Россияча сиёсат

0
673

 2013 йилнинг ноябр ойида Украина президенти Виктор Янукович Россия қарз сифатида ажратган 15 миллиард доллар эвазига Европа Иттифоқига яқинлашишдан воз кечганидан сўнг бошланиб кетган Киевдаги норозиликлар авж олиб бориб, қуролли тўқнашувларга айланди. Натижада юзга яқин намойишчилар қурбон бўлди. Вазиятни ўз измига солишни уддасидан чиқа олмай қолганидан сўнг Украина президенти Виктор Янукович ўз ҳокимиятини ташлаб қочиб кетишга мажбур бўлди.

Бунинг ортидан Украина Марказий сайлов комиссияси 25 феврал куни президентлик сайловолди кампанияси бошланганини ва номзодларни рўйхатга олиш 4 апрел кунига қадар давом этишини эълон қилди.

Нафақат Украинани балки собиқ Шўролар давлатининг мустамлакаси бўлган барча республикаларни ўзининг экинзори сифатида кўрувчи Россия Украина учун Ғарб давлатлари билан олиб борган курашида мағлубиятга учраши сабабли ҳамда Украина ўз қўл остидан чиқиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида Россия яна ўзининг эски услуби, бузғунчилик, миллатлараро ва минтақалараро низо қўзғашга ҳаракат қила бошлади.

Россия учун ўзининг бундай жирканч ишини амалга ошириш учун энг мақбул минтақа, асосан россияпарастлар нуфузи устун, аҳлосининг аксари ҳам русийзабон бўлган Қрим автоном республикаси эди.

Чорашанба куни Симферополдаги Қрим парламенти биноси олдида ўтган митингда ғарбпараст ва россияпараст намойишчилар ўртасида содир этилган тўқнашув пайтида камида 30 киши жароҳатланиб, икки киши қурбон бўлди. Пайшанба куни автомат ва пулемётлар билан қуролланиб, ҳукумат биноларини эгаллаб олган гуруҳ бинолар томларига Россия байроғини тикди.

Парламент томонидан вақтинчалик Украина президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Олий Рада спикери Александар Турчинов пайшанба куни парламентда қилган чиқишида, “Мен Россиянинг Қора денгиз флоти вакилларига мурожаат қиламан – келишувда назарда тутилган ҳудуддан бошқа ерда ҳар қандай ҳаракатланишни, айниқса қурол билан, биз ҳарбий тажаввуз деб ҳисоблаймиз”, – деди.

Украина Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Арсен Аваков ўзининг Facebook даги саҳифаси орқали, “Ички ишлар қўшинлари ва милициянинг барча таркиби тревога бўйича оёққа тургизилди”, – деб хабар қилди.  

Манбаалар кейинчалик, Қрим ҳокимияти ва парламент биноларини “Қримнинг русийзабон аҳолисининг ўзини ўзи мудофаа қилиш вакиллари томонидан эгаллаб олингани”ни хабар қилишди. Ҳукумат вакилларининг бинони босиб олганлар билан олиб борган музокаралари ҳеч қандай натижа бермади.

Кейинчалик пайдо бўлган хабарларда, Симферопол яқинида жойлашган Россия ҳарбий базаси олдида еттита БТР тургани маълум қилинди.

Қрим татар мажлисининг бошлиғи Рефат Чубаровнинг хабар қилишича, Симферополнинг турли ҳудудларида умумий ҳисобда элликка яқин БТРлар борлиги пайқалган. Унинг хабарига кўра, улар Симферопол маркази томон ҳаракатланишган.

Собиқ коммунистларнинг меросхўри бўлган Россия ҳудди ўз аждодлари сингари бирор бир давлатни мустамлака қилмоқчи бўлса ёки мустамлакаси ўз нуфузи остидан чиқиб кетишига йўл қўймасликка ҳаракат қиладиган бўлса, юқорида айтганимиздек ўзининг жирканч услубларини ишга солади.

Коммунистлар аввал бошида ҳам Ўрта Осиёга кириб келишларида инқилоб ва бузғунчиликлар, халқни камбағал ва бойга ажратиб ўрталарига нифоқ ва адоват солишлик, бир Уммат вакилларини ўзбек, қирғиз, тожик миллатларига бўлиб, ўрталарига сунъий чегаралар тортиш орқали босиб олишган эди.

Кейинчалик, ўтган асрнинг саксонинчи йиллар охрига келиб ўз паймоналар тўла бошлаганини билгач, бу республикалар мустақил бўлиб ажраб кетишларига ва бирлашишларига йўл қўймаслик учун 1989 йили Ўзбекистонда ўзбекларни месхети туркларга қарши, 1990 йили Қирғизистонда қирғизларни ўзбекларга қарши гиж-гижлаб, биродаркушлик оловини ёқишган эди. Бугунги кунда эса Россия ўзининг “синовдан ўтган услубини” Украинада ҳам амалга оширмоқда.

Агар Россия Украинадан тўлиқ айриладиган бўлса бунинг учун асосий “балогардон” Ўрта Осиё республикалари бўлади ва бу республикаларни ўз таъсир доирасида ушлаб қолиш учун бор имконияти ва куч-қудратини ишга солади. 

Абдураҳмон Одилов

27 феврал 2014 йил

NO COMMENTS