Сиёсий шахсларни шакллантириш

23
0

Сиёсий шахсларни шакллантириш

Исломий жамиятда сиёсий шахсларни шакллантириш шунчаки мутахассислар тайёрлаш эмас, балки у чуқур мафкуравий ва стратегик вазифадир. Бу жараён бошқарувга оид тажрибаларни ўргатиш билан бир қаторда, биринчи ўринда, ўз билими, қарорлари ва хатти-ҳаракатларини Исломга асослаб, сиёсий фикрлай оладиган шахсларни тарбиялашдан иборатдир. Бундай сиёсий шахслар давлат манфаатлари ҳимоячисигина бўлиб қолмай, балки ҳаёти Аллоҳнинг қонун-қоидаларига асосланган жамиятда намунали шахс бўлиши керак. Улар шариатга мувофиқ ижтимоий-сиёсий ривожланиш режаларини туза олиши, Исломнинг мақсадларини ва унинг ҳаёт низоми сифатидаги ўзига хослигини англаши, Исломий аҳкомларни жамиятга тарғиб этиши ҳамда Исломий сиёсий партиянинг ва келажакдаги давлат институтларининг обрў-эътиборини мустаҳкамлай олиши керак.

Бундай шахсларни тайёрлаш асосий сифатларни ривожлантиришни талаб қилади. Улардан энг муҳими сиёсий фикрлаш қобилиятидир. Бу қобилият капиталистик тузумдаги каби прагматизмга эмас, балки Аллоҳдан қўрқишга асосланган иймон (ақида), фикрий тамойиллар ва шаръий асослардан иборатдир.

Бундай инсон жамият ва дунёдаги вазиятни Исломий дунёқараш асосида таҳлил қила олиши, ҳодисаларнинг сабаблари, шароитлари ва оқибатларини Қуръон ва суннат асосида англаши, стратегик режа туза олиши ва тизимли равишда иш олиб боришга қобилиятли бўлиши керак.

Иккинчи зарурий сифат – чуқур фикрлашдир. Бу шунчаки билим эмас, балки Ислом йўлининг ҳаққонийлигига бўлган ишонч, Ислом мафкурасининг мақсадлари ва уни амалга ошириш усулларини англаш ва уни бошқа – гарчи ташқи томондан ўхшаш бўлса ҳам – мафкуралардан ажрата билишдан иборатдир.

Учинчи зарурий сифат – шаръий саводхонликдир. Инсон фиқҳнинг асоси бўлган усул илмини, шариат мақсадларини, шунингдек, Ислом аҳкомларини замонавий шароитлар ва ҳолатларда қандай қўллаш лозимлигини ҳам билиши керак.

Қолаверса, сиёсий партиялар миқёсида бўладими ёки индивидуал фаолият миқёсида бўладими, одамларни бирлаштириш, ривожлантириш, уларнинг қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва жамият ичида буларни мустаҳкамлашга қобилиятли бўлиш ҳам жуда муҳимдир.

Ислом тарихида Ислом учун фидойи тажрибали кадрлар тайёрлашга катта эътибор берилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ пайғамбарлик рисоласининг бошиданоқ саҳобаларини илм ва тарбия билан шакллантирган эдилар. Уларнинг кўпчилиги кейинчалик машҳур волийлар, қозилар, олимлар ва лашкарбошиларга айланишди. Муоз ибн Жабални Яманга юбораётганда, унга Қуръон ва Суннатга таяниб, ҳукм юритишни, агар улардан ечим топа олмаса, ўз раъйи билан ижтиҳод қилиб ҳукм қилишни буюрди. Бу индивидуал вазиятларда ҳам мафкуравий етуклик, шаръий илм ва сиёсий масъулият зарурлигини кўрсатади.

Халифа Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) кадрларни танлаш ва назорат қилишга алоҳида аҳамият берар эди. У ҳокимларни синчиклаб танлаб олар ва уларни мунтазам кузатиб борар эди. Қолаверса, адолатдан четга чиқмайдиган, халққа сидқидилдан хизмат қиладиган шахсларни тарбиялаш учун мактаб ва муассасалар ташкил этган эди.

Қуддусни озод қилган буюк саркарда Салоҳиддин Айюбий ҳам одоб-ахлоқ ва стратегик донолик намунаси эди. Шунингдек давлат ва армияни бошқаришда қобилиятли диндор кишиларга таянар эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ шундай марҳамат қилдилар: “Агар иш нолойиқ кимса қўлига ўтиб қолса, қиёматни кутаверинг”. (Саҳиҳ Бухорий, 59-ҳадис).

Бу ҳадиси шарифда ҳар бир ишни етарли билим, тажриба ва тақвога эга бўлган кишиларга топшириш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланган. Аксинча жамиятнинг қулаши турган гап. Яна У зот шундай дедилар: “Аллоҳ ўз ишини пухта бажарган бандасини яхши кўради”. (Ал-Байҳақий, Шуъаб ал-Имон).

Бу ҳадиси шариф Исломда касбикорлик, масъулият ва юқори сифатли иш муҳимлигини кўрсатмоқда. “أتقن” тушунчаси вазифани диққат, маҳорат ва ихлос билан энг юқори даражада бажаришни англатади.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ҳаракатсиз билим мевасиз дарахтга ўхшайди”.

Умар ибн ал-Хаттоб ҳам бундай деб огоҳлантирганлар: “Мен сизларга камбағаллик етишидан қўрқмайман, балки дунёга берилиб кетиб, ҳақиқатни унутиб қўйишингиздан қўрқаман”.

Бу сўзлар кадрлар тайёрлашда билим билан бирга самимийлик, холис ният ва масъулият муҳим ўринни эгаллашини кўрсатади.

Константинополни фатҳ этган буюк султон Муҳаммад Фотиҳ (1432–1481) Ислом асосида тарбияланган шахс нақадар тарихий ўзгаришларга олиб келиши мумкинлигига ёрқин мисолдир. У нафақат ҳарбий саркарда, балки Ислом мафкураси билан яхши суғорилган билимдон ва моҳир етакчи ҳам эди. Унинг образи Пайғамбаримиз ﷺнинг ҳадисларида таърифланган: “Келажакда Константинопол албатта фатҳ қилинади, унинг амири нақадар бахтли амирдир ва унинг қўшини қандай ҳам ажойиб қўшин”. Имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон).

Отаси султон Мурод II ўғли Фотиҳга болалигидан мана шу улуғ вазифани юклаб, ўша даврнинг энг яхши олимлари, ҳарбий ва диний устозларини унга муаллим этиб тайинлади. Улар орасида Шайх Шамсуддин алоҳида ўринга эга. У ёш шаҳзодага фиқҳ, Қуръон ва Ислом мафкурасидан таълим бериб, Константинополни фатҳ этиш шунчаки сиёсий мақсад эмас, балки Пайғамбар башорати эканлигини уқтирди.

Фотиҳ ёшлигидан Исломий илмлар, мантиқ, математика, фалсафа, астрономия, тиббиёт ва хорижий тилларни пухта ўзлаштирди. Араб, форс, юнон, лотин ва турк тилларида бемалол сўзлаша оларди. Бу унинг кенг билимга ва сиёсий етакчиликка ҳамда юксак интеллектуал савияга эга эканлигидан далолат беради.

Султон диний ва ҳарбий ишлар билан чекланиб қолмади. У архитектура ва муҳандислик соҳасида ҳам чуқур билимга эга эди. Константинополни қамал қилиш пайтидаги ҳужум қуролларини унинг ўзи ишлаб чиқди. Қалъани қўлга киритгач, уни вайрон қилиб ташламади, балки пойтахтга айлантирди ва бошқа дин вакилларига ҳам адолатли муносабатда бўлиб, уларни Исломий бошқарув сояси остига олди.

Муҳаммад Фотиҳ Исломий мафкура, етук сиёсат ва чуқур билимга эга давлат арбобининг намунаси эди. Унинг ҳаёти иймон-эътиқод, илм ва юксак мақсад асосидаги тарихий битиклар намунасидир.

Аллоҳ Таоло Қуръонда кадр танлаш мезонларини қуйидагича баён қилади:

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُمْ بَيْنَ النَّاسِ أَنْ تَحْكُمُوا بِالْعَدْلِ إِنَّ اللَّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُمْ بِهِ إِنَّ اللَّهَ كَانَ سَمِيعًا بَصِيرًا

“Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган зотдир!” (Нисо, 58).

Бу оят ишончли ва илмли бўлиш етакчиликка лойиқ фазилатларнинг асосий шарти эканлигини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, сиёсий шахсни тайёрлаш шунчаки техник вазифа эмас, балки бу маънавий, мафкуравий ва сиёсий жараёндир. Бундай инсонлар Ислом мафкурасини чуқур ўрганиш билан бирга, унга амал қиладиган, жамиятга етказа оладиган, уни ўз хатти-ҳаракатларига асос қилиб оладиган, давлатни шариат асосида ривожлантириб, Ислом арконларини ҳимоя қиладиган, Аллоҳ учун Умматни тараққиётга эриштирадиган инсонлар бўлиши керак. Бундай инсонларсиз Исломий сиёсий тузум самарали фаолият юрита олмайди. Шундай экан, Умматни тирилтирмоқчи бўлган ҳар бир киши ана шундай инсонларни тарбиялашда иштирок этиши ва ўзи ҳам ўшаларлан бири бўлишга интилмоғи лозим. Бу ҳақиқий “рошидийн”ларнинг, яъни тўғри йўлдаги Халифаларнинг йўлидир.

Туркистон

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here