Ўзбекистон ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлардаги манбаларга асосланиб Uzmetronom.com сайтини хабар қилишича, Тошкентда ўғрилик ва босқинчилик жиноятлари кўпайиб кетган. Участка нозирлари бўлган милиционерлар хонадонларни айланиб, нотанишларга эшикни очмаслик ва ўзгалар квартирасига киришга харакат қилаётган ёки уйлар олдида мақсадсиз тентираб юрган барча шубҳали шахслар тўғрисида милицияга хабар беришлик ҳақида огоҳлантиришмоқда. Ҳақиқатдан ҳам ховотир учун асос бор. Бунинг сабаби сўнгги бир неча кун ичида биргина Юнусобод туманида 18та ўғрилик ва босқинчилик жиноятлари содир этилган. Тошкентдаги бундай жиноятлар ҳақидаги маълумотдан матбуот ва оддий фуқаролар бехабар.
ИИВ ходимларининг тахминига кўра, жиноятлар ёшлар тарафидан содир этилмоқда. Айрим далиллар уларни Тошкентда яшамаслигига далолат қилмоқда. Улар паспорт режимини бузганлиги учун Россия ва Қозоғистондан чиқариб юборилган мехнат муҳожирлари бўлиши мумкинлигини эҳтимоли бор. Мустақил тахлилчиларни камторона хисобига кўра, бугунги кунда Тошкентда 500 мингдан зиёд вилоятлардан келиб қайддан ўтмаган, доимий иш ўрни ва яшаш жойига эга бўлмаганлар бор.
Туркистон:
Каримов олиб бораётган мустабид сиёсат натижасида ўзбекистонликлар нафақат сиёсий балки иқтисодий жиҳатдан ҳам танг ахволда қолишмоқда. Завод ва фабрикаларни тўхтаб қолиши, ишлаётганида эса берадиган маоши яшаш даражасидан ҳам пастлиги сабабли миллионлаб одамлар иш излаб қўшни республикаларга, ҳусусан Россияга чиқиб кетишди.
Аммо, рус ҳукуматининг сўнгги пайтларда мехнат муҳожирларига қарши олиб бораётган кураши сабабли Россияда ишлаб рўзғор тебратаётган жуда кўплаб одамлар, айниқса ўзбекистонликлар ўз уйларига бадарға қилинмоқда. Уйига қайтиб келганлар эса иш йўқлиги сабабли айримлари жиноят кўчасига кириб кетаётган бўлса, айримлари ҳужжатларини ўзгартириб яна қайта четга чиқиб кетишга харакат қилишмоқда.
Бундан ташқари Каримовни Ислом динига, унинг жамиятдаги ҳар қандай кўринишига қарши олиб бораётган кураши оқибатида одамлар, айниқса ёшлар ҳалол ва ҳаромни фарқига кам борадиган, фақатгина моддий манфаат ҳақида ўйлайдиган бўлиб боришмоқда. Буни натижасида эса жиноятчилик авж олиб кетяпти.
Шу йилнинг бошида ҳам пойтахт Тошкент қўрқув исканжасида қолган эди, бунинг сабаби нафақадаги кексалар ва ёлғиз қарияларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари кўпайиб кетди. Олти ой ичида 20дан зиёд қариялар бундай ҳужумлар қурбонига айланишди.
Фақатгина айбсиз мусулмонларни чўнтакларига гиёҳванд модда, уйларига варақа, диск ва қурол ташлаб, “жиноятчи”ларни ушлаб, ўзларини ертўлаларида ғайриинсоний қийноқлар орқали “айбларини” бўйнига қўйишга моҳир бўлган ИИВ ва МХХ ходимлари бу жиноятни фош қилишга ожизлик қилишган эди. Бу жиноятчиларни топиш учун Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси қотилларнинг фотороботлари акс этган эълонларни кўчаларга ёпиштириб, гумондор шахслар ҳақида милицияга хабар берган шахсга 5 миллион сўм мукофот пули ваъда қилган эди.