Россия пул бирлиги рублнинг охирги пайтларда ўта қадрсизланиши собиқ СССР таркибида бўлган тўққиз давлат иқтисодига, хусусан Ўрта Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон иқтисодига катта таҳдид туғдираётгани айтилмоқда. Жаҳон банкининг мутахассисларига кўра, 2015 йилда рублнинг қадрсизланиши сабабли мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) таркибидаги давлатлар 10 миллиард доллардан ортиқ даромаддан маҳрум бўлишади.
Рублнинг қадрсизланиши оқибатида аввалги даромадларини қўлга кирита олмай қолган жуда кўп меҳнат муҳожирлари Россияни тарк эта бошлади. Бу эса бир тарафдан Россиянинг иқтисодига зарар келтирса, иккинчи тарафдан меҳнат муҳожирлари қайтиб кетаётган мамлакатларда ишсизликнинг яна ҳам ортишига сабаб бўлади.
Жаҳон банкининг билдиришича, Россияда ишлаб юрган ўзбек меҳнат муҳожирлари тарафидан мамлакатларига юборилаётган маблағлар Ўзбекистон иқтисодининг 12 фоизини ташкил қилади. Шу боис ишчиларнинг Россиядан қайтишлари оқибатида Ўзбекистонда жиддий муаммо юзага келиши кутилмоқда.
Бир АҚШ доллари айни пайтда 65 рублга баҳоланмоқда. Сўнгги тўрт ой ичида Россия рубли икки баробарга яқин қийматини йўқотди. Туркманистон пул бирлиги манат эса фақатгина бир ойнинг ўзида 19 фоиз қадрини йўқотди. Қирғизистон ва Тожикистон ҳам юқори даражада инфляция таҳдиди остида қолмоқда.