Ҳизбут Таҳрир амири олим, шайх Ато ибн Халил Абу Роштанинг Фейсбук саҳифасидаги зиёратчиларнинг берган саволларига жавобларидан
Madina Watiqahнинг мусулмонларга Халифаликни тиклаш учун берилган муддат тўғрисидаги саволига жавоб
Савол:
Севимли амиримиз, сизни Аллоҳ ҳифзу ҳимоясида ва паноҳида асрасин, сизнинг қўлингизда фатҳни рўёбга чиқарсин. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи баракотуҳ.
«Исломда бошқарув низоми» ва «Халифалик давлати жиҳози (бошқарув ва идора)» китобида бир ривоят келган. Бу ривоят Табарий тарихидан қуйидагича нақл қилинган: «Агар беш киши тўпланиб, ўзларидан бир кишининг халифа бўлишига рози бўлсаю, бир киши бунга рози бўлмаса, унинг бошини қилич билан чопиб ташла. Агар тўрттаси тўпланиб ўзларидан бир кишига рози бўлсаю, иккитаси бунга рози бўлмаса иккаласининг бошларини қилич билан чопиб ташла…».
Бу ривоятда ровийлардан Абу Михнаф Лут ибн Яҳё ибн Саид ибн Михнаф ибн Салим Аздий исмли киши бор. Аллома Тақийюддин Набаҳоний бундай деган: «Унинг саҳиҳ китобларидан фақат Ибн Жарир Табарий ўзининг тарихида нақл қилган нарсагина қолган. Уни кўпчилик муҳаддислар қоралаб, у бир талай номаълум кишилардан ривоят қилар эди, деб айтганлар». (Исломий шахсия, 1-жуз, 354-саҳифа).
Савол шуки, агар иш шундай бўладиган бўлса, қандай қилиб аллома Тақийюддин Набаҳоний Абу Михнафнинг Табарий тарихидаги ривоятини саҳиҳ ривоят деб айтиши мумкин? Эътибор қаратганингиз учун ташаккур.
Жавоб:
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ…
Биз олдин ҳам шундай саволга Фейсбукдаги саҳифамизда батафсил жавоб берганмиз.
Шунинг учун мен сизга қисқача жавоб бераман:
1 – Табарий ривоятида бундай дейилади: «Менга Умар ибн Шабба ривоят қилди, бизга Али ибн Муҳаммад Вакиъдан, у Аъмашдан, у Иброҳим ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ансорийдан, у Ибн Абу Арубадан, у Қатодадан, у «Шаҳр ибн Ҳавшаб ва Абу Михнафдан», у Юсуф ибн Язиддан, у Аббос ибн Саҳл ва Муборак ибн Фазоладан, у Убайдуллоҳ ибн Умар ва Юнус ибн Абу Исҳоқдан, у Амр ибн Маймун Авдийдан ривоят қилди: Умар ибн Хаттобга жароҳат етказилганда… у деди…».
2 – Бундан аниқ кўриниб турибдики, Қатода фақат Абу Михнафнинг бир ўзидангина ривоят қилмаган, балки Шаҳр ибн Ҳавшаб ва Абу Михнафдан ривоят қилган, у иккиси (Шаҳр ибн Ҳавшаб ва Абу Михнаф) Юсуф ибн Язиддан ривоят қилган. Шунинг учун Абу Михнаф ҳақида гап-сўз борлиги ҳадиснинг саҳиҳлигига таъсир қилмайди. Чунки Шаҳр ибн Ҳавшабни кўпгина ҳадис олимлари ишончли деб айтганлар:
Ижлий (ҳижрий 261 йилда вафот этган) ўзининг «Сиқот» (ишончли кишилар) китобида бундай деган: «Шаҳр ибн Ҳавшаб Шомлик, тобеин, ишончли».
Ҳайсамий (ҳижрий 807 йилда вафот этган) Шаҳр ибн Ҳавшаб ҳақида «Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид»да кўп ўринда айтиб ўтган: «Шаҳр ибн Ҳавшаб, ишончли дейилган». «Шаҳр ибн Ҳавшаб ҳақида турли фикр билдирганлар. Лекин уни Аҳмад, Ибн Маъийн, Абу Зуръа ва Яъқуб ибн Шайба ишончли деганлар». «Шаҳр ибн Ҳавшаб ҳақида баъзи гап-сўзлар бор. Лекин уни бир неча киши ишончли деган». «Шаҳр ибн Ҳавшаб ҳақида гап-сўз бор. Уни бир жамоат ишончли деган».
Ибн Шоҳин (ҳижрий 385 йилда вафот этган) ўзининг «Ишончли кишилар исмлари тарихи» китобида бундай деган: «Яҳё айтади: Шаҳр ибн Ҳавшаб, собит. Яна бир ривоятда айтади: У шомлик бўлиб, Басрани манзил тутган, ўзи ашъарийлардан, уларнинг энг мўътабарларидан бўлган, у ишончлидир».
Шунга кўра Қатода фақат Абу Михнафнинг бир ўзидангина эмас, Абу Михнаф ва Шаҳр ибн Ҳавшабдан ривоят қилган. Шунинг учун биз бу ривоятни олганмиз. Маълумки, у бу мавзудаги ягона ривоят эмас. Чунки унга ўхшаган ривоятни Ибн Саъд «Табақот»да, Ибн Шабба «Мадина тарихи» китобида ривоят қилган…
Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта 1 зул-ҳижжа 1434ҳ
6 октябр 2013м