Тиббиёт ва унинг миссияси: соғлик тизимини тижорат майдонига айлантирмаслик лозим

0
106

Тиббиёт ва унинг миссияси: соғлик тизимини тижорат майдонига айлантирмаслик лозим

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Эдил Байсалов бюрократияга барҳам бериш бўйича комиссия йиғилишида, шифокорларга ихтиёрий қўшимча тўловлар тўлаш ёки “чой пули” беришни қонунийлаштиришни таклиф қилди.

Қирғизистон ҳукуматининг соғлиқни сақлаш соҳаси келажагига ва ижтимоий тенгликни таъминлашдаги давлатнинг ролига бундай муносабати жиддий саволлар келтириб чиқариши табиий. Бу ташаббус остида, давлат муассасаларида ишлайдиган шифокорлар қўшимча ҳақ сифатида беморлардан “ихтиёрий” тўловларни олишлари мумкин, деган фикр ётади. Бу бир томондан, шифокорларнинг кам маош олиши муаммосини ҳал қилиш йўлидек кўринса-да, бироқ соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш нуқтаи назаридан бундай ташаббус ўринсиздир.

Тиббиёт соҳаси халққа хизмат кўрсатувчи соҳа бўйича қолиши ва асло тижорий соҳага айлантирилмаслиги керак. Агар тиббиёт бизнесга айланса ва даволаш сифати беморнинг чўнтаги билан ўлчанса, бу – тиббиётда ортга қадам ташлаш демакдир. Шифокорлар “чой пули”га қараб қолмаслиги керак, чунки бу масала беморларни бой-камбағал синфларига ажратиб қўяди. Бундай тенгсизлик аҳолининг кам таъминланган қатламларига тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг ёмонлашишига олиб келади. Бу эса, ижтимоий ва ахлоқий нуқтаи назардан мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир.

Давлат ўзининг соғлиқни сақлаш тизимидаги роли шифокорлар учун муносиб шароитлар яратиш эканлигини унутмаслиги керак. Бунга шунчаки “чой пули”ни қонунийлаштириш орқали эришиб бўлмайди. Шифокорлар барча диққат-эътиборини ўз ишига қаратишлари ва молиявий муаммолар уларни чалғитмаслиги учун давлат уларга шароит яратиб бериши керак. Шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг маоши, оиласини боқиш ҳақида бош қотирмай халққа хизмат қиладиган дарачада етарли бўлиши керак. Акс ҳолда, соғлиқни сақлаш тизимининг самарали ва инсонпарвар ишлаши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, агар шифокорлар беморларнинг қўшимча тўловларига қарам бўлиб қолса, бундай пайтда тизимда беморларнинг манфаатларидан кўра моддий манфаатларни устун қўйиш юзага келади.

Шифокорларнинг иш ҳақи уларнинг фаолиятини тижоратга айлантирмайдиган даражада қандай ташкил этилганлиги ҳақида Исломий бошқарув тарихидан сон-саноқсиз мисоллар келтириш мумкин. Ислом халифалигининг “Олтин даври”да шифокорларга давлат томонидан юксак маош белгиланган бўлиб, бу уларга қўшимча даромадга таянмасдан ўз вазифаларини чиройли суратда бажариш имконини берган. У пайтда шифокорларга фақат мутахассислар сифатида эмас, балки жамиятнинг хизматкорлари сифатида қаралиб, уларнинг иши ва вазифаси қўшимча даромадга боғлиқ бўлмаган. Бу касб эгалари жамиятда юксак ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлиб, дунё матолари инсон саломатлигидан қиммат эмаслигини, соғлик жамият ҳаётининг асоси эканлигини ўзларида акс эттиришган.

Росулуллоҳ ﷺ ҳар бир раҳбар ўз халқи учун масъул эканини таъкидладилар. Шу ўринда унутмаслик керакки, давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий ёрдам нафақат фуқароларнинг ҳаққи, балки раҳбарларнинг бурчи ҳамдир. Халқ раҳбари ҳар бир фуқаронинг бой-камбағаллигидан қатъи назар, сифатли ва бепул тиббий ёрдам олишини таъминлаши керак.

Агар давлат ҳақиқатан ҳам тиббиёт сифатини оширишдан манфаатдор бўлса, у ҳолда тиббиётни касб сифатида эмас, балки миссия сифатида сақлашга қаратилган тизим яратиши лозим. Шифокорларга муносиб маош тўлаш ва соғлиқни сақлаш тизимини етарли даражада молиялаштириш билангина бунга эришиш мумкин. Таққослайдиган бўлсак, бугунги кунда давлат спорт ва спортчиларга қандай эътибор қаратаётган бўлса, соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам шундай эътибор қаратиши керак. Акс ҳолда, “чой пули”ни қонунийлаштириш каби ташаббуслар ижтимоий адолатсизликни янада кучайтириб, соғлик тизимини тижоратлашувига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни сусайтириб, муаммоларни янада кучайтиради.

Хулоса шуки, соғлиқни сақлашни ривожлантириш масъулиятини беморлар эмас, балки давлат ўз зиммасига олиши керак. Беморлар сифатли тиббий хизматларни олишда қўшимча тўловлар каби тўсиқларга дуч келмаслиги лозим. Агар давлат шифокорларни муносиб иш шароитлари ва маош билан таъминлай олмаса ва тиббий хизматлар барча фуқаролар учун етарли бўлмаса, унда ҳеч қандай “чой пули” ёки қўшимча тўловлар соғлиқни сақлаш тизимини инқироздан сақлаб қола олмайди.

Латифул Расих

NO COMMENTS