АҚШдаги ҳодисалар ва уларнинг халқаро вазиятга таъсири

425
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

АҚШдаги ҳодисалар ва уларнинг халқаро вазиятга таъсири

(Иккинчи қисм)

Устоз Асъад Мансур қаламига мансуб

Дарҳақиқат, Америка Ироқ ва Афғонистонда мусулмонлар қўлидан қақшатқич зарбалар еди, бу уни ўзининг иккала юртда ҳам ғалаба қозонолмаганини турли услубда ифодалашга мажбур қилди. Бу нарса собиқ АҚШ президенти Обама ва бошқа расмийлар тилидан ҳам янграган. Масалан, Буш ва Обама даврларида АҚШ бош вазири бўлган Роберт Гейтс «энди АҚШ бир вақтнинг ўзида икки урушга асло кирмайди», деди. Америка Ироқдан 2008 йил чиқиб кетишга қарор қилди ва Афғонистондан ҳам чиқиб кетишга тайёрланди. Бу Россияга 2008 йил августда Грузияга ҳарбий агрессия қилишга журъат берди. У буни Абхазия ва Жанубий Осетияни Америкадан тортиб олиш мақсадида қилди. Аммо Америка бунга миқ этгани йўқ. Бу эса, Американинг дунёдаги биринчи давлатлик мақомига дарз етганига далолат қилади. Яқинда 2020 йил 29 февралда у тушиб кетган обрўсини тиклаш учун Афғонистондан кучларини олиб чиқиб кетишни мақсад қилди ва бунинг учун Толибон ҳаракати билан битим имзолади. Илгари 2019 йил 9 октябрда Трамп твиттерда бундай деб ёзган эди: «Америка Яқин Шарқдаги жангга ва ерни ҳимоя қилишга 8 триллион доллар сарфлади, минглаб шарафли аскарлар ўлди ёки яраланди. Бошқа томондан миллионлаб инсонлар ўлди. Яқин Шарққа бориш мутлақо ёмон қарор бўлган». Шунга ўхшаш баёнотни жорий йилнинг апрел ойида ҳам такрорлади. Бу Американинг урушлар юкини кўтаролмай қолганига, бинобарин, дунёнинг биринчи давлати бўлишга чидай олмаётганига далолат қилади.

Молиявий кризис юзага келиб, Американинг қудрати олабўжи эканлиги, кризисни ҳал этишга бу давлат ҳам, капитализм ҳам қодир эмаслиги фош бўлди, ўн йил бўлганига қарамай, ҳамон унинг оқибатларидан қутулолмаётган бу кризиснинг нақадар мураккаблиги очилди. Шу боис, Америкага ҳам, капиталистик тузумга ҳам, халқаро молиявий системага ҳам ишончсизлик пайдо бўла бошлади. Ҳолбуки, Америка Иккинчи Жаҳон урушидан дунёнинг энг кучли давлати сифатида ғалаба билан чиққач, 1944 йил Бреттон-Вудс конференциясида чиқарган қарорлари билан халқаро молиявий система устидан ҳукмронлик қилаётган эди. 2008 йилги молиявий кризис юз бергандан сўнг баъзи давлатлар Америкадан етакчилик тизгинини тортиб олиш сари ҳаракат қилишни бошлади. Франциянинг собиқ президенти Саркози мавжуд система ўрнига янги халқаро молиявий система яратишга чақирди. Бу Американинг эркин капиталистик система устидаги етакчилигини ҳамда Халқаро Валюта Фонди ва Жаҳон Банкига бўлган ҳукмронлигини ундан тортиб олишга чақириқ бўлди. Шунингдек, бу АҚШ долларининг барча валюталар ўлчанадиган ва барча товарларни, айниқса нефт ва олтинни қиймати белгиланадиган асосий валюталик мақомидан туширишга чақириқ бўлди. Бу ёқдан Германия чиқиб, кризиснинг келиб чиқишига ва дунё халқларининг қашшоқлашишига жавобгарликни АҚШ зиммасига юклади. Бу айблов ўша йили Германия собиқ молия вазири Пеер Штайнбрюк тилидан янгради. Хитой долларни ҳукмронликдан тушириш учун олтин системасига қайтишга чақирди ва Россия билан биргаликда ўзининг маҳаллий валютасида савдо қилишга ҳаракат қилди. Бундан кўриниб турибдики, Америка айни давлатлар томонидан ўзининг ҳукмронлигига қарши бошланган ҳаракатга заиф позицияда турибди.

Исломий юртларда, хусусан, араб давлатларида норозиликлар ва қўзғолонлар аланга олди ҳамда бу АҚШ билан Европанинг малайларига қарши тўлқин эди. Бу ҳодиса айниқса Американи силкитиб, қўзғолонлар билан банд қилиб қўйди, ҳозирда уларнинг муваффақиятини кечиктиришга муваффақ бўлаётган эса-да, аммо ҳамон улар билан овора бўлиб келяпти. Ушбу Ислом Уммати қўзғолони билан Америка минг ўлчаш билан муомала қилмоқда, чунки у шуни тушуниб турибдики, гарчи ҳозирда уларнинг муваффақиятини кечиктиришга муваффақ бўлаётган эса-да, бироқ уларнинг илдизини йўқотиш қўлидан келмади, уларнинг аланга олиш сабабларини ҳал қилолмади. Шунинг учун бу қўзғолонларнинг қайта аланга олиш хавфи мавжуд бўлиб турибди. Бу Умматдаги онгнинг ўсганлиги ва онгли холис сиёсий етакчиликни топганлиги билан боғлиқдир. Чунки араб давлатларидаги қўзғолонлар, Обама айтганидек, бутун глобал система учун муаммога айланди, айниқса, айни тизимни бошқараётган Американи курашга чақирмоқда. Бу қўзғолонлар бутун дунёга ҳам таъсирини кўрсатди. Масалан, 2011 йил араб давлатларида бошланган қўзғолонга ўхшаган қўзғолон Америкада ҳам аланга олиб, «Уолл-стритни эгалланг» шиори билан режимни ағдаришга чақирди.

Америка Украинадаги вазият ва одамлар ҳаракатидан фойдаланиб, юрт тепасидан Россия малайларини ағдаришга ҳаракат қилди. Аммо Россия ҳаракатга келиб, Қримга бостириб кириб, уни Украинадан тортиб олди ва 2014 йил унинг аннексия қилганини эълон қилди. Шунингдек, Шарқий Украинадаги ўз тарафдорларини ҳаракатга келтириб, сепаратистик ҳаракат орқали ўша ерда иккита республика барпо қилишга чақирди. Бу Америка юзига тарсаки тортилганини, ўз навбатида, минтақада Россиянинг мавқеи кучайганини ва худди 2008 йилда Грузияда содир бўлгани сингари Америкага бўлган ишончга путур етганини англатади.

Америка бозор иқтисодиёти ва глобаллашув, деган нарсаларни бошлаб, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари Халқаро Савдо Ташкилотини таъсис этди ва шу орқали дунё иқтисодига етакчилик қилишга уринди. Бироқ шу билан боғлиқ шартномалар ва сиёсатларни бузган давлатларнинг биринчиси Америка бўлди. Ўзининг айни ҳаракатига қарши чиқишдан ҳимояловчи қонунлар чиқариб, ҳозирги президенти Трамп даврида ҳамма давлатга қарши уруш бошлади, бу кимса эса «Америка биринчи» шиорини кўтариб чиқди. Бошқача ибора билан айтганда, Америка аввалу охир фақат ўз манфаатларини ўйламоқда ва шу манфаатлари йўлида ҳар қандай шартномаларни депсамоқда. Шунинг учун ҳам бу давлатнинг ўзига бўлган ишончга ҳам, унинг эркин капиталистик дунёни бошқаришига бўлган ишончга ҳам путур етди.

Америка ҳарбий, сиёсий, иқтисодий ва ҳамма соҳадаги шартнома ва битимларни буза бошлади. Ҳолбуки, уларнинг ишлаб чиқилиши ва имзоланишида асосий ролни ўзи ўйнаганди. Кейин уларни бошқаларнинг манфаатига парво ҳам қилмаган ҳолда, фақат ўзининг манфаатига мос келадиган тарзда қайта ишлаб чиқилиши ва имзолашини талаб қила бошлади. Бунга Канада ва Мексика билан қайта тузилган «NAFTA» (Шимолий Америка эркин савдо зонаси) битими, Россия билан ўрта узоқликка учувчи ракеталарни чеклаш келишуви, Эрон билан ядровий дастур битими ва Иқлим ўзгариши конвенцияси мисол бўлади. Кейин Америка ЮНЕСКОдан ва Халқаро жиноят судидан чиқиб олди. 2020 йил 21 майда Очиқ осмон шартномасидан чиқишни режалаштираётганини маълум қилди. 35 нафар давлат аъзо бўлган бу шартнома айни давлатлар осмонида қуролсиз самолётлар билан ҳаводан разведка операцияларини ўтказилишига рухсат беради. Бу Трамп маъмурияти содир этган АҚШни йирик халқаро шартномадан чиқариш билан боғлиқ энг катта ҳодиса бўлди. Очиқ осмон шартномаси 1955 йил АҚШ президенти Эйзенхауэр томонидан таклиф қилинган бўлиб, 1992 йил имзоланган. Сўнг 2002 йилда ижро этила бошлади. Бу қилмишларнинг барчаси дунё давлатларининг АҚШга бўлган ғазабини тобора орттирмоқда ҳамда унинг ўзига, ростгўйлигига, шартнома ва келишувларга амал қилишига бўлган ишончларига путур етказмоқда.

Америка илгари юзакилик билан ўзининг ҳамкори, деган Европа Иттифоқига ҳам ҳужум қиладиган бўлди. Аъзо давлатларини ундан чиқишга чақириб, Британиянинг чиқишини қўллаб-қувватлай бошлади. Ҳатто Иттифоқнинг асосий ташкилотчиси бўлган Францияни ҳам ундан чиқишга чақирди. Ўшанда 2018 йил Франция президенти АҚШни Эрон ядровий дастури шартномасидан чиқиш қароридан қайтишга Американи кўндириш мақсадида борганида, Америка уни Францияни Европа Иттифоқидан чиқаришга даъват қилди.

Америка Германия ва Франция каби нуфузли Европа давлатларига ҳужум қила бошлади. Ҳатто у ўзи етакчилик қилувчи НАТОдан чиқмоқчилиги билан таҳдид қилди ва бу НАТО анжуманида кучли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Америка бу таҳдидни Алянсга аъзо давлатлари ўз зиммаларидаги мажбуриятни, яъни, ялпи миллий даромадларининг 2 %ини тўлашлари учун уларга босим ўтказиш мақсадида қилди. Бир пайтда, у ўзининг иқтисодий ва молиявий кризисларидан қийналаётган бўлса ҳам, Алянс харажатларининг асосий қисмини зиммасига олган эди. Бу шунга далолат қиладики, Америка бутун Ғарб оламига беҳисоб мол сарфлар эди ҳамда Маршал плани, Трумэн доктринаси каби қутқарув лойиҳаларига етакчилик қилар эди. Энди Американинг бундай қилиш замони тамом бўлди. Қутқариш ва ёрдамга унинг ўзи муҳтож бўлиб қолди. Бу – Американинг халқаро позициядаги ҳолатига дарз етганини ва унинг қудратига бўлган ишончга путур етганини кўрсатмоқда.

Америка ўзи раислик қиладиган ва ўзининг иттифоқчилари бўлган «G7» давлатлари билан қаттиқ душманлашадиган бўлиб қолди. Бунга айни давлатларнинг унга қарши чиқиб, гапига қулоқ солмай қўйишгани сабаб бўлди. Бу унинг халқаро вазияти емирилаётганига далолат қилади. Оқибатда унинг президенти Трамп яқинда 2020 йил 31 май куни «G7» эскиди, яроқсизланиб қолди, дейишга мажбур бўлди. У иттифоқчиларининг Америкага қарши чиқа бошлаганини кўргач, айни ташкилотни АҚШ манфаатларига мос равишда қайта тузишни талаб қилди. Ҳатто унга Россияни ҳам қўшишга чақирди. Ваҳоланки, Америка бу давлатга Қримни аннексия қилгани учун санкциялар жорий қилган ва 2014 йил «G7»дан чиқариб юборган эди. Трамп Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Австралияни ҳам «G7»га қўшишга чақирди. Бунга айни давлатлардан «G7»га аъзо Европа давлатларига қарши туришда фойдаланиш мақсадида чақирди. Чунки улар Америкага қарши чиқадиган ва Канадани ҳам ўзларига жалб қиладиган бўлиб қолишганди. Бу давлатлар ўртасида жанжаллар ва бир-бирига ҳужум қилишлар бошланди, масалан, сўнг уч йил ичида «G7»да Италия, Белгия, Канада ва Франция ўртасида бўлганидек. Германия, Британия ва Франция мазкур давлатларни «G7»га қўшиш фикрига қарши чиқишди ва ўтган июн ойига белгиланган саммитда иштирок этишдан бош тортишди. Бу Трампни уни июлга кечиктиришга мажбур қилди. Бундан АҚШнинг ўз иттифоқчилари кўз ўнгидаги, бинобарин, бутун дунё олдидаги ҳайбати тушиб кетгани кўриниб турибди. Шунингдек, бундан ушбу давлатлар Америка позициясига путур етганини англаб етиб, унга қарши чиқадиган бўлиб қолишгани маълум бўляпти.

Америка Фаластинда икки давлат ечими лойиҳасини бекор қилди. Ҳолбуки, уни 1959 йил бошлаган ва амалда татбиқ қилиб, барча доиралар ва бутун дунё давлатларини бу ечимга рози бўлишга мажбурлаётган Американинг ўзи эди. Олтмиш йилдан бери уни амалга оширишга қаттиқ ҳаракат қилганига қарамай, бунга муваффақ бўлолмагани кўриниб қолди. У Британия лойиҳасини ҳам бекор қилган. Британия амалга оширишга муваффақ бўлиш учун ҳаракат қилган бу лойиҳа Фаластинда мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийларни ўз ичига олган демократик илмоний давлат қуриш лойиҳаси эди, худди Ливан давлатига ўхшаган. Америка ўзининг икки давлат ечими лойиҳасини қабул қилишга ҳатто Британияни ҳам мажбур қилиб, айни лойиҳани амалга ошириш учун тузган АҚШ-Россия-Европа Иттифоқи-БМТдан иборат тўртликка ўша пайтда Британия бош вазири бўлган Тони Блэрни раис қилиб тайинлаган ҳам эди. 2020 йил 28 январ куни Америка «Аср келишуви» лойиҳасини эълон қилди, бироқ бу лойиҳани бирорта ҳам давлат қўллаб-қувватламади. Европа билан Россия уни очиқ рад қилишди. Бу эса, йирик давлатлар ҳам, бошқа давлатлар ҳам энди Америка лойиҳаларини рад қила оладиган, илгаригидек унинг ҳар бир лойиҳасига итоат қилмайдиган бўлиб қолганига далолат қилмоқда.

(Давоми бор)

Роя газетаси сайтидан олинди

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here