Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев даврида Ўш шаҳрининг ҳокими этиб тайинланган ва Бакиев 2010 йилги оммавий намойишлар ортидан ҳокимиятни ташлаб қочиб кетгандан кейин ҳам Ўш шаҳри ҳокими лавозимида қолган Мелис Мирзакматов ўтган йилнинг 5 декабрида Қирғизистон Бош вазири буйруғи билан ишдан олинган эди.
27 ноябр чоршанба куни Қирғизистон бош прокротураси Қирғизистон Жиноят Кодексининг 304-моддасига кўра, собиқ ҳокимни айбдор деп топди. Ўш шаҳар суди уни қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. Хабарларга кўра, Мирзакматов хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш, мамлакат қонунларини бузишликда айбланмоқда.
Қирғизистон бош прокротурасининг вакили Алманбет Абдрамановнинг билдиришича, Мирзакматов ўтган йили икки марта ноқонуний тендер ўтказганлиги сабабли мамлакат бюджетига 27 миллион сомдан ортиқ зарар келтирган.
“Тергов натижасида Мирзакматов Мелисбек Жоошбаевич ҳокимлик мансабини эгаллаб турган пайтда Қирғиз республкасининг бир қанча қонунларини бузганлиги аниқланди. У Ўш шаҳрида кўп миқдорда сарф харажат талаб қиладиган қурилиш ишларини бошлашга ўз бошимчалик билан буйруқ берган. Ўшда қурилаётган катта кўприкнинг техникавий ва иқтисодий таянчи ва ҳеч қандай лойиҳаси бўлмай туриб, унга пул ажратилган. Мирзакматовнинг ишлари кўриб чиқилгандан сўнг 304-моддага кўра, унинг устидан жиноий иш қўзғатилди. Шу куннинг ўзида Ўш шаҳар суди тарафидан қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарилиб, қидирув эълон қилинди”, деди Алманбет Абдраманов.
Миллатчилиги билан танилган Мелис Мирзақматовнинг ўзи ҳозир қаердалиги номаълум. Шунинг учун ҳозирда унга қидирув эълон қилинган. Унинг тарафдорлари бу қарорни “Сиёсий қувғин”, дея баҳолашмоқда.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, Мирзақматов ўтган йили вазифасидан озод қилинишидан аввал Атамбаев ҳукумати уни уч йил давомида лавозимидан бўшатишга бир неча маротаба уринган, бироқ эплай олмаган эди. Сўнгра 2013 йилнинг декабрида Қирғизистон Бош вазири буйруғи билан ишдан олинди.