Эрдоғаннинг “ШҲТ” ҳақидаги баёноти Россия ва Хитой тарафидан олқишланди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Покистон ва Ўзбекистон сафаридан қайтаётиб, журналистларнинг саволларга жавоб берар экан, Туркиянинг ШҲТ таркибидан жой олиши унинг бироз “эркин нафас олиши”шига имкон яратишини билдирган эди. Унинг бу баёноти Россия ва Хитой тарафидан ижобий баҳоланди.
Спутник ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Россия парламенти мудофаа қўмитаси аъзоси Алексей Пушков ўзининг тивиттер саҳифаси орқали берган баёнотида президент Эрдоғаннинг сўзларига шундай муносабат билдирди: “Туркия Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлса, бу Эрдоған учун мантиқий қадам бўларди. ШҲТ Европа иттифоқидан фақр қилади, унинг ўрнини боса олмайди. Аммо Европа Иттифоқидан фарқли равишда ШҲТ аъзолари тамоман мустақилдирлар”.
Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Гинг Суанг ҳам президент Эрдоғаннинг ШҲТ ҳақида берган баёнотига нисбатан ижобий муносабат билдирди. Суаннинг таъкидлашича, Туркия Евроосиёда муҳим аҳамиятга молик давлат ҳисобланади ва айни пайтда ШҲТнинг ҳам муҳим мулоқот шеригидир.
“Туркиянинг ШҲТ билан ҳамкорликни кучайтириш истагини юқори баҳолаймиз”, дея қайд этди у.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Самарқанд сафаридан қайтаётиб, учоқдаги журналистларга берган интервьюсида Европа Иттифоқидан норозилигини яширмаган эди. Эрдуғонга кўра, Туркия учун Европа иттифоқига аъзо бўлишдан бошқа вариант ҳам бор.
“Гап шундаки, Туркия бир марта бўлса ҳам, ўзини эркин ҳис қилиши лозим. Менга Европа Иттифоқидан бошқаси керак эмас, деб туриб олмаслиги керак. Менинг тушунчам шундай. Яъни баъзилар танқид қилиши мумкин, лекин мен ўзим ишонч ҳосил қилган фикримни айтяпман. Мисол учун демоқчиманки, “нима учун Туркия Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти таркибида бўлмаслиги керак?!”. Бу ҳақида Жаноб Владимир Путинга ҳам, Нурсултон Назарбоевга ҳам ва ШҲТнинг бошқа аъзоларига ҳам айтдим. Бошланишида беш давлатдан тузилган Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига бироз ўтиб Ўзбекистон, Покистон ва Ҳиндистон каби мамлакатлар ҳам киритилган. Эрон ҳам кирмоқчи. Жаноб Путин, “Биз буни қадрлаймиз” деган гапларни айтди. Умид қиламанки, Туркиянинг ШҲТ таркибидан ўрин олиши унинг бемалол фаолият юритишига имкон яратади. Европа Иттифоқи тўлиқ 53 йилдан буён бизни сарсон қилиб юрибди. Бу нима деган гап ахир. Биринчиларданмиз, аммо 53 йилдан буён кутиб юрибмиз. Ўтган куни дўстларим билан шу ҳақида суҳбатлашдик. Йилнинг охиригача сабр қилайлик. Бўлса бўлди, бўлмаса бу масалани қайта очмаймиз…. Қочқинлар масаласида ҳам бу йил учун июн ойидан эътиборан, 3 миллиард евро беришлари керак эди, беришмади. Яъни бизга эмас, қочқинларга бериш керак эди. Қоғозда бор, амалда йўқ. Мана ўн биринчи ойдамиз, йил ҳам тугаб боряпти. Ҳали бу ёқда иккинчи 3 миллиард евро масаласи ҳам турипти. Уни нима қилишар экан, кўрамиз. Ундан сўнг бу борада шунга кўра қадамларимизни ташлаймиз”, деган эди Эрдоған журналистларнинг саволларига жавобан.