“Улуш” ажратмагани учун калтакланган тадбиркор

623
0

“Улуш” ажратмагани учун калтакланган тадбиркор

 ОАВ тарқатган хабарга кўра, “СОБР” ходимлари “улуш” ажаратишдан бош тортгани учун хусусий тадбиркорни тўппонча қўндоғи билан урганликда гумонланаётган Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ)нинг Қизилқия шаҳар бўлими бошлиғи Замирбек Жолболдиев қўлга олинган.

 Хабар қилинишича, 24 сентябр куни кечқурун Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳрида яшовчи хусусий тадбиркор Зарилбек Мааткаликов калтаклаб кетилган. Жабрланувчининг берган аризасига кўра, уни МХДҚ ходимлари калтаклашган. Тадбиркорни калтакланишига МХДҚ ходимларига “улуш” ажратишдан бош тортгани сабаб бўлган.

 “Мен турмуш ўртоғим билан Новқат тумани Кўкжар қишлоғидан Қизилқия шаҳрига қараб кетаётган эдик. Шаҳарга кираверишда ортимиздан келаётган машина бизларни қувиб ўтиб, йўлнинг четига қисиб келиб тўхтатди. Кейин улар мени машинадан тортиб тушириб калтаклай бошлашди. Уларнинг орасида МХДҚнинг шаҳар бўлими бошлиғи ҳам бор эди. Улар менинг бошимга тўппонча қўндоғи билан уришди, аёлимни ҳам калтаклашди. Менинг ўз кичик корхонам бор. Аввалроқ, мени олдимга МХДҚ ходимлари келиб, уларга “улуш” ажратишимни талаб қилишган эди. Мен бунга кўнмадим, шу сабабли ҳам улар мени калтаклашди. Машинамда 156 минг сом бор эди, катлаклашганидан сўнг бу пуллар ғойиб бўлди. Мени калтаклашаётган вақтда шаҳар ИИБ ходимлари келиб,  уларни ҳибсга олди. Бу Ўш вилояти ҳудудида содир бўлгани учун мен Новқат тумани ички ишлар бўлимига ариза ёздим. Энди эса мени олдимга турли хил одамларни юбориб, аризамни қайтариб олишимни илтимос қилишяпти”,- деди жабрланувчи Мааткаликов.

Туркистон: 

Қирғизистон ҳокимияти заифлашиб борапти. Куч органлари ва хавфсизлик тизимлари ҳокимиятнинг хизматида ва назорати остида бўлишлари керак. Булар ҳокимиятнинг қўллари ва оёқларидир. Булар учун ҳокимият жавобгар.

Барча куч ва хавфсизлик структуралари, аслини олганда, фуқоролар ўз хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун  ҳукумат воситасида ижарага ёллаган хизматчилардир. Яъни барча куч структуралари халқ бюджетидан таъминланадиган ёлланма хизматчилар ҳисобланишади. Улар фуқоролар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга бўлаётган барча зулмларни бартараф қилиш вазифасини ўз гарданларига олишган. Бунинг учун уларни сақлаб туришга миллионлаган харажатларимиз сарфланади.

Воқеъда эса: – хавфсизлик орган ходимлари ва бошқа куч структура тармоқлари жуда кучли мафиялашган системага айланишди. Улар пирамида шаклида, фуқороларни ўзлари учун иқтисодий кирим манбаи қилиб олишди. Яъни, энг юқори лавозимдаги бир нечта орган ходимларига тўловлар тўлаб туриш мажбурияти улардан пастроқ турган ўнлаган мулозимларга юклатилган. Ўз навбатида ўнлаган бу лавозим эгалари ҳам қўл остиларидаги юзлаган ҳарбий хизматчиларидан муайян муддатларда давомли равишда мажбурий тўловлар йиғиб туришади. Ва ҳоказо, кейинги минглаган хизматчи ходимлар уларга йиғиб беришса, энг қуйидаги ички хавфсизлик ҳимоячилари ўз ёлловчилари бўлган фуқоролардан белгиланган миқдордаги пулларни йиғиштириб беришга мажбур бўлишяпти. Бундан ташқари, текширув комиссиялари ва юқори мулозимларнинг навбатдан ташқари ташрифлари, шуларнинг барчаси учун яна алоҳида маблағ тўплаш кампанияси уюштирилади.

Бу мафиялашган система советлар союзи давридан бери ишлаб келади. Руслар бошқарувидан бизларга меърос қолган бу системага ва уларнинг бу ишлаш процесига халқимиз кўникиб қолган. Чунки биз советлар даврида туғилган бўлсак, бундан бошқача системани кўрганимиз йўқ.

Фуқоролар орган ходимини кўрганларида бу менинг ёллаган халоскорим деб эмас, балки энди бу ходим мендан яна нима айб топар экан, бунга канча тўласам, мендан рози бўлар экан, қайси бир бошқа таниш орган ходимга мурожат ёки шикоят қилсам, мени бу тинч қўяр экан, деб ўйлайдиган бўлиб қолдик. Ўз навбатида орган ходимлари ҳам, қўл остига тушган жиноятчининг иш дафтарига муолажа қилиниши шарт бўлган муаммо деб эмас, балки муайян миқдордаги моддий кирим, деб қарайди. Яъни ҳар бир жиноий иш ҳаракат учун муайян миқдорда пул ўлчамида меъёр белгиланган. Милиция ходимлари жамоий жойларда фуқороларнинг осойишталигини эмас, аксинча, бебошликларни кўпайишидан манфаатдор. Улар ҳатто бошқа минтақалардан ўғрилар олиб келиб, ўзларига қарашли худудда уларни ўз ҳимоясига олиб, шерикликка ўғрилик қилдиришади. Чунки пирамида мафиявий системаси муайян миқдорда белгилаган пулни талаб қилаверади. Уларга бу ходимларнинг нима билан шуғулланишаётгани ва белгиланган миқдордаги пулни қаердан ва қандай топиб беришаётганининг қизиғи йўқ.

Лекин юқоридаги ГКНБ ходими сингари жиноий иш устида қўлга олинишса, ҳаммаси ўз куч қуввати билан ўзлари қутилишлари керак. Ҳатто юқоридаги текинхўрларнинг ўзлари яна бу бечораларни ҳаромдан тўплаган пулларини олиб, чиқариб юборишади, ёки жазога тортиб юборишади. Ўрнига яна бошқаси келади. Ҳатто, бўшаб қолган бу ўрин учун текинхўрларга яна белгиланган пул ўлчовида пора бериб бошқаси келади. Бу ҳолатга призидент аппарати бошчиси Наримбаев ва депутат Қўрқмазов мисолида гувоҳ бўлдик. Бири иккинчиси воситасида пора олиб, иккиси ҳам қамалишганида бири бирига қарши гувоҳлик бера бошлашди. Уларнинг ўринларига ҳам бошқа бир текинхўр келиб ўтирди. Қўрқмай текинхўр десак бўлаверади. Чунки бу системада бошқача одам, бошқача иш принципи билан ишлай олмайди.

Ҳозир Қирғизистонда бандитлар тўдалари ҳам орган ходимлари сингари хавф хатар туғдиришмайди. Чунки орган ходимлари бандитларни ҳам жамиятдан суриб чиқариб, уларнинг фаолиятларини, иш олиб бориш услубларини ҳам ўз қўлларига олишди. Юқоридаги Қизилқия хавфсизлик ходимининг иш ҳаракати бунга яққол далил бўлиб турипти.

Лекин бу жиноятлари устида қўлга олинишса ҳам, ҳеч бири уялишмайди. Жавобгарликни ҳам ҳис қилишмайди. Юқоридаги текинхўр мансабдорлар эса бу ишдан жирканишаётгандек муносабат билдиришади.

Бир жойда бир сақоллик одам бировни калтакласа, барча мусулмонлар жавобгардек, уларни бирма бир олиб кириб, қўрқитиб пулларини олишади. Сенлар ҳаддиларингдан ошиб боришаяпсан, дейишади. Ваҳолангки бу мазлум мусулмон, нариги сақолликни танимайди, уни ҳатто мусулмон эканини ҳам билмайди. Телевидения ҳам, бу текширилмаган ҳодисани дарров мусулмон террористлари, экстремистларига боғлайди. Матбуот ҳужуми бошлаб юборилади.

Юқоридаги МХДҚ ходимининг жиноий иш ҳаракати ва юзлаган, минглаган бунақанги иш чоралари содир этилаётгани учун ва бу иш ҳаракатлар система шаклида бораётган мамлакат бошқарув мафиясига айлангани учун нега биз ҳокимиятга ишончсизлик билдирмаймиз? Суд структурасини ҳозир ўзлари ҳам рефирендум орқали ўзгартирмасак бўлмайди, дейишаяпти. Нега илгариги суд ҳукмларини бекор қилишларини талаб қилмаймиз. Майда ходимларни қамалиши коррупциялашган ҳокимият структурасига ҳеч қандай зарар етказмайди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here