Коррупция қонундан устун бўлганда…
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Балиқчи шаҳрида сўзлаган нутқида: “Беш йиллик курашга қарамай, ҳалигача мамлакатдаги коррупцияга тўлиқ барҳам берилгани йўқ”, деди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бир йил ичида ўз самарасини берган. Бироқ, қуйи поғонадаги коррупцияни енгиш анча қийин бўлмоқда. У ҳар бир болалар боғчасини таъмирлаш учун 90 миллион сомдан ортиқ маблағ ажратилгани, бироқ унинг ярми ўз-ўзидан ғойиб бўлганини мисол қилиб келтирди. Президентнинг таъкидлашича, йиллар давомида қоғоздаги ҳисоботлар ҳақиқий ҳолатга тўғри келмаган. Истироҳат боғи қоғозда таъмирланаётган бўлса-да, амалда ҳеч нарса қилинмаган. Унинг қўшимча қилишича, бу кўриниш онда-сонда юз берадиган ҳодиса эмас, балки тизимли равишда давом этиб келаётган муаммодир.
Яширин сирни ошкор қилаётгандек туюлган президентнинг ушбу сўзлари нафақат айрим коррупционерларга нисбатан, балки бутун давлат бошқарув тизимига нисбатан жазо ҳукмига ўхшаш янгради. Чунки тизим энг оддий бюджетни тақсимлашда ҳам шаффофлик ва жавобгарликни таъминлай олмаётганлигини президентнинг ўзи айтиб турибди. Бошқача айтганда, давлат аппарати халқ манфаатларига зид иш юритмоқда, қонунлар эса фақат қоғозда қолиб, умуман эътиборга олинмай қолган.
Бундай пайтда “одоб-ахлоқнинг тизимли равишда йўқ бўлишини тўхтата оладиган ва коррупцияга қарши чинакам курашадиган муқобил бошқарув шакли борми?” деган савол туғилиши табиий. Бу саволга Исломнинг ҳуқуқий ва ахлоқий тизими жавоб була олади. Ислом тузуми қадимдан бундай ишларни фақат таъқиқлаб қўйиш билангина чекланиб қолмай, балки жамиятнинг барча қатламларида мавжуд бўлган коррупцияга барҳам беришнинг кенг қамровли механизмини таклиф қилган.
Ислом бу муаммони принципиал жиҳатдан ҳал қилади. Порахўрлик, ишончни суиистеъмол қилиш, мулкни ғайриқонуний равишда ўзлаштириш ёки давлат хизмати орқали даромад топиш каби турли хил коррупция турлари Исломда гуноҳи кабира саналади. Бу таъқиқ Исломда нафақат ҳуқуқий даражада, балки маънавий даражада ҳам кўриб чиқилган. Аллоҳ Таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ
“Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ — ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!” Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ ҳам: “Аллоҳ Таоло пора берувчини ҳам, олувчини ҳам лаънатлади”, дедилар. (Аҳмад, Абу Довуд, ат-Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон, ал-Ҳаким).
Шунингдек, Исломий тузум барча бузғунчиликларнинг олдини олишда, жумладан коррупциянинг олдини олишда ҳам фақат сўз ва қонун чиқариш билан чегараланиб қолмайди, балки амалий механизмларини амалга оширади.
Авваламбор, давлат маблағларига нисбатан шаффофликни таъминлайди. Пайғамбаримиз ﷺ давлат лавозимига тайинланган кишиларнинг шахсий манфаат учун иш қилишига йўл қўймаганлар. Бир саҳоба закот йиғиб келиб: “Бу давлатники, бу эса менга совғадир”, деганда, Пайғамбаримиз ﷺ дарҳол уни омма олдида огоҳлантириб, давлат лавозимига тайинланган киши совға олмаслигини тушунтирдилар.
Иккинчи, ҳар бир мансабдор шахс давлат лавозимига тайинланишидан олдин ва кейин ўз мол-мулки ҳақида ҳисобот беришга мажбур. Агар унинг бойлиги сабабсиз кўпайган бўлса, у терговга тортилади ва керак бўлса мол-мулки мусодара қилинади. Халифа Умар (р.а.) мунтазам равишда шу усулни қўлланганлар. Бу замонавий коррупцияга қарши кураш учун ажойиб сабоқ бўлмоғи лозим.
Учинчи, Ислом нафақат ташқи назорат, балки ички энг муҳим назорат механизмига ҳам эга. Бу инсоннинг ички масъулияти, Аллоҳдан қўрқиш ҳисси ва қиёмат куни қилган ишлари учун жавоб беришига ишонишидир. Капитализм нуқтаи назаридан қараганда, бу аҳамиятсиз бўлиб туюлиши мумкин, аммо мана шу ички қўрқув кўпинча жазодан кўра кучлироқ таъсирга эга бўлади.
Тўртинчи, энг муҳими, раҳбарнинг ўзи намуна бўлади. Пайғамбаримиз ﷺ ва тўрт халифа ҳеч қандай имтиёздан фойдаланмаганлар, бойлик орттирмаганлар, оддий яшаганлар ва “непотизм” (мансабни қариндош-уруғ ёки таниш-билиш орасида тақсимлаш)га йўл қўймаганлар. Улар мана шу тариқа халқ ишончини қозондилар. Ишонч бўлмаса, барқарор бошқарув ҳам бўлмайди.
Қирғизистондаги вазиятга тўхталадиган бўлсак, шунчаки қонун қабул қилиш билан жиноий ишларни очишнинг ўзи етарли эмас. Муаммо қонунларнинг йўқлигида эмас, балки уларнинг танлаб қўлланилишида ҳамда халққа хизмат қилиши керак бўлган кишилар ўртасида ички тартибнинг йўқлигидадир. Қишлоқдаги коррупция, сохта таъмирлаш ишлари, ғойиб бўлган миллионлаган маблағлар – бу бир неча кишининг жинояти эмас, балки бу тузумнинг маънавий заифлигидан далолат беради. Ҳозирги кунда жамиятда қонундан қўрқиш ўрнига жазосиз қолишга ишонч кучайган.
Ислом тузуми капитализмдан фарқли равишда нафақат жазо қонунларига, балки коррупциянинг олдини олувчи шарт-шароитларни яратишга ҳам эътибор беради. Коррупция одамларнинг қўрқуви туфайли эмас, балки уларнинг эътиқоди туфайли мумкин бўлмай қолади. Ҳозирги бошқарувда мана шу етишмаяпти.
Қиёматда Роббиси олдида жавоб беришини билган инсон учун ҳар бир иш садақа ёки хиёнат саналади. Мана шунда бошқарув шахсий манфаатга эмас, балки ибодатга айланади.
Исломнинг коррупцияга қарши тизимини капитализм доирасида амалга ошириш мумкинми?
Албатта, бу мумкин эмас. Қирғизистон раҳбарияти сўнгги беш йил давомида коррупцияга барҳам бериш учун тинимсиз саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган бўлса-да, худди шу сценарий қайта-қайта такрорланаверяпи.
Коррупция шунчаки бир жиноят эмас. Бу жамият қадриятларининг кўзгусидир. Агар ўша кўзгудаги акс бизга ёқмаётган бўлса, унда қонунлар ва тизимлар билан бир қаторда ички кўзқараш ва ўлчовларни ҳам ўзгартириш зарурдир.
Латифул Расиҳ