Шри-Ланкадаги портлашлар
21-апрел куни Шри-Ланкада бир қатор портлашлар содир бўлди. Оммавий ахборот воситалари 300дан зиёд одам қурбон бўлгани ҳақида хабар тарқатишди. Мазкур портлашлар кўплаб саволларни пайдо қилди. Нима учун? Қандай мақсадда?…
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, XVI асрдан бошлаб оролга португаллар келган, кейинчалик уларнинг ўрнини голландияликлар эгаллашган. 1802-йилда Британия оролдан голландларни сиқиб чиқариб, Шри-Ланкани Британия мустамлакаси сифатида эълон қилди. 1948-йили мамлакат Британия доминиони (эгалиги) сифатида қолиб, Доминион Цейлон деб номланиб “мустақиллик” олди. 1972-йили мамлакат номини Шри-Ланкага ўзгартириб, доминионликдан чиқди, бироқ, Миллатлар ҳамдўстлигининг аъзоси бўлди.
Шри-Ланка аҳолиси сони 22 миллионга яқин, улардан 70% бутпарастлар (сингаллар), 12% ҳиндулар (тамиллар), 10% мусулманлар, 7% носронийлардан иборат.
1983-йилдан 2009 йилга қадар мамлакатда шиддатли фуқаролар уруши бўлиб ўтди. Ҳукумат билан тамиллар ўртасида содир бўлган мазкур урушда 70 000 одам қурбон бўлиб, 140 000 одам бедарак йўқолган. Ҳукуматнинг тамилларга қарши камситувчи (дискриминация) сиёсати тамилларни ҳукуматга қарши чиқишига сабаб бўлган. 1948-йилиги қонун 900 000 тамилнинг фуқаролигини бекор қилган, 1956-йили сингал тили ягона расмий тил сифатида эътироф этилган, 1970-йили янги қабул қлинган таълим сиёсати тамилларни олий ўқув юртларига киришида тўсиқлар пайдо қилган. “Сингаллар барча тамилларни террорист деб ҳисоблашади ва бугунга қадар уларга босқинчилар сифатида қарашади”. (“Le Figaro”, 2019-йил, 21-апрел).
Айни вақтда мамлакатда радикал бутпараст гуруҳлар кучайган. Улар Шри-Ланкани бутпараст давлат сифатида қабул қилиб, мамлакатни” бошқалардан” тозалаш учун ҳаракат қилиб келишади, ҳукумат эса уларнинг кўплаб зўравонлик ишларига кўз юмиб келади. Бутпарастлар фақат тамилларга эмас, мусулмонларга ва носронийларга ҳам тажовуз қилиб келишади.
2012-йили “Бутпараст кучлар қўшини” (Боду Бала Сена – ББС) ташкил этилган. Айни вақтда Галагода Атте Гнанасара бу ташкилотга раҳбарлик қилмоқда. Мамлакатда бу ташкилот тарафдорлари кўпчиликни ташкил этади.
2012-йили ББСчилар насроний руҳонийнинг уйига ҳужум қилишди. Орадан бир ой ўтиб бутпараст роҳиблар бошчилигидаги оламон Коломбо шаҳридаги коллежга ҳужум қилишди ва бу ишларини “профессорлар мусулмон абитурентларга яхши баҳо қўйишмоқда” деб оқлашди.
2012-йили минглаб бутпараст ва роҳиблар йиғилган митингда Гнанасара шундай деди: “Бу давлатни бутпараст-сингаллар барпо қилган ва бутпарастлар давлати сифатида қолиш керак” (lenta.ru, 2016-йил, 6-июн).
2014-йил июн ойида бутпараст роҳиблар бошчилигидаги оламон мусулмонларнинг дўкон ва уйларига ўт қўйишди. Гнанасара бу талон-тарожликдан руҳланган бутпарастларга қуйидагича мурожаат қилган: “Сингаллардан иборат полиция биз томонда. Сингаллардан иборат армияни ҳам унитмаслигимиз керак. Агар бирор мусулмон ёки бошқа биров сингалга тегадиган бўлса, биз уни ўлдирамиз” (lenta.ru, 2016-йил, 6-июн). Гнанасаранинг бундай эътирофи ҳам бор: “Биз – экстремист ва миллатчимиз” (“Der Standard”, 2019-йил, 22-апрел).
ББС роҳинжа мусулмонларини қирғин қилишга чақирган Мьянмадаги “969” ташкилоти билан яқин муносабатлар ўрнатган. “969” ташкилотига Ашин Виратху раҳбарлик қилади, у ҳам мусулмонларга қарши душманлиги билан танилган. Виратху ўзининг бу душманлигини қуйидагича изоҳлайди: “Сиз яхшилик ва муҳаббатда ибрат бўлишингиз мумкин, бироқ итнинг ёнида ухламаслик керак. Агар биз кучсиз бўлсак мусулмонлар барча еримизни босиб олишади” (lenta.ru, 2016-йил, 6-июн). Ашин Виратху 2014 йил сентябр ойида Коломбо шаҳрида уюштирилган конференцияда қатнашиб, ББС ташкилотини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Шри-Ланкадаги насронийлар ҳам бутпарастлар томонидан узлуксиз камситиш ва босимларга дуч келишади. Маҳаллий NCEAL черков бошқармасининг маълум қилишича, бутпараст роҳиблар насроний маросимларини ўтказишга ҳар доим тўсқинлик қилиб келишади. “2018-йили насронийлар ва уларнинг ташкилотларига қарши 86 зўравонлик ва таҳдид ходисалари қайд қилинган” (“Der Standard”, 2019-йил, 22-апрел).
Маълум бўлганидек, бу мамлакатда мусулмонлар ва насроинийлар ўртасида душманлик бўлмаган.
“Бу даҳшатли воқеалар. Ҳатто, ҳукумат ва тамиллар ўртасида 30 йилга чўзилган фуқаролик урушида ҳам оғир оқибатларга олиб келган бундай аниқ режалаштирилган ҳужумлар бўлмаган… Олдин оролда мусулмонлар ҳеч қачон бошқа жамоатларга, айниқса насронийларга ҳужум қилишмаган. Шри-Ланкада “Тамил-Илам” ташкилоти аъзоларигина ҳудкушлик терактларини амалга оширишган” (“Le Figaro”, 2019-йил, 22-апрел).
Бугунги кунда “терактлар” давлатларнинг энг севимли воситасига айланди. Халқнинг бўйсундириш, рози бўлмаганларни судсиз қамоққа олиш, одамларга маъқул келмаган сиёсатни амалга ошириш ёки кимларнидир ёмон кўрсатишдан энг яхши восита бу – терактлар.
“Маълум бўлганидек, Мьянма жамияти кучли босим остида бўлган ва бунинг хунини мусулмонлар тўлашди. Натижада миллионлаб мусулмонлар ўз ерларидан маҳрум бўлишди ва оммавий тарзда бошқа давлатларга қочишга мажбур бўлишди. Агар Шри-Ланкадаги терактларда ҳам – “ИШИД” ёки бошқа ташкилотлар сабабли – мусулмонлар айбдор деб топилса, бу жуда ёмон оқибатларга олиб келади. Бу терактларда қурбон бўлган ва ярадор бўлганлар жуда кўп бўлганлиги сабабли, хулоса чиқаришда тўғри фикр юритадиган одамларни ҳам осонликча манипуляция қилиш мумкин” (“Yeni Şafak”, Абдулла Агар, 2019-йил, 21-апрел).
Абдулҳақ