Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоган АҚШ президентининг ёрдамчиси Жо Байден билан учрашди. Эрдоган ва Байден Бейлербейи саройида 3,5 соатга яқин давом этган учрашувдан сўнг журналистлар учун матбуот анжумани ташкил қилди.
Президент Эрдоган учрашув ҳақида сўз очар экан, “Ўзаро маслаҳат қилиб олганимиз жуда кўп мавзуларда АҚШ билан ҳамфикр эканлигимизни мамнуният ила маълум қилишни истардим”, дея очиқлади.
Эрдугон АҚШ ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликларни юқори баҳолади. Унинг таърифлашича, шерик ва дўст сифатида стротегик ҳамкорликдан намунавий ҳамкорликка ўтиш даврини муваффақиятли босиб ўтган икки давлат Ўрта Шарқдан Афғонистонгача, Болқондан Кавказгача чўзилган минтақаларда яқин ҳамкорлик ўрнатган. Бу ҳамкорлик халқаро тинчлик ва барқарорликни муҳофаза қилиш, “террор” ва “экстримизм”га қарши кураш, энергетика хавфсизлиги ҳамда оммавий қирғин қуроллар тарқалишини олдини олиш каби бир қанча муҳим масалаларни рамкага солган.
“АҚШ билан ҳамкорлигимизни яна-да кучайтирган ҳолда давом эттириш истагидамиз. Муҳтарам Байден билан бироз аввал ўтказган учрашувимизда ва ундан сўнг Байденнинг шарафи учун тузатилган дастурхон атрофида бу мавзуда суҳбат ўтказишга фурсат топдик. Биринчи даражали масала сифатида Сурия ва Ироқдаги ИШИД таҳдиди борасида атрофлича гаплашиб олишга имкон топдик. Албатта бу мавзуда атрофлича, батафсил музокараларни бугунга қадар давом эттирдик ва яна давом эттираверамиз”, деди президент Эрдоган.
Шунингдек, Туркия президенти учрашув чоғида айни шаклда Қибрис, Украина, Кавказ, Афғонистон ва барча чегарадош минтақаларда юзага келган охирги ҳодисалар ҳақида баҳс мунозаралар ўтказишга имкон топилганлигини ҳам айтиб ўтди.