байрут шаҳрида жойлашган.
Ҳизб ут-Таҳрир ўзининг матбуот баёнотлари, сиёсий таҳлилларини, дунёда рўй бераётган ҳодисаларга турли шарҳларини турли оммавий ахборот воситалари (ОАВ)га тақдим этади.
Бизнинг медиа вакилларимиз дунё ахборот агентликларининг турли каналларидаги кўплаб кўрсатувларининг доимий иштирокчиларига айланганлар. Агар сизни қандайдир воқеа-ҳодисалар бўйича саволлар, шарҳлар ёки сиёсий жараёнлар таҳлили қизиқтираётган бўлса, биз албатта бу муаммо ва саволларга кўзқарашимизни тақдим қиламиз. Лекин ҳар бир ОАВ ҳам биздан интервью ололмайди. Масалан, Данияда биз (www.jyllands-posten.dk) нашриётини бойкот қилмоқдамиз, сабаби, бу нашриёт ўз нашрлари орқали бизнинг севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ни очиқчасига ҳақорат қилмоқда, Ислом ва мусулмонларга қарши ёлғон ташвиқот юритмоқда.
- АҚШнинг «Демократия» ниқоби остида олиб бораётган фаолиятига ўз фикрингизни билдирсангиз. Масалан, 1952 йилдан ҳозирги кунга қадар ушбу ниқоб остида АҚШ 18 та ҳудудда инқилоб келтириб чиқарган ва охирги инқилоби Украина бўлса, кейингиларида қайси давлат нишонга олинган бўлиши мумкин?
Жавоб: Америка капиталистик давлат сифатида мустамлакачилик фаолияти билан шуғулланиши ўз мабдасини ёйиш учун унинг тариқатидир. Давлатда бу мафкурани кўтариб чиқар ва сиёсатчилари ҳам бу мафкурага ишонар экан давлат мустамлакачиликни давом эттираверади.
Сўнгги бир неча йил ичида АҚШнинг Ўрта Осиёда фаол ҳаракат олиб бораётгани кузатилди. Американинг кейинги нишони бу Қирғизистон бўлиши мумкин. Чунки Қирғизистон минтақадаги геосиёсий таъсирга эга давлат бўлгани учун АҚШнинг эътибор доирасида қолмоқда.
Америка билан Россиянинг бу минтақадаги таъсир доираси устидаги кураши очиқ кўриниб қолди. Бу ҳақида Россия ОАВлари ҳам гапирмоқда. Масалан, КПРФ сайти қирғиз сиёсатчиларининг АҚШ га борганлигини шарҳлашди. “Қирғизистонда охирги кунларда энг муҳокама қилинаётган воқеа бу мухолифат кайфиятидаги бир гуруҳ сиёсатчиларнинг АҚШ га ташриф буюришлари бўлди… Бу ташриф олдинги ташрифлардан фарқли равишда бу сафар сир тутилмади”.
- Қримнинг РФ ҳудудига қўшиб олинганлигига қандай қарайсиз? Бу ерда Ҳизб фаолият олиб боришадими? Ушбу жараёнлардан сўнг Ҳизбнинг фаолиятида қанақа ўзгаришлар рўй берди?
Жавоб: СССР қулаганидан сўнг собиқ иттифоқ республикалари Ғарбнинг капиталистик давлатлари учун ширин ўлжага айланди. Улар бу республикаларда сиёсий таъсирга эга бўлиш учун очкўзлик билан уларга ташландилар. Украина шундай республикаларнинг биридир. Украинадаги сўнгги воқеалар ва Қримни аннекция қилиниши – бу Россия билан Ғарб ва энг аввало Америка ўртасида бу мамлакатда таъсир доираси учун курашидир. Шундай экан, Қримнинг капиталистлар таъсири ва бошқарувидан Россияга ўтиши ҳеч нимани ўзгартирмади. Система шундайлигича қолди.
Биз инсон ўз Яратувчисининг қонунлари билан яшамоғи лозим, деб эътиқод қиламиз. Инсон қандай қилиб тўғри яшаши лозимлигини фақат Яратувчигина билади. Инсон башар томонидан ўйлаб топилган қонунлар билан яшар экан, одамлар бу қонунларнинг қарама-қаршилигидан азият чекаверади ва бу қонунлар ҳукмрон бўлиб турар экан асло хотиржамлик топмайди.
Ҳизб ут-Таҳрир дунё давлатларидаги золимлар томонидан учраётган зулмларга парво ҳам қилмай ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Россия ҳизб фаолиятини Россия ҳудудида 2003 йил таъқиқлаб қўйди. Украинада эса ҳизбнинг фаолиятига расмий таъқиқ йўқ. Лекин Қримга янги ҳукуматнинг келиши бу қонунни шу ерга ҳам татбиқ қилди. Россия ҳукумати Қримдаги Ҳизб йигитларига қарши тинтув ва қамоққа олиш ишларини олиб бормоқда. Бироқ бу ишлар Ҳизб фаолиятига асло таъсир кўрсатмайди. Бунга ҳизбнинг Россиянинг ўзида ҳам ва Ўрта Осиёда ҳам тақиқланганига қарамай, Ҳизб фаолияти давом этаётгани энг катта далилдир.
__________________
Вас саламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ
Марказий ахборот бўлими аъзоси Ислом Абу Халил
25.04.2015й.