2014 йилнинг 10 июл куни қирғиз-тожик чегарасида икки давлат чегара хизматчилари ўртасида навбатдаги отишма бўлиб ўтди. Хабар қилинишича, Боткен вилоятида мазкур ходиса юзасидан тезкор йиғилиш бўлиб ўтган.
Аввалроқ, Боткен вилоят губернатори Жениш Разақов 10 июлдан бошлаб Кўктош-Оқтош-Томдиқ айланма йўлининг қурилиши бошланиши ва йўл қурилишини қайта бошланиши Тожикистон ҳукумати билан олиб борилган музокаралар натижасида қабул қилингани ҳақида хабар қилган эди.
Мазкур йўлнинг қурилиши 2014 йил 11 январ куни бир нечта одамни жароҳатланишига олиб келган қирғиз-тожик чегарачилари ўртасидаги отишмадан сўнг тўхтатиб қўйилган эди.
Қирғизистон давлат чегара хизматининг жамоатчилик ва ОАВлари билан алоқалар бўлимининг хабар қилишича, 10 июл куни тожик чегарачилари “Томдиқ” чегара постида жойлашган Қирғизистон чегарачиларини миномёт ва гранатомёдлардан ўққа тутган.
Ўз навбатида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги юз берган ходиса юзасидан Қирғизистон ҳукуматига расмий нота юборди.
Тожикистон ТИВ юборган нотада айтилишича, “10 июл куни маҳаллий вақт билан соат 11:30ларда Тожикистон республикаси Исфара туманидаги “Воруҳ” қишлоқ хўжалигидаги маҳаллий аҳоли труба ётқизиш ишлари билан шуғулланиб турган вақтда “Томдиқ” чегара постида хизмат ўтаётган қирғиз чегарачилари келиб уларни хақорат қилиб, ишни тўхтатишни ва бу ердан кетишни талаб қилишган. Шу атрофда турган тожик чегарачилари вазиятни билиш ва қирғиз ҳамкасбларини тинчлантириш учун келишган. Бунга жавобан қирғиз чегарачилари тўсатдан автомат қуролдан ўқ узишни бошлаб юборишган. Натижада етти нафар тинч аҳоли ва бир тожик чегарачиси ярадор бўлган. Бир тожик фуқароси олган жароҳати сабабли ходиса жойида халок бўлган. Шуни қайд этиш керакки, тожик чегарачилари бирорта ҳам ўқ отишмаган”.
Бундан ташқари Воруҳ анклавида яшовчи тожик фуқароларининг гувоҳлик беришича, мазкур отишмада Тожикистоннинг икки фуқароси халок бўлиб, камида тўққиз фуқаро яраланган. Гувоҳлардан бири, “икки ярадор халок бўлгани”ни айтиб, уларнинг иккови ҳам тинч аҳоли бўлганлигини қўшимча қилди.
Унинг сўзларига кўра, анклавдаги вазият қалтис, “маҳаллий аҳолининг асаблари таранг”. Воруҳлик бошқа гувоҳнинг айтишича, айни вақтда ходиса жойидан юқорироқда жойлашган Хўжа Аъло қишлоғидаги йўл ёпиб қўйилган. “Ҳар икки томонда Тожикистон ва Қирғизистон чегарачилари туришипти”.