Жорий йилнинг 2-3 март кунлари Бишкек шаҳрида Қирғизистон Стратегик тадқиқотлар миллий институти ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг терроризмга қарши кураш маркази билан ҳамкорликда “Марказий Осиёда зўравон экстремизм ва диний радикалашувга қарши курашда ҳукумат органлари ва илмий-тадқиқот институтлари сай-ҳаракатларини бирлаштириш” номи остида форум уюштирган ва бу форумда Марказий Осиёда жойлашган барча республикалар куч органлари вакиллари иштирок этишган ва экстремизм ва терроризмга қарши курашда куч органлари ҳамда илмий институтлар ҳамкорлигини кучайтиришга келишиб олишган эди.
Орадан бир ҳафта ўтиб, 11 март куни яна Бишкек шаҳрида экстремизм ва терроризмга қарши курашга бағишланган Марказий Осиё уламолари форуми ташкиллаштирилиб унда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан диний уламо вакиллари иштирок этган эди.
Энди эса навбат Ички ишлар вазирлиги ходимларига келди. Қирғизистон ИИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, 26 март куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган экстремизмга қарши кураш бўйича навбатдаги халқаро форумда Марказий Осиё республикалари Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирок этишади.
Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур форумни ўтказишдан мақсад – Марказий Осиё республикалари ички ишлар органлари (милиция)нинг экстремизм ва терроризмга қарши курашда ҳамкорлик ва мулоқотларини кучайтиришдан иборат.
Мазкур халқаро форум Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Бош бошқармасининг 10- бўлими томонидан Search for Common Ground нодавлат ташкилоти (НПО) ва Бишкекдаги Буюк Британия элчихонаси кўмагида ташкиллаштирилмоқда. Форумда Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон ИИВ терроризмга қарши кураш бўлими раҳбарлари ва экспертлари иштирок этишади.
Туркистон:
АҚШ томонидан пайдо қилинган ва имкон қадар ваҳимали қилиб кўрсатишликка ҳаракат қилинаётган “ИШИД” таҳдиди кўпчилик давлат раҳбарлари, хусусан, Марказий Осиёда давру-даврон суриб келаётган мустабид режимларнинг тинчини ўғирлаб қўйди. Америка ҳукумати чизган чизиқдан бир қарич ҳам четга чиқишга қодир бўлмаган Афғонистон ҳукумати ҳам ўз ҳудудида “ИШИД” пайдо бўлгани ва алақачон ўрнашиб, ўзи учун база барпо этгани ва ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳақида тинимсиз аюҳаннос солиб, йўқ ваҳимани янада бўрттириб кўрсатишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. АҚШ бу ваҳималар ортидан Афғонистонда қолиш муддатини муддатсиз ортга суриш ва унга қўшни бўлган республикалар билан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий шартномалар тузиш орқали ўз таъсир кўламини кенгайтиришда фойдаланиб қолишга қаратган.
Ўз навбатида Россия ҳукумати ҳам бу ваҳимадан минтақада ўзининг ҳарбий иштирокни янада кучайтириб олиш йўлида фойдаланиб қолмоқчи. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Бош котиби Николай Бордюжа 17 март куни Москвада қозоғистонлик журналистлар билан бўлган учрашувда, “Толибон” ва “ИШИД”ни Марказий Осиёга суқилиб кириш истаги борлиги ҳақида маълумотлар келаётганини айтиб, Ўзбекистон ва Туркманистонни бу ташкилот билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётганидан нолиган бўлсада, 24 март куни “Хроника Туркменистана” нашри Туркманистоннинг Афғонистон билан чегарасида Ўзбекистон чегара наряди ва Россия ҳарбий мутахассислари пайдо бўлган ҳақида хабар қилди. Бундан бир кун олдин эса, Россия Тожикистонда жойлашган ҳарбий базасига 100га яқин БТР-82А русумидаги бронетранспортёрларни олиб келиши маълум бўлди.
Марказий Осиё мустабидлари эса бу ваҳимадан ўз режимларини мустахкамлаш, Ислом ва мусулмонларга қарши зулмларини янада кучайтиш йўлида фойдаланиб қолишга инитилишмоқда. Россия ва қўшни республикалар томонидан Марказий Осиёдаги энг заиф ва исломийлашиш даражаси ўта юқори бўлган, деб эътироф этилаётган Қирғизистон ҳукумати ҳам юқоридаги форумларга мезбонлик қилиш орқали ўзини улар билан бир кемада эканлигини исботлашга уринмоқда.