“Независимая газета”нинг маълум қилишича, Москва ва Душабе ўртасида ҳарбий-дипломатик даражада “Айний” ҳарбий аэродироми ижараси тўғрисида қийин музокаралар олиб борилмоқда.
“Айни вақтда Москва ва Душанбе ўртасида ҳарбий-дипломатик даражада, аввал Россия мудофаа вазирлиги катта маблағ ётқизган “Айний” ҳарбий аэродиромини ижара имконияти тўғрисида қийин музокаралар давом этмоқда”, – дейилади хабарда.
Хабарда айтилишича, ушбу жиҳат (“Айний” ҳарбий аэродиромини ижарага бериш) Россиянинг 201- ҳарбий базаси тўғрисидаги келишувда ўз аксини топган ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон “бу ишдан баҳона билан қутила олмайди”. “Лекин тожик ҳукумати “Айний” ижараси учун йирик миқдорда ҳақ талаб қиляпти. Москва шунингсиз ҳам Душанбега 150-200 миллион долларлик эвазсиз ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олган. Бундан ташқари тожик ҳарбий мутахассислари имтиёзли асосда тайёрлаб бериляпти, ҳарбий манёврлар ўтказишликка кўмак кўрсатиляпти. Аммо Душанбе буни ҳудди бизнинг мажбуриятдек қабул қилаётган кўринади”, – деб ёзади нашриёт.
Нашриётнинг таъкидлашича, тожик-афғон чегарасига яқин бўлган ҳарбий аэродром “Тожикистонни ҳимоя қилиш учун Россия қўшинига жуда зарур”. “Ўтган йиллар тажрибасига кўра, 201- дивизия ҳарбийлари мазкур чегарани ҳимоя қилишган, авиация қўллови эса Душанбедаги фуқаролик аэродромидан амалга оширилган”.