Ўн кун ичида иккинчи марта

776
0

Ayoqsh(3)

 Ўзбекистон республикаси вазирлар маҳкамасининг 9 январ куни қабул қилган қарорига асосан ёнилғи нархи 10 январдан оширилди. Шу пайтгача 1 литри 1670 сўмда сотилган Аи-80 маркали бензиннинг янги нархи 20 фоизга оширилиб, 2005 сўм қилиб белгиланди.

Янги тарифга кўра, Аи-91, Аи-92 ва Аи-93 маркали бензин 2210 сўмга, Аи-95 маркали бензин нархи 2435 сўмга чиқди. Дизел ёнилғисини АЁҚШларда топиш деярли имконсиз бўлишига қарамасдан, унинг янги нархи 1975 сўм ва ЭКО дизел нархи 2050 қилиб белгиланди.

Бундан ўн кун муқаддам, 2014 йил 1 январдан Ўзбекистонда бензин нархи 25 сўмга қимматлаган эди.

Ўзбекистонда сурункали тус олган бензин тақчиллиги шундоқ ҳам хусусий автомобил эгаларига ўз шахсий машиналаридан фойдаланиш имконини бермай келаётган эди. Энди бензин нархини бирданига 20 фоизга оширилиши нафақат жамоат транспортларидаги йўл ҳақини ошишига, балки  хизмат турлари, озиқ-овқат ва бошқа махсулотлар нархини ҳам кўтарилишига олиб келиши аниқ.

Нархни кўтарилиши эса, ҳукумат томонидан белгиланган арзимас иш ҳақи, стипендия, пенсия ва нафақа пули эвазига тирикчилик ўтказаётган, бир ойда оладиган маоши ёки нафақаси кейинги ойга етиши учун оиласи ҳамда шахсий эҳтиёжларининг каттагина қисмидан воз кечишларига тўғри келган ўзбекистонлик оддий фуқаролар эндиликда янада кўпроқ асосий эҳтиёжларидан воз кечишларига тўғри келади.

Йиллар мобайнида иқтисодий ўсишни юқориги марраларини “забт этиб келаётган” Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган сиёсат натижасида Ўзбекистонда эркин фаолият қилиш, хусусий бизнесни йўлга қўйиш имконсиз нарсага айланиб қолди. Маҳаллий ҳокимият, солиқ ва куч органлари томонидан солинадиган ихтиёрий-мажбурий йиғимлар сабабли қанчадан-қанча тадбиркор ва ишбилармонлар хонавайрон бўлиб, сармояларидан айрилди. Ишсизлик даражасини ўта юқорилиги натижасида миллионлаб одамлар қўшни давлатларга иш излаб чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Ўзбек халқини сабрлилигидан унумли фойдаланган ҳукумат уларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун ҳаракатга келмасликларини, шу вақтга қадар қандай сукут сақлаган бўлсалар, бундан буён ҳам шундай сукут сақлашларига ишончи комил бўлганлиги сабабли ўз зулмини кундан кунга кучайтириб бормоқда.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here