Босқинчи Хитой ҳукумати Шарқий туркистоннинг Урумчи шаҳридаги масжид имомларини бутун халқнинг кўз ўнгида ўйинга туширди.
66 йилдан буён босқинчи Хитой назорати остида азият чекиб келаётган Шарқий Туркистонда кундан кунга зулм ортиб бормоқда. Коммунист Хитой ҳукумати Ислом уммати бошидан кечираётган зайифликни кўриб ўзини жасур ҳис қиляпти. Шунинг учун у 1000 йиллик Исломий тарихга эга бўлган Шарқий Туркистон мусулмонларига деярли ҳар кун Ислом дини фарз қилган ибодатларни таъқиқлаб, Исломий қадриятларни ерга урадиган мажбурий қўлланмалар киритмоқда.
Ҳукуматга қарашли “Синхуа”расмий ахборот агентлиги охирги марта 3 феврал куни Шарқий туркистоннинг Урумчи шаҳрида йиғилган масжид имомлари бутун халқнинг кўз ўнгида ўйинга тушганлигини намойиш қилди. Шарқий туркистонлик имом хатиблар Хитой ва Уйғур тилларида “юрт барқарорлиги кўнгилларга оромдир” деб ёзилган қизил баннерлар ва Хитой байроқларини кўтариб олган халқ олдида ўйинга тушишди.
“Синхуа” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Хитой ҳукумати масжид имомларини халқнинг кўз ўнгида ўйинга тушганига қаноат ҳосил қилмай, уларни Урумчи шаҳар ўрта мактаб ўқувчилари ва уневерситет талабалари қошида ҳам қўлларига Хитой байроғини ушлатиб ўйинга туширган.
Босқинчи Хитой ҳукумати Шарқий Туркистонлик ёшларни ҳам мажбуран ўйинга тушириб “Ўйинга келинг, масжидга борманг. Саломатлик учун ўйин яхшидир, дин эмас”, деган шиорларни айттирди. Бундан ҳам қаноат ҳосил қилмаган коммунистик ҳукумат давлат муассаларида ишлаётган уйғур маъмурларининг қўлларига Хитой байроғини ушлатиб, “Сизга пул бермаган Аллоҳнинг эмас, балки пул бераётган партиянинг ёнида бўлинг”, деган шиорларни айттириб, жамоатчиликнинг кўз ўнгида ўйинга туширишдан ҳам тап тортмади.
Бу каби жиноятлар Шарқий Туркистонлик ўқитувчи муслима аёлларни ҳам четлаб ўтмади. Хитой ҳукумати давлат байроғи олдида улардан қасамёд олди. Қасамёдда жумладан шундай дейилади: “Диндан узоқ туришга, ўқувчиларим ва болаларимнинг диний таълим олишига тўсқинлик қилишга онт ичаман”.