Қирғизистон Қуролли кучлари Бош штаби матбуот хизматининг хабар қилишича, Қирғизистонга Туркия қуролли кучларининг 7 нафар генерал ва адмираллари танишув сафари билан келишди. 12 май куни Бош штаб етакчиси Асанбек Алимкожаев турк делегацияси билан учрашди.
Турк делегацияси аъзолари Бош штаб ва Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, Бишкек гарнизони етакчи офицерлари билан учрашувлардан ташқари “Қант” авиабазаси, “Манас” қирғиз-турк университети ва “Достон” компаниясига ташриф буюриш ниятида эканликлари хабар қилинмоқда.
“Ташрифдан асосий мақсад – икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни кенгайтириш ва кучайтириш, шунингдек, икки давлат Қуролли кучлари ўртасидаги маданий алоқаларни йўлга қўйишдан иборат”, – дейилади матбуот хизмати хабарида. Туркия ҳарбийлар 15 май куни жўнаб кетади.
Турк ҳарбийлар жўнаб кетиши ортидан Покистон Бош вазири Навоз Шариф 20-21 май кунлари расмий ташриф билан Туркманистон ва Қирғизистонга келади.
Хабар қилинишича, ташрифдан асосий мақсад ТАПИ ва CASA-1000 номини олган қўшма энергетика лойиҳаларни мухокама қилишдан иборат.
Юқори даражадаги музокаралар давомида энергия таъминоти дастурларини мухокама қилиш режалаштирилган. Хусусан, Покистон ҳукумати 2018 йилга бориб энергетик инқирозни хал этиши учун Туркманистондан газ ва Қирғизистондан электр энергияси етказиб берилиши миқдорини ошириш масалалари кўриб чиқилади.
Турукманистондан сотиб олинадиган газнинг миқдори Афғонистон ва Покистон орқали Ҳиндистонга ўтиши режалаштирилган янги газ қувури (ТАПИ)ни ишга тушириш ҳисобига оширилиши кутилмоқда.
Навоз Шарифнинг Қирғизистонга уюштирадиган расмий сафари давомида ёз мавсумида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини Покистон ва Афғонистонга (CASA-1000) лойиҳасини мухокама қилиш режалаштирилгани хабар қилинмоқда.