Ўзбекистонда намоз ўқиш таъқиқланмоқда
Рамазон ойи бошланиши билан Ўзбекистон масжидларида ҳуқуқ-тартибот идораларининг рейдлари кўпайди. Ёш авлоднинг масжидларга кириши таъқиқланмоқда. Рейдлар Ўзбекистон муфтийси Нуриддин Холиқназаровнинг “муборак ойда болаларни таровиҳ намозига олиб бормаслик”ка чақирганидан сўнг бошланган. “Озодлик” радиосининг хабарига кўра, айрим ҳудудларда ўқитувчилар ҳам ушбу рейдларга жалб қилинган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда полиция ходимлари катталар билан бир сафда намоз ўқиётган болаларни қўлларидан ушлаб, ташқарига олиб чиқиб кетаётганини кўриш мумкин.
Ўзбекистонда болаларнинг масжидлардан ҳайдалиш ҳолати биринчи марта бўлаётгани йўқ. Аммо Каримов давридан бери ҳокимият ва мусулмонлар ўртасида давом этаётган курашда муфтийнинг очиқчасига ҳокимият томонига ўтиши биринчи марта кузатилмоқда.
“Кичик болаларни уйда қолдиришингиз мумкин, чунки масжидда улар югуриб, ўйнаб, масжидга келганларга халақит беради. Ҳозир ўқиш вақти, болалар эрта тонгдан туриб мактабга боришлари керак. Шунинг учун уларни уйда қолдириб, намозларини оила ичида ўқишини таъминлаш мақсадга мувофиқдир”, — деди Ўзбекистон муфтийси.
Муфтийнинг бу сўзлари Ўзбекистон мусулмонларининг норозилигига сабаб бўлди. Чунки болалар ёшлигидан иймон муҳитига кириб, намоз ўқишни ўрганишлари керак. Қолаверса, намоз ўқишни ўргатиш, Исломий жамиятни мустаҳкамлаш имом ва муфтийларнинг бурчидир. Муфтий ва имомлар ўз бурчларини бажариш ўрнига ҳукумат таъқиқларини оқлаш ва амалга ошириш учун йўқ ердан сабаблар ўйлаб топиб, улардан расмий баҳона сифатида фойдаланмоқда.
“Бугун мен имом-хатибларга ҳам айтдим, агар бола масжидга бораман деб туриб олса, отаси унга “Ўғлим, дарсингни қил, ухла, мен масжидга бориб сен учун ҳам намоз ўқийман”, деб айтиши керак. Агар бу ҳолат 2-3 марта такрорланиб, оталар фарзандларини кечки намозга олиб келишда давом этса, намоздан кейин биз имомлар ўша оталар ва фарзандлари билан алоҳида гаплашамиз”, — дейди Ўзбекистон масжидларининг имом-хатибларидан бири.
Ўзбекистон муфтийсининг болаларни таровиҳ намозига олиб бормаслик ҳақидаги чақириғидан сўнг республиканинг айрим ҳудудларида масжидларга кириш назорати кучайтирилиб, бу тадбирларга ички ишлар ходимлари ва мактаб ўқитувчилари жалб қилинди. Фарғона водийси ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳуқуқ-тартибот идоралари муфтийнинг сўзларига таяниб, болаларнинг масжидга киришига тўсқинлик қилмоқда.
Ўзбекистон расмийларининг болаларни масжидлардан ва диний тадбирлардан тўсишга уриниши биринчи марта бўлаётгани йўқ. Мирзиёев президентлигининг дастлабки йилларида Исломга қарши кураш сиёсати доирасида мактаб ўқувчиларининг таътил вақтида масжидга бориши таъқиқланган эди. Ўша пайтда ҳам расмий ҳукуматнинг бу қарори диний етакчилар томонидан қўллаб-қувватланган эди.
Исломга қарши курашнинг кучайиши, хусусан бу курашда ўзбек ёшларини нишонга олиниши Исломнинг мамлакат аҳолисига, айниқса, ёшларга чуқур таъсири билан боғлиқдир. Ҳукумат Исломга қарши курашнинг ҳар турли усулларини синаб кўрди. Эндиликда ёшлар онгини Ислом таъсиридан ҳатто куч билан қўрқитиш орқали тўсишга ҳаракат қилмоқда. Чунки Ислом дини инсонни ёшлигидан шахсия сифатида тарбиялаш қудратига эга.
Мирзиёев устози Каримов изидан бориб, динга қарши курашни давом эттираётгани ҳаммага маълум. У ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун Россия ва Ғарб сиёсатини амалга оширмоқда. Шунингдек, ҳукумат ўзини ва жиноятларини ҳимоя қилаётган ҳуқуқ-тартибот идораларини ўз жиноятларига шерик қилишининг ажабналарли жойи йўқ.
Аслини олганда, масжидларда намоз ўқиш жиноят ҳисобланмайди ва ўзбек халқининг урф-одатларига ҳам зид эмас. Полиция ва ўқитувчилар ўз ишларидан ажраб қолишни рўкач қилиб, ҳукуматнинг буйруғига бўйсунишга мажбурлигини баҳона қилар балки, аммо дин пешволари нимани баҳона қилар экан?!
Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
أَرَأَيْتَ الَّذِي يَنْهَى –9, عَبْدًا إِذَا صَلَّى –10, أَرَأَيْتَ إِنْ كَانَ عَلَى الْهُدَى –11, أَوْ أَمَرَ بِالتَّقْوَى –12, أَرَأَيْتَ إِنْ كَذَّبَ وَتَوَلَّى –13, أَلَمْ يَعْلَمْ بِأَنَّ اللَّهَ يَرَى –14, كَلَّا لَئِنْ لَمْ يَنْتَهِ لَنَسْفَعَ بِالنَّاصِيَةِ –14, نَاصِيَةٍ كَاذِبَةٍ خَاطِئَةٍ –16,
“(Эй инсон), бир бандани (яъни Муҳаммад алайҳис-саломни) намоз ўқиган вақтида (намозидан) тўсадиган кимсани кўрдингми?! Хабар бергин-чи, агар у (намоз ўқигувчи) ўзи Тўғри йўлда бўлса, ёки (ўзгаларни) тақвога (Аллоҳдан қўрқишга) буюрса (уни намоздан ва тақводан тўсган кимса ҳалок бўлмасми) Хабар бергин-чи, агар у (намоздан тўсгувчи кимса Аллоҳнинг китобини) ёлғон, деса ва (у Китобга иймон келтиришдан) юз ўгирса, албатта Аллоҳ (унинг барча қилмишларини) кўриб туришини билмасми?! Йўқ! Қасамки, агар у (бундай гумроҳликдан) тўхтамаса, албатта Биз унинг пешона сочидан — ўша ёлғончи, адашган пешона сочидан тутармиз-да, (жаҳаннамга отурмиз)! (Ал-Алак: 9-16).
Аллоҳ Таоло масжидларда намоз ўқишга тўсқинлик қилишни очиқ гуноҳлигини баён қилди. Ушбу сурада Аллоҳ Таоло намоз ўқиётган кишига тўсқинлик қилувчилардан ғазабланишини яширмади. Агар намоз ўқиётган киши тўғри йўлда бўлса ва унга қатъий амал қилаётган бўлса, демак муфтий ва имомлар намозга қарши чиқиб, Аллоҳга душманлик қилмоқдами? Тўғри йўлдан адашган одамгина мўминларга очиқдан-очиқ тўсқинлик қилади ва бошқаларни ҳам адаштиради. Шунингдек, бу сурада Аллоҳ Таоло бандасининг қандай ҳақиқатга қарши чиқиши, Қуръонни тан олмай, Унинг амрларидан қандай юз ўгиришидан ажабланмоқда. Ёки бандалар Аллоҳ Таоло ҳамма нарсани зоҳирию ботинини кўриб туришини ва ҳар бир ҳаракатдан бохабар эканлигини билишмайдими?
Латиф Расих.