Россия божхона хизматининг раҳбари Андрей Бельянинов Россиянинг дўсти ҳисобланган Миср ва Иордания давлатларидан озиқ-овқат маҳсулотлари осонлик билан Россия бозорларига кириб келиши учун “Яшил йўлак”ни ташкил қилганлигини эълон қилди.
Россия ҳукумати 2014 йилнинг август ойидан бошлаб Қўшма Штатлардан ҳамда Россияга қарши санкцияга қўшилган бошқа давлатлардан баъзи турдаги озиқ овқат маҳсулотларини, хусусан мевалар ва сабзавотларни мамлакатга олиб кирилишини таъқиқлаб қўйган эди.
Россия божхона хизматининг раҳбари рус парламенти аъзоларига ҳисобот берар экан, Россия божхона бошқармаси таъқиқланган маҳсулотларни ноқонуний йўллар орқали мамлакатга олиб киришга бўлган уринишларнинг олдини олишини таъкидлади.
Андрей Бельянинов айни пайтда божхона хизмати Россияга дўст бўлган давлатларнинг маҳсулотларини рус бозорларга кириб келишини осонлаштириш учун фаолият олиб бораётганини билдирди. Унга кўра, Миср ва Иордания давлатларидан келадиган озиқ-овқат маҳсулотлари осонлик билан Россия бозорларига кириб келиши учун “Яшил йўлак” ташкил қилинган. Андрей Бельянинов. “Яшил йўлак”ни барпо қилишдан мақсад ҳўл мевалар ва сабсавотлар каби тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг имкон қадар тезроқ Россия бозорларига кириб келиш эканлигини таъкидлади.
“Миср, Иордания ва Туркияга бордик. Ҳўл мевалар ва сабсавотлар каби тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари учун “Яшил йўлак” барпо қилиш борасида таклифларимизни ўртага қўйдик”, деди божхона хизматининг раҳбари.
Шунингдек, Россия божхона хизматининг раҳбари айни масала бўйича Озарбайжон ва Ўрта Осиё давлатларидаги хамкасблари билан ҳам алоқалар ўрнатаётаганини билдирди.
Бошқа бир тарафдан Миср тадбиркорлари уюшмаси экспотр кенгашининг раҳбари Мустафо Нажжорий Россиянинг “Яшил йўлак”ни барпо қилиш эълони албатта Мисрни ҳам ўз ичига олишига урғу берди. Нажжорийга кўра, Миср Россияга апелсин, картошка, пиёз, қулупнай ва Узум каби мевалардан бир йилда бир миллион тонна маҳсулот етказиб беради. Бу маҳсулотлар “Яшил йўлак” орқали 6 кун билан 15 кун оралиғида Россия бозорларига етказилиши мумкин.