Хитой ҳукумати тарафидан тайёрланган “Жиноятчиларни ватанига қайтариш” битимини маъқуллаган Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги мусулмон уйғурларни бутпараст Хитойга топширишни қабул қилганлиги куннинг асосий мавзусига айланди. Тожикистон ва Хитой ўртасида имзоланган мазкур битимга кўра, тожикистонда жон сақлаб юрган мусулмон уйғурлар коммунист Хитой ҳукуматига топшириладиган бўлди.
BBC ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Тожикистон олий мажлиси “Жиноятчиларни ватанига қайтариш” битимини тасдиқлаган. Тожикистон бош прокрори Юсуф Раҳимов икки давлат ўртасида имзоланган бу битим натижасида Хитойда қўлга олинган Тожикистон фуқароларини ватанга қайтариш имконияти туғилишини билдирди.
“Asia News” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, узоқ йиллардан буён уйғур фаолларини қўлга кирита олмай юрган Хитой ҳукумати учун ҳам бу битим айни муддаодир. Тожикистон билан ўтказилган битим орқали Хитой бутун Ўрта Осиё давлатларида юрган мусулмон уйғурларни Хитойга қайтариш битимини имзолаш жараёнини тамомига етказди. Хитойга топширилган мусулмон уйғурларни эса умрбод қамоқ жазоси ёки ўлим жазоси кутаётгани шубҳасиз.
Хабарларга кўра, халқаро ташкилотлар бу турдаги битимларга шубҳа билан қарашмоқда. Шарқий Туркистонда яшаётган мусулмон этник уйғурлар давлат қамоқхоналарида оғир кунларни бошидан кечираётгани бутун дунёга кундек равшан. Хитой ҳукумати мустақилликни талаб қилган уйғур фаолларини террористликда айблаб оғир жазога тортиб келади.