Исроил ташқи ишлар вазири Авигдор Леберман Исроил ва Туркия алоқаларини яқин кунлар ичида яхшиланишига умид билдирди. 2010 йил Исроил ҳарбийлари Мовий Мармара кемасига ҳужум уюштириб турк фуқароларини ўлдириши ортидан Туркия билан Исроил ўртасида совуқлик юзага келган эди.
Исроил ташқи ишлар вазирининг бу истаги охирги ҳафталарда Туркия масъулларининг Исроил билан алоқаларини яхшиланишига доир берган баёнотлари ортидан янгради. Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдуғон ўтган кунларда Мови Мармара ҳодисасида яҳудийлар тарафидан ўлдирилган кишиларнинг оила аъзоларига товон пули берилиши мавзусида Исроил ҳукумати билан битим тузганига доир баёнот билан чиқиш қилган эди.
2010 йил Мови Мармара ҳодисаси юз бериши ортидан айнан мана шу Авигдор Леберман ўлдирилган мусулмонларнинг оиласига товон пули тўлаш уёқда турсин, ҳатто кечирим сўрашдан ҳам бош тортган эди.
Ўшанда тиш тирноғигача қуролланган Исроил аскарлари қуролсиз йўловчилардан ўзларини ҳимоя қилганликлари даъвоси олға сурилар экан, “Туркиядан узр сўраш ниятимиз йўқ” деган эди Либерман очиқ суратда.
Бироқ бугунга келиб, Исроил матбуотининг хабар қилишича, Авигдор Леберман Мови Мармара кемасига уюштирилган ҳужум туфайли совуқлашган алоқаларни қайта тиклаш учун жуда кўп сабаблар борлигини таъкидлар экан, шу боис яқин кунларда алоқаларни яхшилаш замони келишига умид билдирди.