Меркел: Европа АҚШ ва Британияга суянишдан воз кечиши лозим
Германия канцлери Ангела Меркел Европа бундан буёғига Доналд Трамп идора этаётган АҚШга ва Европа Иттифоқидан ажралмоқчи бўлган Британияга суянишни бас қилиши зарурлигини билдирди. Меркел бу икки давлат ҳамда шулар қатори Россия билан ҳам дўстона муносабатларда бўлиш истаги борлигини билдирар экан, бироқ Европа ўз тақдирини ўзи белгилаши учун ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлади.
“Шуни яхши англаб етишимиз лозимки, ўз тақдиримиз учун ўзимиз курашга мажбурмиз. Бошқаларга таяниб иш қиладиган кунлар ўтди. Сўнгги бир неча кун ичида бу даврнинг битганлигига шахсан ўзим гувоҳ бўлдим”, деди Мюнхен шаҳрида сайлов кампанияси доирасида уюштирилган митингда нутқ сўзлаган Меркел.
Меркел бундан сўнг Германия учун аввало Франциянинг янги президенти Эммануел Макрон билан ўрнатиладиган муносабатлар муҳим аҳамият касб этишини қайд этиб, “Биз европаликлар ўз тақдиримизни ўз қўлимизга олишимиз керак”, дея қўшимча қилди.
Меркелнинг АҚШга қаратилган танқидлари ортидан Германия Ташқи ишлар вазири Сигмар Габриел ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. Габриелнинг билдиришича, АҚШ маъмуриятининг калтабин сиёсати Ғарб давлатларини зайифлашишига сабаб бўлмоқда.
Ўзининг қўпол муомалалари билан танилган АҚШ президенти Долалд Трамп Меркел ва Габриелнинг баёнотларига твиттер ижтимоий иармоғи орқали жавоб йўллади. “Германия билан ўртамизда жуда катта миқдорда тижорий камомад мавжуд. Бунинг устига у НАТОга тўлаш керак бўлган маблағни ҳам тўламаяпти. Бу АҚШ учун яхши эмас. Бу албатта ўзгаради”, дея тивит қолдирди Трамп.