Эрдоган Эронга сафар қилди

0
602

Бир кунлик расмий сафар билан Эронга йўл олган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоганни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳарбий маросим билан кутиб олди.

Эрдоганнинг расмий машинаси “Саъдобод” саройига кириб борар экан, унга отлиқ ҳарбийлар пешвоз чиқишди. Отлиқ аскарлар ҳамроҳлигида саройга кирган Эрдоганни ҳарбий маросим майдонида Руҳоний кутиб олди. Икки раҳбар қучоқлашиб кўришгач, Эрдоган ва Руҳонийнинг бир муддат қўл ушлашиб юриши диққатни ўзига жалб қилди.

Туркия президентлигининг сўзчиси Иброҳим Қалин учрашув чоғида икки тараф учун ҳам муҳим саналган Сурия, Ироқ, Яман ҳамда Ўрта шарқда юз бераётган ҳодисалар муҳокама қилинганлигини маълум қилди.

Маълумки, Саудия бошчилигида Кўрфаз давлатлари Яманга ҳаводан ҳужум бошлаган. Ҳужумда Эрон тарафидан дастакланиб келинаётган Ҳусийлар нишонга олинмоқда. Туркия бу борада Саудия Арабистонини дастаклашини очиқлади. Яманга ҳаво ҳужуми бошланганидан бир кун ўтиб президент Эрдоган Эрон ҳукуматига қарата “Эрон деярли бутун минтақага ҳукмронлик қилиш учун ҳаракат қилмоқда. Бу эса бизни ва Кўрфаз давлатларини тинчсизлантира бошлади. Ҳақиқатдан ҳам бунга жим қараб туриш мумкин эмас”, деган эди.

Туркиянинг бу баёнотига Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф бироз юмшоқроқ жавоб қайтариб “Мавжуд ҳолатда барча давлатлар минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун ҳаракат қилишдари лозим”, деди. Аммо Эрон ташқи ишлар вазирлиги эса Туркиянинг Теҳрондаги вакилини чақириб нота топширди. Миллий хавфсизлик ва ташқи ишлар қўмитасининг раҳбари Мансур Ҳақиқатпур ҳам Эрдоганнинг Эронга сафарини бекор қилинишини талаб қилди.

Аммо Эрдоганнинг “Эронга бориш ёки бормаслигимизни биз белгилаймиз”, деганидек сафар амалга оширилди. Сафар асносида Эрон ва Туркия ўртасида энергия, соғлик тизими ва маданият соҳалари каби 8та битимга имзо чекилди.

Тарафлар ўртасидаги учрашувлар тамомига етгач, икки раҳбар иштирокида матбуот анжумани ташкил қилинди. Анжуманда Сурия ва Ироқ ҳақида урғу бериб сўз юритган Эрдоган Яманни тилга олмади. Аммо Тркия президентлиги манбаларидан олинган маълумотларга кўра, Эрдоган ва Руҳоний ўртасида Яман масаласи тўлалигича батафсил муҳокама қилинган. Эрон президенти Руҳоний ҳам Яман масаласи ҳақида батафсил муҳокама олиб борилганлигини билдирди.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, президент Эрдоган Эронга сафар қилишидан олдин Саудия ички ишлар вазири ва валиаҳд вакили шахзода Наиф билан учрашув ўтказди. Расмий сафар билан Анқарага келган шахзода Наиф ва Эрдоган ўртасида кечган суҳбат 1 соат 40 дақиқа давом этди.

NO COMMENTS