БМТ бош котиб Марказий Осиё бўйлаб турнесини якунлади

563
0

 Ўтган ҳафтада БМТ бош котиби Пан Ги Мун Марказий Осиё бўйлаб турнесини бошлаган эди. У дастлаб 9 июн куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрига ташриф буюриб, “Сув ҳаёт учун” халқаро ҳаракатининг 10 йиллиги мақсадларини амалга ошириш якунлари бўйича ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этди ва Эмомали Раҳмон билан учрашди.

 10 июнда Пан Ги Мун Қозоғистонда бўлди ва у ерда Бешинчи умумжаҳон ва анъанавий диний етакчилар ассамблеясида қатнашди. Анжумандан сўнг бош котиб Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва бош вазир Карим Масимов ҳамда ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов билан учрашди.

 11 июнда БМТ бош котиби  Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрига келди ва Алмазбек Атамбаев билан учрашди. У Бишкекда бўлиб ўтган Қирғизистонда парламентаризмни ривожлантириш масалаларига бағишланган халқаро конференциянинг очилиш маросимида иштирок этди, кейин эса мамлакат раҳбари Алмазбек Атамбаев билан музокаралар олиб борди. Шундан сўнг Пан Ги Мун бош вазир Темир Сариев ҳамда Жогорку Кенеш спикери Асилбек Жээнбеков билан ҳам учрашув ўтказди. Бишкекдан Ўшга ўтган бош котиб бу ерда 2010 йилнинг июнида содир бўлган қонли низоларда ҳалок бўлган кишиларни хотирлаш маросимида қатнашди. Қирғизистон ҳукуматига ўша машъум кунлардаги фожиали воқеаларни тўлиқ ва адолатли тергов қилишга чақирди ва элатлараро тотувликка эришишни маслаҳат берди.

 11 июн кечаси Ўзбекистонга ташриф буюриган  Пан Ги Мун 12 июн куни президенти Ислом Каримов билан учрашди. Каримов ва Пан Ги Мун ўртасида бўлиб ўтган учрашув давомида халқаро террорчилик ва экстремизмга қарши кураш масаласида фикр алмашилди.

  “Учрашув давомида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳамда келажакдаги истиқболлари, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Марказий Осиёда тинчликни таъминлаш, халқаро террорчилик ва экстремизмга қарши курашда бирдамлик масалалари муҳокама қилинди”, – дейилади расмий хабарномада.

 Шундан сўнг Туркманистонга келган БМТ Бош котиби 13 июн куни Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳамедов билан музокаралар олиб борди. Мазкур музокара давомида Турманистон президенти БМТнинг Осиёда қуролсизлантириш бўйича минтақавий марказини ташкил этишни таклиф қилди.

 Шунингдек, қуроллар тарқатилмаслиги ва қуролсизлантириш жараёнларини мустаҳкамлаш каби долзарб масалаларни ҳал қилишда ҳамда тегишли халқаро-ҳуқуқ базасини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни муҳокама қилишда биргаликдаги ҳаракатларнинг муҳимлиги таъкидлаб ўтилди. Туркманистон президенти бу ҳақда гапира туриб, Марказий Осиёда ядровий қуролдан эркин ҳудуд ташқил этиш ҳақидаги келишувни амалга оширилиши муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб ўтди.

 Туркистон:

Марказий Осиё республикалар бўйлаб сафар қилган БМТ бош котиб Пан Ги Мун қайси республикада бўлмасин шу мамлакат учун оғриқли бўлган нуқталарга эътибор қаратди ва  бу яраларни тирнаб янгилашга ҳаракат қилгани очиқчасига намоён бўлиб турди.

 БМТ бош котиби 9 июн куни Тожикистонда бўлиб ўтган “Сув ҳаёт учун” халқаро ҳаракатининг 10 йиллиги мақсадларини амалга ошириш якунлари бўйича ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этди. Барчага маълумки, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида Роғун ГЭСини барпо этилиши бўйича келишмовчиликлар мавжуд. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2012 йилнинг 7 сентябр куни Қозоғистон президенти  Нурсултон Назарбоев билан учрашувдан сўнг Остонада ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистондаги Роғун ГЭСи ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши ҳақида гапирар экан: “Вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу ҳолат шунчаки диний қарама-қаршилик эмас, урушларни келтириб чиқариши мумкин”, дея таъкидлаган эди. 9 июн куни Пан Ги Мун билан бўлган учрашувидан сўнг Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам минтақада сув учун уруш вужудга келиши мумкинлиги ҳақида “башорат” қилди. 

 Тожикистондан сўнг Қозоғистонга ташриф буюриган Пан Ги Муннинг Нурсултон Назарбоев билан учрашуви мобайнида диний муаммолар ва унга қаршши курашда янги услубларни қўллаш масаласи муҳокама қилинди. Чунки айни вақтда Марказий Осиё мусулмонларини уйғонишларига йўл қўймаслик, Ислом дини сари дадил одимлашларини тўхтатиб қолиш муаммоси фақат қозоқ ҳукумати учун хос бўлмай, бутун минтақа учун умумий муаммо бўлиб қолмоқда.

 Қирғизистонда эса Пан Ги Мун бугунги кунда мамлакат учун долзарб муаммо бўлиб турган миллатлараро муносабатлар масаласини қайта кўтарди, Ўш фожиаларини унутилиб кетмаслиги учун қурбонларни хотирлаш баҳонасида ҳукуматга йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берди ҳамда Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг икки томонида яшовчи халқлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича БМТнинг янги ташаббусини эълон қилди.

 Ўзбекистонда эса, шундоқ ҳам Ислом ва мусулмонларга қарши курашиш учун қурол сифатида фойдалиниб келинаётган терроризм ва экстремизмга қарши кураш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

  Ўз турнесига Туркманистонда якун ясаган Пан Ги Мун мамлакат ўзи эгаллаган бетарафлик сиёсатидан оғишмаслиги ва Россия таъсири остига тушиб қолишидан, унинг  ҳарбий кўмагидан фойдаланмаслик масаласини кўтарди.

 Дарҳақиқат  Пан Ги Мун Марказий Осиё бўйлаб уюштирган турнеси мобайнида ҳар бир республиканинг оғриқли яраларини яна бир қатор тирнаб ўтди. БМТ бош котиби минтақа бўйлаб қилган сафарида бу муаммоларни муолажа қилишни эмас, балки шу муаммоларимизни бизларга бир қарор эслатиб ўтиш орқали ва керак бўлган вақтда бу оғриқли нуқталардан Ғарб давлатлари унумли фойдаланиши мумкинлигини эслатиб қўйиш орқали бизларни Ғарб тузумига бўлган тобеълигимизни мустахкамлаб қўймоқчи..

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here