بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿وَلَا تَنَٰزَعُواْ فَتَفۡشَلُواْ وَتَذۡهَبَ رِيحُكُمۡۖ﴾
«Ўзаро талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур»
Шайх Юсуф Мухораза – Байтул Мақдис
Уммат ўз аъзоларини боғловчи ягона бирлик асосидагина уйғонади ва қудратга тўлади. Бу бирлик ақида бўлиб, у Умматни бошқарадиган ва йўналтирадиган низомни белгилайди. Ақида ягона бўлса ва низом тартибга келса, Умматнинг позицияси бирлашади ва у ягона юрак уриши билан ҳаракатланувчи бир танадек бўлади. Шунда ҳар бир шахснинг алоҳида кучи ҳеч нарса дош бера олмайдиган, кучли шамолдек жамоавий қудратга айланади.
Шунинг учун юқоридаги оят Аллоҳ Таолонинг
﴿وَأَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ﴾
«Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз» [Анфол 46]
деган сўзлари билан бошланади. Чунки Аллоҳ ва Унинг Росули ﷺга итоат қилиш йўналишни бирлаштириб, кучларни жамлайди. Бу ҳолат худди юрак ҳужайраларида электр токи тўпланиб, ҳаётни давом эттирувчи юрак уришини ҳосил қиладиган жараёнга ўхшайди.
Аммо ўзаро талашиб-тортишувлар бошланса, Умматнинг кучлари бир-бирига қарши йўналиб, бирини бири йўқ қилади. Бунинг натижасида унинг таъсири камаяди ёки бутунлай йўқолади. У кучсиз ва муваффақиятсиз аҳволга тушиб, на таъсирга эга бўлади ва на қаршилик кўрсата олади. Аксинча, парчаланиб, душманлари учун осон ўлжага айланади.
Шундан хулоса қилиш мумкинки, Аллоҳ ва Унинг Росули ﷺга итоат асосида бирлашиш мусулмонлар бирлигининг ягона йўлидир. Аллоҳ Таоло айтади:
﴿وَٱعۡتَصِمُواْ بِحَبۡلِ ٱللَّهِ جَمِيعٗا وَلَا تَفَرَّقُواْۚ﴾
«Барчангиз Аллоҳнинг арқонига боғланингиз ва бўлинмангиз!» [Оли Имрон 103]
Аллоҳнинг арқони – Унинг дини бўлиб, уни маҳкам ушлаш Қуръон ва Суннатда келган асослар устида бирлашиш демакдир. Бу йўлдан оғиш эса мусулмонларни дунёда ҳеч қандай салмоққа эга бўлмаган, ўзаро талашиб-тортишувчи оломонга айлантиради.
Агар бугунги воқелигимизга назар ташласак, турли кўринишларда қарама-қаршиликлар мавжуд эканини кўрамиз. Улар ичида энг хатарлиси – сиёсий қарама-қаршиликдир. Унинг ҳукмрон режимлар ўртасида ёки сиёсий партиялар ўртасида бўлишининг ҳеч қандай фарқи йўқ.
Режимлар ўртасидаги қарама-қаршиликка келсак, унинг сабаби шундаки, бу режимларни Умматнинг ўзи яратмаган. Аксинча, улар мустамлакачи томонидан Уммат устига юклатилган. Маълумки, бу мустамлакачи Умматни парчалаб, унинг иродасини чеклаб қўйган бўлиб, бошқарув, таълим, иқтисод ва бошқа соҳаларда Ғарб ғояларига асосланган низомларни ўрнатган.
Бу низомларни ўрнатишдан мақсад Умматни доимо заиф ва пароканда ҳолда ушлаб туриш эди. Шу мақсадда сунъий яратилган тузилмалар ўртасида тоифачилик ва миллатчиликка асосланган курашлар ҳамда ҳудудий зиддиятлар қўзғатилди. Бу билан Умматни тақдирий масаласидан чалғитиш кўзланди.
Бу тузилмаларнинг айримлари эса урушларни алангалатиб, низоларни авж олдирмоқда. Масалан, Бирлашган Араб Амирликлари бошчилигидаги Форс кўрфази давлатлари Ғарб лойиҳаларига хизмат қилиб, Яман, Ливия, Судан ва бошқа ҳудудларда бузғунчилик ишларини амалга оширмоқда.
Сиёсий партиялар ўртасидаги қарама-қаршиликка келсак, гарчи у ички тусга эга бўлса-да, хавф жиҳатидан бошқалардан қолишмайди. Чунки бу партияларнинг аксарияти Уммат ақидасига алоқаси бўлмаган ёт сақофат ва ғояларга таянади. Кўпинча улар Умматнинг куч ва имкониятларини тор манфаатлар йўлидаги курашларга йўналтириб, партиявий ютуқларни қўлга киритиш учун ҳаракат қилади. Бу эса Умматнинг бирлиги ва қудратини емириб, унга жиддий зиён етказади.
Ҳақиқат шундаки, Уммат фақат ўзини тарғиб этиб, байроғи остида садоқат талаб қиладиган партиялар атрофида бирлашмайди. Аксинча, Аллоҳ ва Унинг Росули ﷺга итоатга чорлайдиган ва Исломий давлатни барпо этишни мақсад қилган партия атрофида бирлашади. Зеро, Исломий давлат шариатни татбиқ этиб, Умматни Ислом ҳукмронлиги остида бирлаштиради. Шунда шахсий иймон сифатидаги ақида алоқаларни бошқарувчи ва жамият ишларини тартибга солувчи кенг қамровли тузумга айланади.
Бирлаштирувчи давлатсиз, Уммат пароканда бўлиб, низолар ичида қолади, куч-қуввати эса ўзаро кураш ва ихтилофларга сарфланади. Бу ҳол ожизлик ва заифликни узайтиради. Аммо холис кишилар ўз ҳаракатини рошид Халифаликни барпо этишга қаратса, Уммат Аллоҳ хоҳлаганидек, ягона, қудратли ва тирик Умматга айланади. Шу давлатни барпо этиш учун ҳаракат қилиш шаръий бурч ва ҳаётий заруратдир. Бу – бир асрлик таназзулдан кейин азизлик ва шон-шуҳратни қайта тиклашнинг ягона йўлидир. Чунки Халифалик заифлашиши билан бошланган бу таназзул чуқурлашиб, биз халқлар ичида энг заифига айланиб қолдик.
﴿لِمِثۡلِ هَٰذَا فَلۡيَعۡمَلِ ٱلۡعَٰمِلُونَ﴾
«Бас, амал қилгувчилар мана шундай (мангу бахт саодат) учун амал қилсинлар!» [Соффат 61]
Роя газетасининг 2025 йил 16 июл, чоршанба кунги 556-сонидан