Матбуот баёноти
Оч-наҳор одамлар қаршисида барча эшиклар беркитилиб, нажот йўли тўсиб қўйилган пайтда, Миср режими ва унинг гумашталарининг ҳақиқий башараси фош бўлмоқда
Ғазо ҳозир тарихдаги энг зулматли ва шафқатсиз лаҳзалардан бирини бошидан кечирмоқда. Бомбардимонлар билан келаётган ўлим устига яна бир азоб-уқубат қўшилди: болалар очликдан, аёллар изтиробдан, кексалар касалликдан ҳалок бўлмоқда. Мана шундай даҳшатли пайтда, Шимолий Синай вилояти ҳокими генерал Холид Мажовирнинг баёноти жамоатчиликни ларзага солди. Чунки бу сўзлар на оддий ахлоққа, на инсонийликка, на мусулмон биродарликка тўғри келади. У шундай деди: «Ғазо халқи очликнинг маълум босқичига етса, уларнинг олдида уч йўл қолади: ё яҳудийлар томонга ўтиб, ўққа тутилишади, ё ўзларини денгизга ташлашади, ёки Мисрга борадилар. Аммо бу мутлақо мумкин эмас». Бу баёнот мусулмон мамлакат расмийсига асло ярашмайдиган, ғайриинсоний расмий позицияни акс эттиради. Шу билан бирга, Ғазодаги биродарларимизга нисбатан жиноий муносабатни ифода этади. Ахир, улар 18 йилдан буён яҳудий вужуди ва Миср режими томонидан ўрнатилган қамал остида яшаб келмоқдалар!
Миср режими йиллар давомида Ғазо аҳлига ёрдам қилаётгани ва тажовузкорликка қарши улар билан бир сафда эканини даъво қилиб келган эди. Бироқ генерал Мажовирнинг бу баёноти айни шу ёлғон ниқобни бутунлай йиртиб ташлади ва Ғазога нисбатан олиб борилаётган расмий сиёсатнинг ҳақиқий, разил қиёфасини фош этди. Бу сиёсат бўйича на ёрдам беришга рухсат бор, на жабр чекканларга ҳамдардлик кўрсатиш мумкин, на оч ва муҳтожлар учун эшиклар очиқ! Ҳатто вазият шунчалик кескинлашдики, эндиликда ғазоликлар учун Миср ҳудудига кириш «мутлақо мумкин эмас»лиги очиқ эълон қилинмоқда. Бу билан Ғазо аҳли гўё душман сифатида кўрсатилмоқда!
Синай ҳокимининг бу баёнотини амалга оширилаётган сиёсатдан айри ҳолда тушуниш мумкин эмас. Чунки айнан шу сўзлар орқали Миср режими ўз қарорларини Америка маъмуриятининг ихтиёрига топширмоқда, Америка эса яҳудийларнинг хоҳиш-истакларини тўлиқ қондиришга ҳаракат қилмоқда. Ғазога қўйилган қамал фақат яҳудий вужудининг қарори эмас, балки Миср режими билан тўлиқ ҳамкорликда, Америка томонидан очиқдан-очиқ қўллаб-қувватланиб амалга оширилаётган сиёсатдир. Бундан мақсад эса – Ғазо аҳлининг иродасини синдириб, уларни таслим бўлишга мажбурлашдир. Балки бундан ҳам даҳшатлиси, бутун Ислом Умматини тиз чўктириш, уни умидсизликка ғарқ қилиш ва ўзгаришга бўлган ҳар қандай ишончни батамом сўндиришдир.
Ҳокимнинг бу баёноти, шунингдек, Ғазога нисбатан юритилаётган расмий сиёсатнинг асл моҳиятини фош этди. Бу сиёсатда Ғазога ақийдавий ва маънавий масъулият деб эмас, балки фақат хавфсизлик юки сифатида қаралаяпти, Ғазо аҳли халқ онгида «эҳтимолий хавф» сифатида кўрсатилиб, уларни Миср ҳудудига яқинлаштирмаслик ғояси тарғиб қилиняпти. Гўё улар диндош биродарлар ва Фаластин масаласи соҳиблари эмас, балки хавфли вабо ёки босқинчилардек кўрсатиляпти! Ҳолбуки, Фаластин масаласи фақат ғазоликларники эмас, балки бутун Ислом Умматининг масаласидир. Чунки Ғазо ва бутун Фаластин хирож ерлари бўлиб, Умматнинг мулки ҳисобланади. Бу муборак заминни озод қилиш ва ҳимоялаш бутун Уммат, айниқса, энг яқин ва энг муносиб бўлган Миср аҳли ҳамда унинг армияси зиммасидаги фарздир.
Агар бирорта расмий шахс очликдан азият чекаётган инсонларни ўз юртига киритмаслиги уларнинг ҳалокатига сабаб бўлишини била туриб, уларни қабул қилмаслик ҳақида баёнот берса, бу барча жиҳатдан тўлиқ шаклланган жиноятдир. Агар Мисрдаги коррупциялашган суд тизими уни жавобгарликка тортмаса ҳам, Аллоҳ Таоло қиёмат куни албатта уни сўроққа тутади, тарих эса бундай хиёнаткорларни ҳеч қачон кечирмайди. Росулуллоҳ ﷺ бундай деганлар:
«وَأَيُّمَا أَهْلُ عَرْصَةٍ أَصْبَحَ فِيهِمْ امْرُؤٌ جَائِعٌ فَقَدْ بَرِئَتْ مِنْهُمْ ذِمَّةُ اللَّهِ تَعَالَى»
«Қайси бир жамоа ичида бир инсон оч ҳолда тонг оттирса, улардан Аллоҳ таолонинг ҳимоя–кафолати соқит бўлади». (Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадис ўзини «бетарафмиз» ёки «сиёсий манфаатни ҳисобга олдик» деб баҳона қилаётган ҳар қандай режимнинг даъволарини бутунлай инкор этади. Агар бугун Ғазо аҳли очликдан ҳалок бўлаётган бўлса, шунингдек, Миср дарвозалари уларнинг қаршисида ёпилиб, озиқ-овқат ва дори-дармон кириши тўсиб қўйилган бўлса, у ҳолда Аллоҳ таолонинг ҳимоя-кафолати бу режимлардан соқит бўлади. Кимки улар билан тил бириктирса, ёки уларнинг зулмига нисбатан сукут сақласа, ёхуд уламо, журналист ёки сиёсатчи сифатида уларни оқлаб, баҳона топиб берса, у ҳам хиёнатда уларга шерик саналади ва Аллоҳ таолонинг ҳимоя-кафолати ундан ҳам соқит бўлади.
Эй Ғазо аҳли!
Сабр қилинг ва бир-бирингизни сабрга чақиринг! Чунки сиз ҳақ йўлдасиз, собитқадамлик билан унда мустаҳкам турибсиз. Сиз қиёмат кунига қадар риботда турибсиз. Аллоҳ таоло сизнинг жиҳодингизни ҳеч қачон зое қилмайди ва тўкилган қонларингизни беҳуда кетказмайди!
Эй Миср аҳли! Эй Канона юртининг фарзандлари! Шуни билингларки, Аллоҳ сиздан Ғазо ҳақида албатта сўрайди! Сизни ўз юртингиз дарвозалари ғазолик диндошларингиз қаршисида ёпиб қўйилгани, шунингдек, уларнинг қамал қилиниши ва очликка маҳкум этилишига нисбатан сукут сақлаб, зулмга шерик бўлганингиз ҳақида сўроққа тутади! Шу боис, қамални зудлик билан олиб ташлаш учун ҳаракат қилинг! Чунки бугун Ғазога нафақат ҳамдардлик баёнотлари ва ёрдам карвонлари керак, балки уни озод этиш ва яҳудийлардан поклаш учун йўлга чиқадиган армиялар керак!
﴿هَٰذَا بَلَٰغٞ لِّلنَّاسِ وَلِيُنذَرُواْ بِهِۦ وَلِيَعۡلَمُوٓاْ أَنَّمَا هُوَ إِلَٰهٞ وَٰحِدٞ وَلِيَذَّكَّرَ أُوْلُواْ ٱلۡأَلۡبَٰبِ﴾
«Бу (Қуръон) одамлар огоҳлантирилишлари ва (Аллоҳ) ягона илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун (Аллоҳ тарафидан нозил қилинган) бир баёнот-хабардир»
[Иброҳим 52]
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Миср вилоятидаги
матбуот бўлими