Парламент депутати Наримон Тулеев Бишкек шаҳрига ҳокимлик қилган пайтда шаҳар бюджетига 925 минг доллар миқдорида зиён келтирганликда айбдор деб топилди. Бишкек шаҳар Ленин туман судида бу борадаги ҳукм 29 июль куни кечқурун ўқилди.
Президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилгач, Тулеев мухолифатга қўшилган.
Қирғизистон парламенти депутати Наримон Тулеев Бишкек мэри бўлиб турган пайтида Хитойдан 200 автобусни давлат хазинасига зиён келтирган тарзда сотиб олганликда айбланмоқда. У 2012 йилнинг августида ҳибс қилинган эди. Қирғизистон мухолифатининг таниқли намоёндаси Наримон Тулеев президент Бакиев ҳукмронлиги даврида Бишкек мэри лавозимини эгаллаб турган. У бишкекликлар орасида сўнгги 20 йилда пойтахт қиёфасини тубдан ўзгартира олган ягона мэр сифатида катта нуфузга эга бўлган эди.
Тулеев билан бирга судланган Бишкек шаҳар тузилмаларининг собиқ беш раҳбари –Медет Кожобергенов 13 йилга, Валерий Корниенко, Руслан Бейшембаев, Билим Токтобеков 10 йилданга, Бакитбек Сидиков 5 йилга ҳукм қилинди. Уларнинг мол –мулклари давлат фойдасига мусодара қилинадиган бўлди.
– Бу ҳукмни сиёсий буюртма деб биламан. Ким кимга телефон қилгани ва мени қандай жазолаш кераклиги тўғрисида кўрсатма берганини вақти келганида айтиб бераман. Менда бу телефон сўзлашувлари тўғрисида маълумотлар бор. Судя буйруқни бажаришга мажбур бўлаяпти, -деди Н. Тулеев.
Суд ҳукми билан Наримон Тулеевнинг қариндошлари ва оиласига тегишли бўлган банк ҳисоблари, мол-мулки ва ҳиссадорлик жамиятларидаги акциялари ҳам давлат ҳисобига мусодара қилинди. Адвокатларнинг айтишларича, Қирғизистон тарихида биринчи марта судланувчининг қариндошларига тегишли бўлган мол-мулк мусодара қилинмоқда. Бу эса амалдаги қонунчиликка зид ҳаракат сифатида баҳоланаяпти.
Муҳолифатчининг тарафдорлари кўтариб олган шиорда “Биз Тулеевга адолат қилинишини талаб қиламиз”, деб ёзилган. Наримон Тулеев тарафдорлари 2012 йилдан бери бир неча митингларни ўтказди.