Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларини Россияга қўшиб олиш бўйича келишувлар имзоланади

209
0

Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларини Россияга қўшиб олиш бўйича келишувлар имзоланади

 Хабар: 30 сентяб куни Кремлда Россия таркибига янги ҳудудларни қўшиш бўйича келишувларни имзолаш маросими бўлиб ўтади. Бу ҳақда РФ президенти матбуоти котиби Дмитрий Песков маълум қилди. Россия парламентининг икки палатасида ҳам Украина ҳудудларини аннексия қилиш бўйича овоз бериш жараёни фақат кейинги ҳафтада ўтказилиши кутилмоқда. Шундан кейингина Путин бу қўшилишни Россия Конституциясида мустаҳкамлаб қўйиши мумкин.

 “Эртага Георгиевский залида соат 15:00 да Россия Федерациясига янги ҳудудларни қўшиб олиш бўйича келишувларни имзолаш маросими бўлиб ўтади. Путин катта чиқиш қилади”, – деган Песков.

 Унинг сўзларига кўра, Россия президентининг бу нутқи Федерал мажлисга мурожаат бўлмайди, бу кейинроқ ўтказилади.

 Песков президент “ДХР” ва “ЛХР” раҳбарлари, шунингдек Херсон ва Запорижжя областларининг Россия томонидан тайинланган раҳбарлари билан “маросим майдонида” гаплашишини қўшимча қилган.

 Изоҳ: Россиянинг Украинага қарши бошлаган “махсус амалиёти” Путин кутган натижани бермади. Путин орзу қилган тезкор ғалаба ва маҳаллий аҳолини рус қўшинларини гуллар билан кутиб олиши қуруқ ҳаёлдан бўлиб чиқди. Россиянинг ҳарбий қуввати шиширилган шардан бошқа нарса эмаслиги, Путин олигархлари халқ бойликларига эга чиқиб, талон-тарож қилгани каби, юқори мартабали рус зобитлари ҳам ҳарбий бюджет учун ажратилган миллардлаб долларни еб юборгани, рус ҳарбий қувватидан асар ҳам қолмаганини фош этиб қўйди. Украина уруши чўзилиб боргани сари рус армияси ҳолдан тойиб, ҳарбий техника ва ҳарбийлар етишмовчилигига дуч кела бошлади. Шу сабабли 21-сентябрда Путин чекланган мобилизация эълон қилди. Бу рус армияси Украинада мағлубиятга учраётганини англатади.

 Путиннинг бу урушда ғалаба қозониши ёки ҳеч бўлмаганда мағлибиятини яшириш учун рус халқининг ватанпарварлик туйғуларини қўзғотиши, Укранинани гўёки босқинчи давлат сифатида кўрсатишга эришиши керак. Шу сабабли ҳам Россия шошилинч тарзда босиб олинган ҳудудларда Россия таркибига қўшилиш бўйича референдумлар ўтказди. Ушбу референдумларда аҳолининг аксари Россия таркибига “қўшилишни ёқлаб овоз берди”. Эртага Путин “ДХР” ва “ЛХР”ни расман Россия таркибига қўшилганини эълон қилса, энди гўёки Украина армияси Россия ҳудудларини босиб олиш учун уруш олиб бораётган, Россия эса “ватан яҳлитлиги учун” жанг қилаётгандек бўлиб қолади. Бу эса яқин келажакда Путинга оммавий мобилизация эълон қилиш имконини беради.

 Бундан ташқари, КХШТ шартномасининг 4-моддасида белгиланган “аъзоларидан бирининг хавфсизлиги, барқарорлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига таҳдид соладиган қуролли ҳужум барча аъзо давлатларга нисбатан тажовуз сифатида қабул қилинади” деган асос билан Россия ўз ҳудудига Украина томонидан “босқин” бўлаётганини даъво қилиб, КХШТга аъзо давлатларни ҳам бу урушга тортиши учун йўл очилади.

 Абдураҳмон Одилов       

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here