Чеченстонда чечен қизларини ўғирлаб кетилаётгани ҳақида хавотирли хабарлар тарқалмоқда. Маҳаллий аҳолининг гувоҳлик беришича, қиз ўғрилари барчанинг кўз ўнгида ҳеч кимдан таптортмай бу ишга қўл уришмоқда. Қизлар куппа-кундузи айни говжум одамларнинг ўртасидан олиб қочилмоқда. Агар безориларга ким қаршилик қилмоқчи бўлса – ўғирланаётган қизнинг ака-укаси ёки отаси бўлсин, ким бўлишидан қатъий назар – унинг учун ўлим ёки бир умр ногирон бўлиб қолиш хавфи бор. Одам ўғриларининг бундай безбетларча ноқонуний ишларга қўл уришининг сабаби уларнинг ҳаммаси, у ёки бу шаклда, Чеченстон президенти Рамзан Қодиров гуруҳига алоқадорлигидир. Бу жиноятчилар орасида давлат мансабдорларининг ўғиллари ҳам борлиги айтилмоқда.
Ўғирланган қизларнинг оқибатлари киши қалбини ларзага солади. Қодировчилар учун ҳайвоний ҳирсларини қондиришнинг ўзи етарли эмас. Улар ўғирланган қизлардан ўз истагини қондиргач, уларни ваҳшийларча ўлдириб, “бегона эркаклар билан юрганлиги учун ака-укалари тарафидан ўлдирилди”, деган миш-мишларни тарқатишади.
Шундай ҳолатлар учрайдики, Қодиров гуруҳининг аъзолари ёки давлат мансабдорлари кўзларига ёқиб қолган қизларни хотинликка беришни оила аъзоларидан талаб қилишади. Агар улар қизларини “рози бўлиб” беришмаса ўғирлаб кетиш ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилишади. Бу борада ҳеч кимдан қўрқмайди ҳам, уялмайди ҳам.
17-18 ёшдаги ёш қизларга қодировнинг ёши ўтиб қолган мансабдорлари “ўз розилиги” билан уйланганларидан сўнг 6 ой ёки 1 йил кайфини суриб, кейин уларни ҳайдаб юборишлари кенг тус олган.
Маҳаллий аҳолига кўра, Қодировчиларнинг барча ноқонуний ишлари, қизларни ўғирлаб кетиши ва уларнинг номусига тажовуз қилиб сўнг ваҳшийларча ўлдиришлари Москванинг уларга кўрсатган дастаги ва дахлсизлиги остида амалга ошмоқда.