Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида яна тирбандликлар юзага келди
Қардошлик муносабатлари, стратегик шериклик, иқтисодий структура ҳақида қанча гапирилмасин, Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида яна ҳар доимги вазият такрорланмоқда. Бу ҳолат Евроосиё иқтисодий иттифоқи фақат манфаатга асосланганини ва бу иттифоқнинг нақадар яроқсиз эканлигини яна бир бор исботламоқда. Юзлаб юк машиналарининг навбатда туришлари, кунлаб ушланиб қолишлари, назорат-ўтказиш пунктларида логистик тангликнинг кучайиши юк ташувчилар учун одатий ҳолга айланиб қолган. Бу муаммодан қирғиз тадбиркорлари кўпроқ азият чекмоқда. Масалан, энг кескин вазият “Ак-Тилек” автомагистралида кузатилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2023 йилнинг август ойида 370 дан ортиқ юк машинаси навбатда туриб қолган. Қирғизистон чегара хизмати бу масалада Қозоғистон томонини, атайлаб автотранспорт воситаларини ўтказмаганликда айблади. Қозоғистон эса контрабандага қарши курашни кучайтириш ва техник регламентларга риоя қилиш зарурлигини қайд этди. Бироқ, бу изоҳлар ортида анча чуқурроқ ва хавфлироқ муаммо ётади. ЕОИИ ичида ишончсизлик инқирози кучаймоқда.
Қозоғистон ва Қирғизистон расман аъзоси бўлган ушбу иттифоқнинг миссияси товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлашдан иборат. Бироқ, амалда бу тамойиллар давомли равишда бузилмоқда. Бундай кўриниш фақат қирғиз-қозоқ чегарасида юз бераётгани йўқ. Гарчи қонунчилик базаси ва имзоланган келишувлар мавжуд бўлса-да, ЕОИИ доирасида мажбуриятларни бажаришга мажбур қиладиган самарали арбитраж ва санкция механизмлари мавжуд эмас. Шунгдек, умумий қоидалар бузилган тақдирда жазолаш чоралари ҳам йўқ.
Шу сабабларга кўра, бу иттифоқ институционал кучини йўқотган декларациялар тўпламига айланиб қолди.
Шуниси аниқки, бу давлатларнинг дипломатлари ва сиёсатчилари тез-тез учрашиб, ўзаро дўстона муносабат ҳақида сўз бўлиб турса-да, чегара масаласида ҳеч қандай ўзгаришлар кузатилмайди. Юк машиналарининг навбатда туришлари камайиши ўрнига, даъволар ортиб, муаммо кейинги босқичга сурилиб кетаверади. Бундай масалалар юқори даражадаги сиёсатчиларнинг учрашувларида ҳам ҳал этилмай қолаверади. Шунингдек, ижро ҳокимияти, божхона хизматлари ва техник қўмиталар тизимли ечим таклиф қилмаяпти. “Камера олдидаги биродарлик” ЕОИИнинг институционал заифлигини яшириш учун фойдаланиладиган парда каби бўлиб қолди.
Қирғизистоннинг позицияси бу аҳволни яна-да оғирлаштирмоқда. У ЕОИИ доирасида объектив равишда заифроқ ҳисобланади. Чунки унинг ишлаб чиқариш кўлами оз, ташқи савдога қарамлиги юқори ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун ресурслари етарсиздир. Қозоғистон ва Россия Қирғизистон орқали олиб келинадиган “импорт” товарлари учун уни муаммоли аъзо деб билади. Бироқ иттифоқнинг ўзи бу муаммони ҳал қилишнинг самарали механизмларини таклиф этмайди. Ҳамкорлар ҳам қўшма назорат ва тартибга солиш механизмларини ўрнатиш ўрнига, чегарани бир томонлама ёпишни афзал кўришади. Бу билан улар кичик ва ўрта бизнесни хавф остига қўймоқда.
Чегарадаги тирбандлик бу ерда катта муаммолар борлигидан далолат беради. ЕОИИда ишонч, сиёсий ирода ва институционал салоҳиятнинг йўқлиги яққол кўриниб турибди. Ўзининг асосий тамойилларини тартибга сола олмаган ва уларни амалда бажара олмаган иттифоқ ўз аъзолари назарида қадрини йўқотади. Бу ҳолат айниқса Қирғизистонда аниқ кузатилмоқда. Ишбилармон доиралардаги кайфият тобора пессимистик бўлиб боряпти. Агар иттифоқ ўз аъзоларини ҳимоя қилмаса ва аксинча уларга қўшимча тўсиқлар яратса, унда бундай иттифоқнинг нима кераги бор?
Ҳукумат стратегик шериклик ва Евроосиё иттифоқи ҳақида оғиз кўпиртириб гапирар экан, оддий савдогарлар бундан жабр кўрмоқда. Ҳайдовчилар, тадбиркорлар, логистика ходимлари – чегарада соатлаб, ҳатто кунлаб навбатда туришади. Реал иқтисодиётни ҳаракатлантираётганлар сиёсий келишмовчиликлар қурбонига айланмоқда. Бу зулм ва адолатсизликнинг кўринишидир. ЕОИИ каби иттифоқлар қоғозда “Барчанинг манфаатларини кўзлаб” тузилган бўлса-да, бироқ аслида фақат кучлиларнинг манфаатига хизмат қилади.
Мана бугун “қардош халқлар” унинг оқибатлари билан юзлашмоқда.
Абду Шукур