Россия Туркиядан мўътадил мухолифатни ўзига жалб қилишини кутмоқда
Россия Туркиядан Суриянинг Идлиб шаҳридаги мўътадил мухолифатни ўзига жалб қилишини кутмоқда. Бу ҳақида “Известия” газетаси Россиянинг юқори даражали расмийсига таяниб хабар тарқатди. Газетага интервью берган расмийга кўра, руслар АҚШ амалга ошира олмаган ишни Туркиядан кутмоқда.
“Биз америкаликлардан бу ишни амалга оширишларини узоқ вақт кутдик. Лекин натижа чиқмади. Энди бу вазифа Туркияга ўтди. Ҳозирда Анқара Остонада эришилган шартномага уйғун равишда, Идлиб шаҳридаги “хавфсиз минтақа”ни назорат қилмоқда. Биз Туркиядан ўзига тобе бўлган мўътадил мухолифатни Идлибдаги террорчилардан ажратиб олишини кутяпмиз”, деди расмий.
Россия Ташқи ишлар вазирлигига боғлиқ Москва Халқаро алоқалар университетидан шарқшунос олим Юрий Зинин Таҳрир уш-Шом гуруҳига хориждан келаётган ёрдамлар анча камайганлигини ва айрим гуруҳ қўмондонлари учун ундан ажралиб чиқиш фурсати туғилганлигини даъво қилди. Шарқшуноснинг таъкидлашича, мўътадил мухолифатни Таҳрир уш-Шом гуруҳидан ажратиб олиш учун Туркиянинг қўлида имконият бор.
Айни пайтда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоган ҳам маҳаллий ахборот агентликлари орқали берган баёнотида, Африн амалиёти Россия билан келишилган ҳолда амалга оширилаётганлигини билдирди.
“Биз бу масалада рус дўстларимиз билан ҳам, бошқа коалиция кучлари билан ҳам гаплашиб олдик”, “Шу онда Россия билан тузган келишув доирасида ҳаракатимизни давом эттиряпмиз”, деди Эрдоган.