Рамазон келмоқда

1008
0

1249370096_ramazan33irzr0 “Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди”.  (Бақара:183).

 Имом Бухорий ва Муслим, Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Рамазон ойининг) ҳилол(ини) кўриб рўза тутинглар, (шаввол ойининг) ҳилол(ини) кўриб оғзингизни очинглар (яъни рўзани тугатинглар)! Агар сизларга булутли бўлса, (ойни) ўттиз кун қилинглар!”.   

  Милодий2014 йилги Рамазон тақвими бўйича 28 июн кунидан бошланмоқда, аммо ҳадисга мувофиқ ойнинг кўринишига қараб бир кунга фарқ қилиши мумкин.

 Пайғамбаримиз, саҳобалар, тобеинлар, таба тобеинлар ва кейинги Халифалар давридаги мусулмонлар Рамазон ойини ўзгача бир муштоқлик билан кутиб олишар, унга қаттиқ аҳамият беришар, бу ойнинг келишидан бошлари осмонга етгудек қувониб, алоҳида тайёргарлик кўришар эди.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонга етказишини сўраб Аллоҳга дуо қилардилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ражаб ойи кирганида“Парвардигоро, Ражаб ва Шаъбонни бизлар учун баракотли қилгин ва бизларни Рамазонга етказгин”, деб дуо қилардилар. (Имом Аҳмад, Табароний, Байҳақий ривоятлари).

 Мусулмонлар уни: “Парвардигоро, Рамазон ойи кириб келмоқда. Уни бизга, бизни унга саломат етказгин, унинг рўзаси ва таровеҳларини бизга насиб айла. Унда бизни ибодатга астойдил бел боғлашимизга муваффақ қилиб, ялқовлик ва сустликдан узоқ қил. Унда бизни фитналардан асра”, деган илтижолар билан кутиб олишарди.

 Чунки, улар Рамазоннинг фазилатини, бу ойда ўзларига бўладиган Аллоҳнинг фазлу марҳаматларини, Аллоҳ таоло бандаларига мўл-кўл раҳматини туширишини, улар устига файзу баракотини ёғдиришини, ризқи рўзларини сероб қилишини ҳамда уларни гуноҳ-хатолардан асрашини яхши билардилар. Чунки, бу ойда улар учун жаннатларнинг дарвозалари очилиб, жаҳаннам қопқалари беркитилади. Мўмин учун бу ойдан афзали йўқ, бу ойда қилинган амаллардан афзалроқ амал йўқ. Бу, ҳақиқатан, мўминлар учун ғанимат ойидир.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар, Сизларга ушбу ойингиз кириб келмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасамёд қилувчи Зотга (Аллоҳга) қасамки, мусулмонларга бу ойдан кўра яхшироқ ой, мунофиқлар учун эса бу ойдан кўра ёмонроқ ой асло келмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасамёд қилувчи Зотга қасамки, албатта, Аллоҳ бу ойнинг ажру савобини ва инъомларини, ҳамда унинг гуноҳ ва бахтсизликларини уни киритмасдан илгариёқ ёзиб қўяди. Зеро, мўмин киши бу ойда ибодат қилиш учун (аввалдан) куч-қувватни ҳозирлаб қўяди, мунофиқ эса бу ойда (имкони бўлди дегунча зиён етказиш мақсадида) мўминларнинг ғафлат ва заифлик онларини пойлаб юради. Бу мўмин учун ғанимат фурсатдир”. (Имом Аҳмад ва Ибн Хузайма ривоятлари).

 Бу ой мўмин учун ибодатлари ғанимат бўлган ойдир, унда намоз ва садақотларнинг ажри бир неча баробар зиёда қилинади, рўза билан биргаликда таровеҳ намозлари ажридан фойдаланиб қолиш имкони берилади.

 Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойининг фазилатидан маҳрум бўлган одам энди бошқа ойларда ҳаргиз унга етолмаслигини, Рамазонда гуноҳлари мағфират қилинмаган инсонни Аллоҳ жаҳаннамнинг узоқ қаърига улоқтиришини хабар берганлар.

 Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни минбарга кўтарилаётиб, Омин… Омин… Омин… дедилар. Саҳобалар бундай дейишларининг сабабини сўрашганда: Ҳузуримга Жаброил келиб: Ким Рамазон ойига етса-ю, гуноҳлари мағфират қилинмаган бўлса, Аллоҳ уни (Ўз раҳматидан) узоқлаштириб, дўзахга улоқтирсин, “Омин” денг, деди, мен “Омин” дедим. Ким ота-онасини ёки улардан бирини (кексалик пайтларида) топган бўлса-ю, (уларни норози қилиб) гуноҳлари кечирилмаган бўлса, Аллоҳ уни (Ўз раҳматидан) узоқлаштириб, дўзахга улоқтирсин, “Омин” денг, деди, мен “Омин” дедим. Ким сизнинг номингиз зикр этилганда сизга салавот айтмаса, Аллоҳ уни (Ўз раҳматидан) узоқлаштириб, дўзахга улоқтирсин, “Омин” денг, деди, мен “Омин” дедим, дедилар. (Табароний, Байҳақий, Абу Яъло, Ибн Ҳиббон ривоятлари).

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

“Рамазон ойида менинг умматимга улардан аввалги умматларга берилмаган бешта хислат берилди:

1) Рўзадор оғзининг бўйи Аллоҳнинг наздида мушк ҳидидан хушбўйроқдир;

2) Уларга то ифтор қилгунларига қадар малоикалар истиғфор айтиб турадилар;

3) Аллоҳ азза ва жалла ҳар куни жаннатини зийнатлайди, сўнг унга: “Солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан қутилиб, сенга келишларига оз қолди”, дейди.

4) У кунда шайтонларнинг ашаддийлари занжирбанд қилиниб, бошқа пайт қилиб юрган ишларига эриша олишмайди;

5) Рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари мағфират қилинади.

Шунда: – «Ё Расулаллоҳ, у кеча қадр кечасими?» – деб сўрадилар.

– “Йўқ, хизматчи қачонки ишини тугатса унинг ҳақини тўла қилиб берилади”, – дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).

 Биз Буюк Аллоҳ Таолодан бизларни яхшиликларга муваффақ қилишини, яхши ишларга қадам қўйишни бизларга насиб айлашини, бизларни ёмонликлардан узоқ қилишини, қадамларимизни ёмонликдан тийишини, содат асри ва кейинги даврдаги мусулмонларга бергани каби бизларни ҳам Рамазон ойида Ўз нусрати билан ризқлантиришини, исломий Халифалик давлатини қайта барпо бўлишини тезлатиш орқали Ислом ва мусулмонларни азиз қилишини ҳамда бизларни Ўзининг марҳамати билан дўзахдан озод қилинувчилар сафида қилишини сўраймиз. У эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир.

1 COMMENT

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here