НАТО Қирғизистондан битим муддатини узайтиришни талаб қилмоқда

721
0

  16 феврал куни Жогорку Кенешнинг халқаро ишлар бўйича қўмитаси аъзоларига Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигининг 2014 йилги фаолияти тўғрисида маълумот берилди.

 Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаевнинг сўзларига кўра, 2014 йилда Қирғизистоннинг НАТО билан ҳамкорлигининг устивор йўналишлари сиёсий мулоқотни давом эттириш, биринчи навбатда амалдаги ҳарбий хизматчилар учун ўқув, собиқ ҳарбий хизматчиларни фуқаролик ҳаётига мослаштириш дастурларини амалга ошириш каби ноҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўлган.

 “НАТОнинг Афғонистонда бошлаган янги вазифасига мувофиқ, ташкилот 2015 йилнинг январидан  Қирғизистон олдига Хавфсизликка кўмаклашиш халқаро кучлари (ISAF)га тегишли юкларни Қирғизистон ҳудуди орқали олиб ўтиш тўғрисидаги битимни узайтириш масаласини қўймоқда”, – деди Абдилдаев.

 Вазирнинг маълум қилишича, шу муносабат билан 2015 йилнинг 10 январ куни Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигида НАТОнинг Афғонистонда бошлаган “Қатъий кўмак” номли янги миссияси учун юкларни транзит қилишда Қирғизистон иштироки масаласи бўйича вазирликлараро учрашув бўлиб ўтган.

 “Учрашув якунида (ISAF) юкларини Қирғизистон ҳудуди орқали олиб ўтиш бўйича 2012 йил 21 майда эришилган келишувга ўзгартиришлар киритиш бўйича алохида ҳужжат ишлаб чиқиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилинди”, – деди Ташқи ишлар вазири.

 Туркистон:

Қирғизистоннинг аввалги икки президенти Акаев ва Бакиевларни ҳокимиятдан ағдариш учун етарли сабаб бўлган “Манас” авиабазаси масаласи яна қайта ўз долзарблигини намоён қилмоқда.

  Акаев ҳам, Бакиев ҳам Россияга “Манас” аэропортидан АҚШ ҳарбий базасини чиқариб юборишга ваъда бериб, кейинчалик ўз ваъдаларига вафо қилмаганликлари учун Россия томонидан қаттиқ жазоланишган эди.

  Ўзининг ўтмишдошлари қисматидан хулоса чиқарган Атамбаев 2014 йилнинг июл ойига бориб  АҚШ билан ҳарбий база муддатини узайтириш ҳақида ҳеч қандай сўз бўлмаслиги ва ҳарбий база чиқариб юборилишлиги ҳақида Россияга ваъда берди ва қайсидир маънода ўз сўзини устидан ҳам чиқди. Ўз навбатида АҚШ Қирғизистоннинг бу талабларига ҳеч қандай эътироз билдирмай “Манас”дан чиқиб кетди. Пентагоннинг расмий вакили подполковник Кэти Уилкинсон эса “бундан буён Афғонистондаги ҳарбий амалиётларни Руминиянинг Констанца шаҳрида жойлашган Михаил Когэлничану номли аэропортдан қўллаб  турилади”, деган эди.

  Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаевнинг бугун берган хабари эса, “Манас” аэропортидан чиқиб кетиш орқали АҚШ шунчаки бир сиёсий чекиниш қилгани ва осонликча Қирғизистондан воз кечмаслигига далолат қилмоқда.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here