Эй Ўзбекистон уламолари Аллоҳнинг динига қарши боришга қачонгача журъат қиласизлар

787
0

abdulaziz_mansur_uzbek

Озодлик радиоси 22 декабр куни эфирга узатган радио эшиттиришида Ўзбекистонда пластикдаги пулни фоиз тўлаш эвазига нақдлаштириш судхўрлик, дея фатво берилгани ҳақидаги хабарни изоҳлаган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмийси шайх Абдулазиз Мансур Озодлик тингловчилари баъзи саволларига жавоб берди. Мулозим мусулмонларнинг “фоиз” сўзи тилга олинган ҳар ҳолатдан қочиши тўғри эмас, деб тушунтириш берди. 

 

Ўзбекистонда мусулмонлар фоизлик ишларга аралашишга мажбур қилаётган ҳолатлар кўпаяётгани, мисол учун, ёшларнинг таълим кредити, ипотекага уй ёки кредитга автомобиль олишга мажбур қолаётгани айтилди.
Бундай амалларнинг ҳукми сўралди ва аксари Ўзбекистондан бўлган бу саволга мамлакатдаги 30 миллион мусулмонга берилаётган фатволарга расман масъул шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларидан жавоб олишга уриндик.
Шайх ҳазратлари судхўрлик масаласи – Исломдаги жуда нозик масала экани ва Ўзбекистондаги бугун мусулмонларни фоиз тўлаш, унга шерик бўлишга мажбурлаётган банк ва молия тизимига оид саволларга айни дамда жавоб бера олмаслигини айтди.
Аммо, тингловчиларнинг баъзи саволлари, жумладан кредитга банкдан автомобиль олиш, банкка хизмати учун фоиз ҳисобида ҳақ тўлаш каби амаллар ҳукми ҳақидаги саволларга жавоб берди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси мулозими бу амаллар ҳар доим ҳам судхўрлик, деб кўрилмаслиги, баъзи ҳолларда улар жоиз бўлиши ҳақида гапираркан, бунга ҳужжат тариқасида мисрлик таниқли ислом олими Саид Тантовий чиқарган китобни тилга олди.
– “Ал иқтисод фил-Ислом” китобида кредитга пул олаётган одам буни “насия савдо”, деб ният қилиб олсин, деган. Исломда насия савдо жоиз, ҳалол. Яъни, насия савдода мол қиммат бўлади ва кредитга машина олаётганда бунинг нархини уч йилда бўлиб-бўлиб тўлайман, бу насия савдо, деб ният қилиб олсин, деб ёзган, – деди Абдулазиз Мансур.

Шайх Абдулазиз Мансур бу сўзларни айтар экан Ислом динида жоиз бўлган музораба ширкатини мисол қилиб келтириб, унда ҳам фоиз ҳисобида муомала қилинишни, фоизни ҳалоли ва ҳароми бўлишлигини айтиб ўтди ва судхўрликни ҳаром қилинишга Қуръон оятлари нозил бўлиб турган вақтда одамлар тирикчилик учун бошқалардан пул олишини ва вақтида қарзини қайтара олмагач унга фоиз қўшилиб, одамлар бутун умр қарз узиб ўтишгани сабабли бу ҳаром қилинганини айтиб ўтди.

Бу жавобларни эшитиб хайратдан ёқа ушладим. Аллоҳнинг динига қарши фатволар беришнинг бундан ортиқроғи бўлмаса керак.

Бай (савдо) асосан икки ҳил бўлади, биринчиси насия савдо, иккинчиси нақд савдо. Насия савдони  маъноси: молни ҳозир сотиб олиб, қийматини (пулини) келгусида, муайян бир кунда тўлашга айтилади. Насия савдосининг тўғри ва жоиз бўлиши учун  шарт шуки,  сотилган нарсанинг нархи (пули) берилиши муайян бир кунга тайин қилинган бўлиши керак. Агар тайин қилинмаса, бай фосид бўлади ва ундай байни бузиш вожиб бўлади. Масалан: харидор: “Мен сиздан мана шу кўйлакни нархини ўн кунда бериш шарти билан сотиб оламан”, дейди. Шунда сотувчи: “Майли сотдим”, деса ва олувчи: “Олдим”, деса, насия савдо қилинган бўлади. Энди сотувчи ўн кунгача кўйлакнинг пулини талаб қилиши жоиз эмас. Ҳатто агар сотиб олган одам у нарсани ўша заҳоти нақдга бошқага сотиб юборган бўлса ҳам.

Ислом динида нақд нарсани маълум муддатгача юклатилган маълум сифатдаги нася товар эвазига топшириш салам ва салаф дейилади. У савдонинг бир туридир. Савдода қандай битим тузилса, унда ҳам ўшандай битим тузилади, фақат салам лафзи ишлатилади. Салам шаръан жоиздир.

“Эй, мўминлар, бир-бирларингиз билан қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар!”           [2:282]

Ибн Аббос: “Гувоҳлик бераманки, маълум муддатга кафолатланган салафни Аллоҳ Азза ва Жалла ҳалол қилган ва унга рухсат берган, деб,

… бир-бирларингиз билан қарз муомаласини қилсангиз, [2:282]

оятни тиловат қилди”. Икки шайх ибн Аббосдан ривоят қилишларича, Пайғамбар соллаллаҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида одамлар хурмони икки, уч йилга салафга берардилар.       Пайғамбар (соллаллаҳу алайҳи ва саллам):

“Кимки бир нарсани салафга берса, маълум ўлчов, маълум тарози билан маълум муддатга берсин”, деганлар. Қарз салафнинг бир туридир. Бировга кейин қайтариб олиш шарти билан пул бериш қарз дейилади. У шаръан жоиздир.

Ибн Ҳиббон ибн Масъуддан ривоят қилишича, Пайғамбар (соллаллаҳу алайҳи ва саллам):

“Қайси бир мусулмон яна бир мусулмонга икки марта қарз берса, бир марта садақа бергандек бўлади”, деганлар.  

“Олтинга олтин. Рудаси ҳам ўзи ҳам вазнга вазн берилади. Кумушга кумуш. Рудаси ҳам, ўзи ҳам вазнга вазн берилади. Тузга туз, хурмога хурмо, буғдойга буғдой, арпага арпа. Баб-баробар килосига кило берилади. Кимки кўпайтириб олса ёки берса, рибо қилибди. Қарз шу олти нарсада ва бошқа нарсаларда ҳамда мулк бўладиган барча нарсаларда жоиздир. Қарз фойда келтирса, унга рибо кирган бўлади. Бунга далил, Хорис ибн Абу Усома Али (р.а)дан ривоят қилган ушбу ҳадисдир: “Пайғамбар (соллаллаҳу алайҳи ва саллам) фойда келтирадиган қарздан қайтарганлар. Яна бир ривоятда: “Фойда келтирган ҳар бир қарз, рибодир, дейилган.

Музораба ширкати эса тижорат учун кимгадир пул бериб туриш дейилади. У тан ва молнинг шерикчилик қилишидир. Батафсилроқ айтадиган бўлсак, бир киши бошқа бир кишига тижорат учун пул беради, чиққан фойда шартлашувга қараб тақсимланади. Музорабада зиён шерикларнинг келишувига эмас, шариатда ворид бўлган ҳужжатга қараб бўлади. Шариатда у фақат молнинг ўзига тушади. Музорабачи эса молиявий зиён кўрмайди. Ҳатто мол эгаси билан музорабачи – фойда ҳам, зиён ҳам ўртада, деб келишган бўлсалар ҳам, барибир, фойда ўртада бўлиб, зиён молнинг ўзига тушади. Чунки ширкат ваколатдир. Вакилнинг ҳукми эса унинг кафил бўлмаслигидир. Зиён вакил қилувчининг ўзига тушади, холос. Абдурраззоқ “Жомеъ”да ривоят қилишича, Алий (р.а): “Зиён молга, фойда эса келишувга қараб бўлади, деган. Зеро, тан молни йўқотмайди, у бор-йўғи қилган меҳнатини йўқотади. Шунга кўра, зиён молнинг гарданида қолаверади.

Шариат миқдори оз ёки кўп бўлишидан қатъий назар судхўрликни қатъий тақиқлайди. Унинг пули аниқ ҳаромдир.

“Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат куни қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: “Бай (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?” – деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга Парвардигоридан мавъиза-насиҳат етгач (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади) (яъни Ўзи хоҳласа афв қилар) ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар“.           [2:275]

Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинг ва агар чиндан мўмин бўлсанглар, судхўрлик сарқитларини тарк қилинг. (Яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олманг). Энди, агар (фармонимизни)қыилмасангиз, у ҳолда Аллоъ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг! Агар тавба қилсангиз, (дастмоянгиз) ўзингизга золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз” [2:278,279]

Рибо (судхўрлик)нинг воқелиги судхўр одамлар меҳнатини эксплуатация қилиб фойда олишидан иборатдир. У меҳнатсиз даромаддир. Чунки устига фоиз қўйилаётган молнинг ҳеч қандай зиёнга рўбарў бўлмаган ҳолда фойдаси кафолатлангандир. Шунинг учун молни шерикчилик, музораба каби йўллар билан ишлатиш буларнинг шартлари тўла топилганда жоиздир. Чунки шундай қилганда ундан бутун бир жамоа фойдаланади. Бировларнинг меҳнатлари эксплуатация қилинмайди. Аксинча, улар ўз меҳнатлари билан молдан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. У фойдага қандай рўбарў бўлса, зиёнга ҳам шундай рўбарў бўлади. Судхўрлик – бунинг акси. Унинг ҳаром қилиниши шарий насс биландир. Нассда иллати кўрсатилмаган. Қолаверса иллат шаръий бўлиши лозим, ақлий бўлиши мумкин эмас. Иллат шаръий бўлиши учун эса у ё Қуръонда ёки Суннатда зикр этилган бўлиши зарур. Рибони нима учун ҳаром қилингани Қуръонда зикр қилинмаган.

Эй шайх хазратлари!

Сиз одамлар бирор масалада муаммога дуч келишса, кўп китоб ўқиган, илмли одамларга мурожаат қилиши лозимлигини айтиб ўтдингиз. Аммо мана шу илмли одамларни ўзи дунё манфаатини устун қўйиб, илмсиз омиларни адаштираётган бўлишса нима қилиш керак?

Ёки рибони ҳалол ёки ҳаром бўлиши бу фоиз олаётган томон давлат ёки якка шахс бўлишига қараб ўзгарадими? Ёки айлантириш учун олинган маблағга фоиз қўйиш жоизу, тирикчилик учун олинганига жоиз эмасми? Ахир дастмояни айлантиришдан мақсад ҳам тирикчилик қилиш учунку.

Эй шайх хазратлари!

Бизни Сизга айтадиган сўзимиз шундан иборатки, бу дунёни арзимас неъматлари эвазига оҳиратингизни куйдирманг. Бу дунё ўткинчилигини ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз.

Биладиганлар билан билмайдиганларни мавқейи Аллоҳнинг олдида баробар бўлмаслигини ва билиб туриб одамларини адаштирган олимларни ҳисоб-китоби ҳам, уларга бериладиган жазо ҳам қаттиқ бўлишини яхши биласиз.

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ва дирҳамни мерос қолдирмадилар, лекин улар мана шу илмни мерос қилдилар. Ким уни олган бўлса, етарли улушни олибди”. (Ибн Можа ривояти, Албоний саҳиҳ деган) ҳадисида зикр қилинган ҳадисдаги ҳақиқий меросхўрлардан бўлишингиз учун шу сўзларни айтмоқдамиз.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here