Туркиядаги қатор портлашлар ортида ким турибди ва бунинг Сурия қўзғолонига қандай алоқаси бор!?
2014 йил 28 июн куни Истанбулнинг «Отатурк» аэропортида юз берган портлашларда 44 киши ҳалок бўлгани ва 239 киши жароҳатлангани айтилди… Бу аэропорт туризм саноатининг маркази бўлиб, дунёдаги энг фаол аэропорт сифатида кўрилади. Ундан ўтган йили 61 миллион киши фойдаланган. Шунинг учун ушбу портлашлар 2013 йилдан бери Туркияни ларзага солиб келаётган портлашларнинг энг хатарлиси, дея баҳоланди.
Аэропортдаги портлашларни амалга оширганлар уни ўз зиммасига олмагунча, киши уни ким қилганини аниқ айтолмайди, чунки дам у томон айбланса, дам бу томон айбланмоқда. Шунинг учун мавжуд вазият ва шарт-шароитлардан, у ер-бу ердан янграётган баёнотлардан ҳамда бу ҳодисадан ким манфаатдор эканидан келиб чиқиб гумондорлар кўрсатилиши мумкин. Шунингдек, бугун Америка ва Британия каби мустамлакачи халқаро кучлар борлигини, иккиси ўртасида яширин кураш кетаётганини ҳамда улар фойдасига ишловчи маҳаллий кучлар борлигини англаш лозим. Россия давлатининг Ўрта Осиё ва Кавказдан Туркияга келиб фаолият қилаётган исломий фаоллар жонига суиқасдлар уюштирганини, унга Чеченистондаги малайи Рамзан Қодировнинг жосуслик хизмати ёрдам бераётганини ҳам унутмаслик керак. Бу кимсанинг ўзи 2016 йил 10 февралда «Россия 1» телеканалига берган интервьюсида Чеченистон республикаси жосусларидан «Исломий Давлат» ташкилоти сафига кириб айғоқчилик қилиши учун у ерга юборганини эътироф этди.
Дарҳақиқат, портлашлар занжири 2013 йилдан бошланди. Биринчи, 2013 йил 11 май куни Райҳонли шаҳрида содир этилган портлашда 51 киши нобуд бўлди. Туркия бутун юртни ларзага солган бу портлашда Сурия режимини айблади. Эрдоган Сурияга қуруқлик орқали кириш лозимлигига чақирар, аммо Америка бунга рози бўлмай келар эди. У 2013 йил 16 май куни АҚШга бориб, Обама билан учрашди, қайтиб келгач эса қуруқлик орқали киришга қилган талабларидан қайтди.
2015 йил ҳам портлашлар билан бошланди. Ўша йилнинг 6 январида номаълум аёл сайёҳлар майдонида ўзини ўзи портлатди, у билан битта полиция ходими ҳалок бўлди ва бу амалиётни Марксистлар гуруҳи ўз зиммасига олди. Кейин ўша йилнинг 20 июлида Суруч шаҳрида содир этилган портлашда 34 киши ҳалок бўлди, унда «Исломий Давлат» ташкилоти айбланди. Илгари Америка Суриядаги қўзғолончиларга қарши ҳужумлар олиб бориш учун ўзига Инжирликда база очишни ҳамда ўз бошчилигидаги коалицияга Туркиянинг ҳам қўшилишини талаб қилиб келаётган эди. Суруч портлашидан 4 кун ўтиб, 24 июлда Америка учун Инжирлик базасини очиш тўғрисида келишув имзоланди, ўша йилнинг августида Туркия «Исломий Давлат» ташкилотига қарши Америка коалициясига қўшилганини ҳам эълон қилди.
Ўша йилнинг 10 октябрида Анқара темир йўл вокзалида содир этилган портлашда 102 киши ҳалок бўлди ва унда ҳам «Исломий Давлат» ташкилоти айбланди. Кейин 1 ноябрда қайта сайловлар бўлиб ўтди. Инглиз жосуслари Эрдоган ҳукуматини ағдариш учун хавфсизлик ва барқарорликни издан чиқаришга ҳаракат қилишарди. Бундан олдин Эрдоган партияси 2015 йил 7 июндаги сайловларда мағлубиятга учрагач, фақат ўзининг партиясидан иборат ҳукумат ташкил қилиш қўлидан келмади. Шунда фақат ўзининг партиясини ҳокимиятга олиб чиқиш учун қайта сайлов ўтказишга қаттиқ туриб, коалицион ҳукуматга рози бўлмади ва яккапартиявий ҳукуматдагина юрт хавфсизлиги ва барқарорлиги таъминланади, деди. Чунки коалицион ҳукуматлар юрт хавфсизлиги ва барқарорлигининг бузилишига сабаб бўлган эди. Шунинг учун Эрдоган мазкур ҳодисадан ва одамлар олқишларидан фойдаланиб, сайловда ғалаба қозонди.
Кейин 2016 йил 12 январда Истанбулнинг Султон Аҳмад майдонида портлаш содир этилиб, аксари немислардан иборат 10 нафар сайёҳ ҳалок бўлди ва уни содир этишда ҳам «Исломий Давлат» ташкилоти айбланди. Бу портлашда Туркия учун ҳеч қандай манфаат йўқ эди. Аксинча унинг туризмига зарар келтирарди, юртни беқарорлаштирарди. Туристларнинг аксари Россиядан келарди. Шунинг учун Туркия томонидан Россия ҳарбий учоғининг уриб туширилиши ортидан рус ҳукумати сайёҳларни Туркияга сафар қилишдан ман қилди. Россия Туркиядан қаттиқ ғазабланди ва у билан савдо, туризм ва бошқа соҳаларни тўхтатиб қўйди. Маълумки, русларда туристик саёҳатга талаб катта бўлиб, Туркия уларга жуда ёқарди. Буни Россия бош вазири Медведев ҳам таъкидлаган.
Кейин 2016 йил 17 февралда Анқарадаги ички ишлар вазирлигидан 400 метр узоқликда, турк ҳаво кучларида хизмат қилувчи 28 нафар оддий шахснинг ўлимига олиб келган портлаш амалиёти содир этилди ва уни Курдистон Ишчилар партиясига қарашли бир гуруҳ ўз зиммасига олди. Ҳукумат дарҳол айбни Сурияда курдлар бошқарувининг бир қисмини таъсис этишга ҳаракат қилаётган Демократик Иттифоқ партиясига тўнкашга шошилди. Бироқ Америка бу амалиётни ким қилгани номаълум эканини таъкидлади, Демократик Иттифоқ партияси ҳам бу айбловни рад этди. 2016 йил 13 февралда турк армияси ушбу партияни Сурия ичкарисида биринчи бор бомбардимон қилди.
2016 йил 19 март куни Истанбулда худкушлик бомбаси портлатилиб, 4 киши ҳалок бўлди, 36 киши жароҳатланди, аксари хорижликлар эди. Ҳалок бўлганлардан 3 нафари, жароҳатланганлардан 11 нафари яҳудий бўлиб, улар «Исроил»дан келган туристлар автобусида эди. Бундан атиги олти кун олдин 2016 йил 13 мартда ҳам Анқарада портлаш содир этилиб, унда 35 нафар турк аҳолиси нобуд бўлганди ва бунда ҳукумат Курдистон Ишчилар партиясини айблаганди. Ҳукумат айни партия тарафдорлари, хусусан, инглизлар қанотидаги Курдистон Ишчилар партиясига қарашли сепаратистлар мавжуд бўлган минтақаларда кенг кўламда рейдлар ўтказди. Европа Эрдоганни ҳукумат рейдлари танқид остига олинган ҳужжатга имзо чеккан академикларга тазйиқ ўтказишда айблади. Зеро, 2016 йил 19 март кунги Истанбулдаги худкушлик амалиётида гўё европаликлар ва яҳудийларга қарата «мана, террористлар сизларни нишонга оляпти, шу боис турк ҳукумати сепаратист курдлар ва танқидчи академикларга қарши чора кўришга ҳақли», деган мужда бор эди.
Энди, 2016 йил 28 июндаги «Отатурк» аэропортида содир этилган портлашларга келсак, унинг ортидан Эрдоган «Турк ҳукумати террор ортида ким турган бўлмасин, унга қарши курашади. Туркия бир бутун ватандир, уни бўлиб бўлмайди», дея баёнот берди. Аммо ҳеч бир томонни айбламади ҳам, ҳеч кимни кўрсатмади ҳам. Бироқ америкаликлар «Исломий Давлат» ташкилотини айблашга шошилишди. АҚШ конгресси вакиллар палатасининг миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Майкл Маккол бундай деди: «Бу ҳужумни бошқарган Исломий Давлат ташкилоти ҳарбий вазирлиги ёрдамчиси чечен Аҳмад Чатаевдир». Марказий разведка бошқармаси раиси Жон Бреннан эса «Истанбул аэропортидаги ҳужумда ИШИД бармоқ излари бор», деди. Туркия ҳали буни тасдиқламаганига қарамай шундай деди. Шуларнинг ортидан Эрдоган ҳам «Ҳужумни Исломий Давлат ташкилоти содир этганига кўпроқ тахмин бор», дея баёнот берди. Аммо ҳужумни «Исломий Давлат» ташкилоти ўз зиммасига олмади. Зеро, бу ҳужум турк ҳукуматини «нол» муаммоли ҳолатга қайтишга чақираётган бир вазиятда содир этилди. Бу шуни англатадики, турк ҳукумати ўзи билан хусуматлашган барча давлатлар билан, яъни бош вазир Йилдирим санаб ўтганидек, «Россия, яҳудийлар давлати, Миср ва Сурия» билан ярашиб олишни истамоқда. Масалан, Россия ва яҳудийлар давлати билан муаммоларини текислаб бўлди, Мисрдаги Сисий режими билан ҳам ярашишга ҳаракат қилмоқда, Эрдоганнинг тоғут Башар Асад билан телефон сўзлашуви олиб боргани тўғрисида ҳам хабарлар сизиб чиқди.
Туркия илмоний давлат ва исломий юртларда илмонийликни тарғиб қилади. Масалан, Эрдоган 2011 йил Миср аҳли қўзғолон бошлаши ортидан уларни илмоний тузумга чақирди. Шунингдек, Туркия ўтган йили Вена конференциясининг Сурия режими илмонийлигини сақлаб қолишга оид қарорларини қабул қилди. Россия бош вазири ҳам «Умуман олганда, террористик ташкилотларга ва террорист бўлмаган гуруҳларга ажратишда турклар билан орамизда ҳеч қандай зиддият йўқ», деди.
Туркия Сурия аҳлига қарши таҳдидли баёнотлар бериб, уларни Америка ечимини қабул қилмаслик оқибатларидан огоҳлантира бошлади. Улар олдидан чегараларини ёпиб олди, ҳимояланишлари ва тоғут режимга қарши урушни давом эттиришлари учун Туркия ерларига кираётган жойларга мустаҳкам деворлар қурди. Кейин эса Сурия аҳлидан иборат қочқинларга қасддан ўқ узиб, қуролсиз эркаклар, аёллар ва болалардан 11 нафарини ўлдирди. Тоғут Асад Туркиянинг бу хизматларини олқишлади. 2016 йил 1 июл куни Австралия телевидениесига берган интервьюсида Асад бундай деди: «Туркиянинг Суриядан оқиб бораётган қуролли жангариларнинг қўшимча мадад оладиган йўлларини тўсиб, чегараларини ёпиши, биргина шунинг ўзи, уларнинг бир икки ҳафтада ёки бир ойда юрт ичкарисида бутунлай мағлуб бўлишларига кафил бўлади».
Диққатни жалб қиладигани шуки, «Отатурк» аэропортидаги портлашлар ижрочисини ҳали Туркиянинг ўзи айтмасидан туриб, америкаликлар «Исломий Давлат» қилди, дейишга шошилишди. Яъни Америка шуни истамоқдаки, Туркия аҳли Сурия аҳлига ҳамдард бўлишдан воз кечиб, Шомдаги мусулмон биродарларига қарши Америка ҳамлаларини, қўзғолонларни йўқ қилиш уринишларини қўллаб-қўвватласин… Туркия аҳлига Шом қўзғолони жуда хавфли, у террорчиларни етиштириб чиқаряпти, бу террорчилар эса портлатиш амалиётлари орқали сизни ўлдиряпти, Туркия иқтисодиётига зарба беряпти, деган нарсани намоён қилмоқчи. АҚШнинг мана шундай ифлос режасини Эрдоган ижро этиб, Сурия аҳлига тазйиқ ўтказмоқда. 2015 йил 30 сентябрдан бошлаб АҚШ тавсияси асосида Сурия халқини қатли ом қилишга киришган, айни режанинг яна бир ижрочиси бўлган Россия билан ҳам ярашиб олди. Дарҳақиқат, ушбу мағрур қўзғолон Американи ҳам, Россияни ҳам боши берк кўчага киритиб қўйди. Натижада, Америка Туркияда ва бошқа ердаги Умматни қўзғолончиларга қарши гижгижлаш ва уларнинг бутун мусулмонлар томонидан қўллаб-қувватланишини узиш зарур, ана шунда ёлғиз қолган қўзғолончиларни йўқ қилиш осон кечади, деган фикрга келди.
Суриядаги Уммат қўзғолонига қарши тил бириктирув ҳажми жуда катта. Халқаро, регионал ва маҳаллий кучларнинг барчаси шайтон Америка бошчилигида бир сафга тизилиб, шу қўзғолонга қарши уруш қилмоқда. Қўзғолоннинг эса Аллоҳдан ўзга ҳеч кими йўқ. Аллоҳгина уларни ҳимоя қилади, қўриқлайди, уни ва мўъминларни Ўз нусрати билан қўллаб-қувватлайди. Чунки у нусрат-ёрдам берувчиларнинг энг яхшисидир.
Асъад Мансур