АҚШ Туркияга С-400’ни “йўқ қилишни ёки қайтариб беришни ё ундан халос бўлишни” таклиф қилди

1528
0

АҚШ Туркияга С-400’ни “йўқ қилишни ёки қайтариб беришни ё ундан халос бўлишни” таклиф қилди

 АҚШ Туркияни Россиядан харид қилган С-400 зенит-ракета мажмуаларидан халос бўлишга чақирмоқда. Бу ҳақда АҚШ давлат департаментининг юқори лавозимли мансабдор шахси брифингда маълум қилди.  

 “Туркияда музокаралар столига қайтиш имконияти бор. Улар бунинг учун С-400’ни йўқ қилиши, қайтариб бериши ёки ундан халос бўлиши кераклигини билишади”, – деб айтган мансабдор шахс.

 Унинг таъкидлашича, Анқарада АҚШнинг Patriot зенит-ракета мажмуаларини сотиб олиш имконияти бор.

 “Уларда [Туркия] олдинга бориш танлови борлигини билишади ва танлов шундан иборатки, нафақат икки томонлама, балки НАТО ҳамжамиятида олдинга бориш учун улар С-400’дан халос бўлишлари лозим”, деб қўшимча қилган давлат департаменти вакили.

 Унинг айтишича, агар Туркия С-400’дан қутулмаса, унда Анқарага қарши санкциялар қўллашнинг “кўплаб имкониятлари” бор. 

 Ўтган ҳафта АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашув якунларига кўра Анқара томонидан С-400 сотиб олиниши билан боғлиқ муаммо ижобий ечим топишига умид билдирган эди. Трампнинг таъкидлашича, Туркия томонидан С-400 каби замонавий қуролнинг сотиб олиниши АҚШ учун “муаммо” ҳисобланади. 

 Изоҳ: Роя газетасининг 2019 йил 12 июн чоршанба кунги 238-сонида Туркиянинг С-400 зенит-ракета мажмуаларини сотиб олиш бўйича битим қандай якун топиши ҳақида қуйидагича фикр билдирилган эди:

 а) Туркия Америкага ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам боғланиб қолганлиги эътиборидан, битимни амалга оширмайди. Балки С-400 битими ўрнига, Россиядан вертолётлар каби тактик қуролларни сотиб олиши мумкин. Чунки бу каби тактик қуролларга Америка ҳам, НАТО ҳам душманона реакция билдирмайди. Шундан кейин Туркия Америкадан ўз хавфсизлигини ҳимоя қиладиган мудофаа ускуналарини олиши мумкин…

 б) Ёки америкаликлар юнонча ечимни таклиф қилишлари мумкин. Яъни, бу рус ракеталари омборга ташланиб, занг босиб ётади. Ўрнига Қўшма Штатлардан уч ярим миллиард доллар миқдоридаги Патриот ракета комплексини сотиб олади…

 в) Ёхуд русларнинг жаҳлини чиқармаслик учун бу комплексни учинчи давлатга, яъни Ҳиндистонга ўтказиб юбориш ҳам мумкин. Чунки Ҳиндистон Хитойни блокада қилиш учун Америка стратегияси бўйича кетмоқда.

 Гарчи Туркия Россиядан “С-400” сотиб олган бўлсада, уни ҳарбий шайлик ҳолатига келтиришни 2020-йилга қолдирди. Демак, Туркия ҳозирча ундан фойдаланмоқчи эмас. Катта эҳтимол билан бу ракета мажмуалари Ҳиндистонга ўтказиб юборилиши мумкин. Куни кача АҚШ давлат департаменти Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучларига 1 млрд долларлик 13 та Mk-45 артиллерия қурилмаси, ўқ-дори ва тегишли жиҳозлар сотилишини маъқуллади. АҚШ Ҳиндистон армиясини кучайтириш орқали бир томондан Хитойни тийиб турса, иккинчи томондан ядро қуролига эга ягона исломий мамлакат Покистонни ҳам назорат остида ушлаб туради ва шу билан бирга уни ҳам улкан маблағ эвазига ўзидан қурол-яроқ сотиб олишга мажбур қилиб қўяди.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here