Қирғизистон ҳукумати ва куч органлари томонидан сўнгги вақтларда илгари сурилаётган исломий таҳдид ва Қирғизистон фуқароларини Сурия, Ироқ ва Афғонистонга чиқиб кетиши ва у ерларда ҳарбий тайёргарликдан ўтгач қўпорувчилик ҳаракатларини содир этиш мақсадида ортга қайтаётганлари ваҳимаси Қирғизистоннинг расмий оммавий ахборотлари орқали тарқатиш ва янада бўрттириб кўрсатилиши одатий ҳолга айланиб қолди.
Куч органлари мамлакатнинг гоҳ у ерида, гоҳ бу ерида террористлар қўлга олингани, тинтув вақтида ўқ отар қурол ва портловчи моддалар топилгани ҳақида деярли тўхтовсиз маълумотлар бериб келишаётган бир вақтда “Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати Луганск халқ республикаси айримачилари томонида жанг қилган ва махлум муддатдан сўнг ортга қайтган Қирғизистон фуқароси билан интервьюни эълон қилди.
Манаснинг (исми ўзгартирилган) айтишича, Луганск халқ республикаси деб номланган ҳудудда 17 нафар қирғизистонлик ҳарбий амалиётларда иштирок этмоқда. Унинг ўзи ҳам 27 бор ҳарбий амалиётларда иштирок этгани ва кейинчалик умидлари пучга чиққач ортга қайтганини айтиб ўтди.
Қирғизистон фуқароларини россияпараст айримачилар сафида жанг қилаётганлиги ҳақидаги мазкур хабар биринчиси эмас. Аввалроқ, 2015 йилнинг 10 феврал куни казак атаманининг собиқ ёрдамчиси Игор Трофимов “AKИpress”га Украина шарқидаги айримачилар сафида 20 нафар қирғизистонлик кўнгиллилар жанг қилаётганини хабар қилган эди. Аммо Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) бундай маълумотларга эга эмаслиги ҳақида хабар қилган эди.
Шу ўринда ерда табиий савол туғилади. Нима учун расмий ҳукумат “исломий таҳдид” ёки Сурияга чиқиб кетаётганлар тўғрисида тинмай хабар тарқатмоқда-ю, расмий Украина ҳукуматига қарши россияпараст кучлар сафида жанг қилаётган фуқароларига панжа ортидан қарамоқда? Ҳолбуки ҳар икки ҳолатда ҳам қирғиз фуқаролари қўда қурол билан жанг қилмоқда ва табиийки ўз навбатида ҳарбий махоратларини ҳам ошириб боришмоқда.
Қирғизистон расмий ҳукуматини россияпараст айримачилар сафида жанг қилаётган ўз фуқароларини сезмасликка ва буни жамоатчиликка ошкор қилинмасликка интилишига Россия билан иттифоқдошлиги ёки буни ваҳима қилиб кўтаргани билан ҳеч ким моддий ёрдам кўрсатмаслиги сабаб бўлмоқдами?
Бундан фарқли равишда Ислом таҳдиди қанчалик кўп ваҳимали қилиб кўрсатилса, Россия, Хитой, АҚШ ва Европа давлатларидан шунча кўпроқ ёрдам олиш ва бу орқали иқтисодда вужудга келган йиртиққа ямоқ солиш имкони пойдо бўлиши мумкин бўлганлигидан ҳам расмий ҳукумат асосий эътиборини Ислом ва мусулмонларга қарши курашга қаратмоқда.