Александр Башкин: Биз Туркманистондан Озарбойжонга газ қувури қурилишига рухсат бермаймиз

328
1

Александр Башкин: Биз Туркманистондан Озарбойжонга газ қувури қурилишига рухсат бермаймиз

 Хабар: Россия Федерация Кенгашининг аъзоси Александр Башкин Туркманистон-Озарбойжон транскаспий газ қувури қурилишига рухсат берилмаслигини маълум қилди.

 Унинг сўзларига кўра, Ғарб экспертлари туркман гази Боку орқали Туркияга, у ердан эса Европага экспорт қилиниши, бу билан Россия газига қарамликдан озод бўлиш мумкинлигига бекорга умид қилмоқда.

 “Шуни билиш керакки, Каспий денгизининг мақоми тўғрисидаги бешта Каспий давлати томонидан имзоланган ҳужжатга кўра, барча давлатлар ўзаро муносабатларда ҳар қандай лойиҳаларни амалга оширишга розилик бериши керак, айниқса экологик хавфсизлик соҳасида. Сув остидан ётқизиладиган газ қувури Каспий денгизининг экологик хавфсизлигига таҳдид солиши сабабли, Россия унинг қурилишига рози бўлолмайди”, – деди сенатор.

 “Айни пайтда Туркманистоннинг иқтисодий манфаатларидан хавотирланишга ҳожат йўқ. Бизга дўстона бўлган ушбу давлат газининг ҳар қандай ҳажмини Хитой, Ҳиндистон ва Россия қабул қилишга қодир”, – деб хулоса қилди Башкин.

 13-14 декабр кунлари Туркманистоннинг Овоза туристик зонасида Озарбойжон, Туркия ва Туркманистон раҳбарлари саммити ўтказилди ва унда Транскаспий газ қувури лойиҳаси яна муҳокама қилинган бўлиши мумкин. Туркманистон матбуотида газ қувури мавзуси деярли тилга олинмади. Шу билан бирга, Россиянинг “Коммерсант” нашри туркман газини Озарбойжон орқали Европага етказиб беришни ташкил этиш гўёки саммитнинг асосий мақсади бўлганини ёзди.

 Изоҳ: Жорий йилнинг 1-июл куни Туркманистон пойтахти Ашхободга ташриф буюриган Туркия вице-президенти Фуат Октай Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов билан учрашган эди. Мазкур учрашув якунида Туркиянинг юқори мартабали расмийси туркман газини Туркияга ташишнинг учта варианти кўриб чиқилаётганини маълум қилганди.

 “Булар қуйидаги учта муқобил: Каспий бўйлаб TANAP линиясидан фойдаланиш, SWAP келишуви ёки денгиз орқали қувур линиясига ўтиш. Тайёргарлик ишларини якунлашга жуда яқин эканлигимизни эълон қилишдан хурсандман”, – деган эди вице-президент.

 TANAP газ қувури Европа комиссияси ташаббуси билан яратилган Жанубий газ транспорт коридорининг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Жанубий газ транспорт коридорига Транс-Анадолу қувур линиясидан (TANAP) ташқари, Жанубий Кавказ газ қувури ва Транс-Адриатик газ қувури (ТАP) киради. Туркманистондан Транскаспий газ қувури лойиҳаси амалга оширилса, у Трансанадолу линиясига уланиши мумкин.

 TANAP газ қувури Озарбайжон газини Грецияга етказиб беради. Грециядан эса бу линия TAP газ қувурига уланади ва шу тариқа Озарбайжон гази Албания, Болгария, Италия ва бошқа марказий Европа бозорларига етказилади. TANAPнинг ўтказиш қуввати йилига 15 миллиард куб метр газни ташкил этади, TAP эса 10 миллиард куб метр газни ўтказишга қодир.

 Туркия вице-президенти TANAPдан ташқари туркман газини сотиб олишнинг яна иккита вариантини тилга олиб ўтди.

 Улардан бири своп етказиб беришдир. Туркия ва Туркманистон ўртасидаги алмаштириш схемаси бўйича газ етказиб бериш режасига Эрон ва Озарбайжон киради. Ушбу схема бўйича  Туркманистон Туркия учун мўлжалланган газни Эронга юборади ва улар ўз навбатида худди шундай ҳажмдаги газни Озарбайжонга жўнатади ва у ердан Туркияга йўналтирилади.

 Туркманистондан газ етказиб беришнинг учинчи варианти эса уни суюлтирилган ҳолда Каспий денгизи орқали Озарбайжонга, у ердан эса қувурлар орқали Туркияга ўтказиш ғоясидир.

 Бугунги кунда Туркманистон ўз газини фақат Россия ва Хитойга сотишга мажбур. Муқобил харидор бўлмагани сабабли Хитой ва Россия ундан жуда арзон нархларда газ сотиб олади. АҚШ Туркманистоннинг газ экспорти бўйича Россияга бўлган қарамликдан узиш ва туркман гази назоратини ўз қўлига олиш мақсадида 1800 км узунликдаги Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ – ТАПИ) газ қувури лойиҳасини амалга оширишга киришди. Мазкур лойиҳа ҳар йили 33 миллиард куб метрга яқин туркман газини экспорт қилиш учун мўлжалланган. Агар мазкур лойиҳа амалга ошса минтақадаги энг арзон бўлган туркман гази учун яна учта харидор нақд бўлади. Ҳозирги тақсимот билан Афғонистон йилига 5 миллиард кубометр, Покистон 14 миллиард кубометр, Ҳиндистон 14 миллиард кубометр олади. Бу ўз навбатида Россияни газ нархи борасида Туркманистонга босим ўтказиш ричагидан маҳрум қилса, бошқа томондан йилига 35 миллиард кубометр газ сотиб оладиган Хитойга Пекинга тобеълик даражасини камайтириш имконини беради. 

 Агар туркман газини Озарбайжон орқали Европага етказиб бериш ҳам амалга ошадиган бўлса, бугунги кунда энергетика соҳасида Россияга жиддий қарам бўлган Европани Россия босимидан қисман қутулишига олиб келади ва минтақани АҚШга бўлган қарамлигини оширади. Аммо Россия ўз имкониятидаги барча воситалар билан бунга қаршилик қилиши аниқ. Бироқ, кундан кунга сўниб бораётган Россия мавқейи ва қудрати бунга қачонгача қаршилик қила олиши вақт масаласи холос.

 Абдураҳмон Одилов

1 COMMENT

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here