Сунъий интеллект асрида «рошид муфтий»ни яратиш Ғарб ва унинг малай ҳукмдорлари манфаатларига мос келадиган фиқҳни тайёрлаш демакдир

0
38

Матбуот баёноти

Сунъий интеллект асрида «рошид муфтий»ни яратиш Ғарб ва унинг малай ҳукмдорлари манфаатларига мос келадиган фиқҳни тайёрлаш демакдир

Бугун Ислом Уммати сиёсий ва фикрий таназзулга юз тутиб, дини ва шариати аҳкомларига қарши кетма-кет тил бириктирувлар бўлаётган бир пайтда, ҳукмдор режимлар ҳамда уларнинг расмий диний муассасалар шаклидаги қуроллари ёрқин шиорлар ва жозибадор технологик атамалар остида конференциялар ўтказмоқда. Шу тариқа улар динни сохталаштириш лойиҳасига «замонавийлаштириш» ва «ривожлантириш» тусини бермоқда. Шундай тадбирлардан бири – «Сунъий интеллект асрида «рошид муфтий» тайёрлаш» номли анжуман бўлиб, у Миср фатво бошқармаси томонидан президент Абдулфаттоҳ Сисийнинг бевосита ҳомийлигида ташкил этилди.

Сарлавҳадаги «рошид муфтий» иборасини ўқиган киши кўз олдига чуқур шаръий билимга эга, тақводор, нусусларга қатъий амал қиладиган зотни келтиради; сунъий интеллект эса унга хизмат қилувчи оддий восита сифатида кўринади. Аммо ҳақиқат шунданки, бу ердаги «рошид» атамаси ҳукмдорга сўзсиз итоат этувчи, унинг кун тартибига қатъий бўйсундирилган, сиёсатларига мос фатволар чиқаришга аввалдан дастурланган ва Ғарбдаги ҳомийлари манфаатларига хизмат қилувчидан бошқа маънони англатмайди.

Сунъий интеллект давридаги асосий мақсад ҳеч қачон Исломга технология орқали ёрдам бериш эмас. Аксинча, Исломни бўйсундириш ва фатвони олдиндан белгиланган доирада қатъий назоратга олишдир. Натижада фатво тўлиқ бошқарувга бўйсундирилиб, режим иродасига зид ёки унинг хиёнатини фош этувчи ҳар қандай шаръий фикр батамом йўққа чиқарилади.

Конференция мусулмонлар диёрларидаги тузумлар сиёсатларига нисбатан халқнинг ғазаби ортиб, авж олаётган ва Уммат ҳукмдорларнинг Ислом асосларига хиёнатини янада чуқур англаб бораётган бир пайтда ўтказилмоқда. Бу хиёнатлар қаторига Фаластин масаласидаги муомала, Ислом душманлари билан иттифоқ тузиш ва куфр тузумларини татбиқ этиш киради.

Бу режимлар Аллоҳ розилиги учун ҳақни баён қиладиган шаръий фатво уларнинг ҳокимиятда қолишига жиддий хавф туғдиришини тушуниб турибди. Чунки бундай фатво уларнинг ҳукмдорлигининг ноқонунийлигини фош этади. Шу сабабли, улар муфтининг вазифасини қайта таърифламоқда. Уни манбаи ваҳий бўлган шаръий далилларга таянадиган, Аллоҳнинг ҳукмини баён этувчи зот ўрнига давлат қарорларини оқлайдиган, матнларни давлат сиёсатига мослаштириб талқин қиладиган ҳукумат хизматчисига айлантирмоқда. Натижада унинг фатволарининг асоси ваҳий эмас, балки ҳавойи нафс бўлиб қолмоқда.

Анжуманда тилга олинган сунъий интеллект, аслида, фатво чиқариш ваколатини ягона марказ қўлида жамлаш ва унга тўлиқ назорат ўрнатиш воситаси, холос. Фиқҳий саволлар ихлосли уламолардан уйда ёки масжидда сўраш ўрнига, давлатнинг тўлиқ назоратидаги «рақамли платформа»га йўналтирилмоқда. У ерда сиёсий ва хавфсизлик ҳисобларига мос тарзда созланган алгоритмлар ишлаб, фақат олдиндан рухсат этилган жавобларни чиқаради.

Бу эса фатвони икки босқичли назоратга тўлиқ бўйсундиришни англатади: биринчиси ҳукмдорга итоат қилувчи расмий муассаса амалга оширадиган инсон назорати; иккинчиси эса сиёсий йўналишга зид келадиган, тоғутни фош этувчи, босқинчига қарши жиҳодга чорловчи ёки жамият ҳаётида шариатни жорий этишни талаб этувчи ҳар қандай мазмунни йўққа чиқаришга мўлжаллаб дастурланган техник назорат.

Уларнинг назарида «рошид муфтий» – фатвони секуляр, инсон томонидан ўрнатилган қонунларга боғлаб, амалий татбиқда уларни Аллоҳнинг ҳукмидан устун қўядиган нарсадир. Шунингдек, у ҳукмдорни безовта қиладиган ёки манфаатига таҳдид соладиган ҳар қандай нарсадан – очиқ-равшан шаръий нусус бўлса ҳам – четлаб ўтади. Бу тизим «манфаатлар» ва «мувозанатлар» баҳоналари орқали кофирлар ва босқинчилар билан муносабатларни нормаллаштиришни қонунийлаштиришга хизмат қилади, шариатга зид халқаро шартномаларни эса «зарурат» ёки «халқаро мажбуриятлар» деб оқлайди.

Аслида бундай конференциялар динни ўзгартириш ва сохталаштиришга хизмат қилади. Чунки уларнинг асосий мақсади Аллоҳнинг ҳукмини излаш эмас, балки динни заифлаштириб, итоаткор ҳолга солиш ҳамда шаръий кўринишда бўлса-да, моҳиятан ҳавойи нафсга бўйсуниш ва Аллоҳ йўлидан оғиш бўлган сохта ҳукмлар тайёрлашдир. Аллоҳ Таоло шундай деган:

﴿وَأَنِ ٱحۡكُم بَيۡنَهُم بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ وَلَا تَتَّبِعۡ أَهۡوَآءَهُمۡ﴾

«Улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг нафс-ҳаволарига эргашманг»                                                                 [Моида 49]

Шундай қилиб, Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилиш ва фатво бериш – нафс-ҳавога эргашиш, ҳукмдорлар ва уларнинг хожаларини рози қилиш бўлиб, Аллоҳ томонидан қатъий ҳаром қилинган амалдир. Росулуллоҳ ﷺ дунёвий манфаат эвазига динини сотадиган ёмон уламолардан огоҳлантириб бундай деганлар:

«أَخْوَفُ مَا أَخَافُ عَلَى أُمَّتِي الْأَئِمَّةَ الْمُضِلُّونَ»

«Мен Умматим борасида энг кўп қўрқадиган нарса одамларни адаштирувчи раҳбарлардир».

Принцип жиҳатидан, сунъий интеллект фиқҳ соҳасига хизмат қила оладиган қудратли восита бўлиши мумкин. У нусусларни йиғиш, фикр ва қарашларни саралаб тартибга солиш, шунингдек, зарур маълумотни тадқиқотчига тез ва аниқ етказишда катта имконият яратади. Бироқ у режимлар итоатидаги расмий муассасалар қўлига топширилганда, фатво беришни чеклаш ва тўғри шаръий фикрни яширишга хизмат қиладиган хавфли механизмга айланади. Шу контекстда сунъий интеллект хавфсизлик идораларининг илмий-технологик қиёфадаги тармоғига айланади; фатво сўровчиси эса уни гўё бетараф машина деб қабул қилади, ҳолбуки у аслида сиёсий кун тартиби билан юкланган дастурлашга бўйсунувчи тизим бўлади. Шундай экан, мазкур конференциянинг асл мақсади фатволарни ривожлантириш эмас, балки қуйидагиларни кўзлайди:

  • Глобал миқёсда фатво соҳасини тўлиқ назоратга олиш, буни муфтийлик идоралари ва муассасаларининг бош котибияти орқали амалга ошириш ва тузилмани ҳукмдорлар манфаатларига хизмат қилувчи диний баёнотлар ҳамда позицияларни мувофиқлаштирувчи марказга айлантириш.
  • Сунъий чегараларни тан олувчи, инсон қонунлари асосидаги ҳукм юритишни қўлловчи ва душманлар билан муносабатларни нормаллаштиришни маъқулловчи бўйсундирилган Исломни омма онгига сингдириш.
  • Фатвони шариат сиёсатидан четлатиш ҳамда Умматнинг Фаластинни озод этиш, тоғут тузумларни ағдариш ва Ғарб ҳукмронлигини рад этишдан иборат тақдирий масалаларидан уни узоқлаштириш.
  • Ҳукмдор қарорларига шаръий тус бериш орқали фатвони ҳар қандай битим, келишув ёки иттифоқни – ҳатто босқинчи билан тузилган иттифоқ бўлса ҳам – оқлаш воситасига айлантириш.

Бу конференциялар бир неча жиҳатдан хавфли ҳисобланади:

Биринчи: тушунчаларни чалкаштириш. Шу тариқа «мўътадиллик» ва «рошидлик» шиорлари соясида ҳақиқат ботил билан аралаштирилади.

Иккинчи: ҳақ сўзни айтишга журъат этмайдиган, аксинча, ўз вазифасини ҳокимият хоҳлаган ҳар қандай ишга шаръий тус бериш ва уни оқлаш деб биладиган муфтилар авлодини шакллантириш.

Учинчи: ижтиҳод руҳини йўққа чиқариш. Чунки рақамли платформа баҳс ва муҳокамани чеклаб, жараённи баҳссиз ягона жавобга қисқартиради.

Уммат – унинг уламолари, даъватчилари ва ёшлари – зиммасига бундай конференцияларни фош этиш, уларнинг ҳақиқий моҳиятини халққа баён қилиш ва сўзни ўз ўрнидан бузиб талқин этувчи расмий муассасалардан динни олишдан огоҳлантириш вазифаси юкланган. Шунингдек, ижтиҳод ва фатво масаласи кўр-кўрона итоатга эмас, балки золим ҳукмдор олдида ҳақ сўзни айтишдан иборат ҳақиқий ўрнига қайтарилиши лозим. Росулуллоҳ ﷺ

«أَفْضَلُ الْجِهَادِ كَلِمَةُ حَقٍّ عِنْدَ سُلْطَانٍ جَائِرٍ»

«Энг афзал жиҳод золим ҳукмдор ҳузурида айтилган ҳақ сўздир», деганлар. Умматга сиёсат арқонига боғланган хизматчилар ёки «платформа»лар эмас, балки раббоний уламолар зарур.

Биз мусулмонларни технологиянинг чақноқ жозибаси ва безакли ибораларга алданиб қолишдан қаттиқ огоҳлантирамиз. Чунки ҳақнинг ягона мезони – Аллоҳнинг Китоби ва Унинг Росули ﷺ суннатидир. Бу мезон ҳеч қачон режимлар тайёрлаган «платформа»лар ёки уларнинг анжуманлари маҳсулотлари билан ўлчанмайди. Шуни яхши билиш керакки, сунъий интеллект қай даражада қудратли бўлмасин, Аллоҳдан қўрқувчи мўминнинг қалби ва ҳақ сўзни айтадиган содиқ тилининг ўрнини боса олмайди. Фатво – ҳукмдорнинг буйруқлари ёки унинг дастурларидан эмас – ёлғиз Аллоҳнинг шариатини ҳукмрон қилишдан келиб чиққандагина тўғри бўлади.

﴿وَإِذۡ أَخَذَ ٱللَّهُ مِيثَٰقَ ٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡكِتَٰبَ لَتُبَيِّنُنَّهُۥ لِلنَّاسِ وَلَا تَكۡتُمُونَهُۥ فَنَبَذُوهُ وَرَآءَ ظُهُورِهِمۡ وَٱشۡتَرَوۡاْ بِهِۦ ثَمَنٗا قَلِيلٗاۖ فَبِئۡسَ مَا يَشۡتَرُونَ﴾

«Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта у Китобни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!» – деб аҳд-паймон олган эди, улар эса, ушбу аҳд-паймонни ортларига улоқтиришди ва уни озгина қийматга сотишди, бу олди-сотдилари нақадар ёмон қилмиш!»                                                                                           [Оли Имрон 187]

 

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Миср вилоятидаги

матбуот бўлими

NO COMMENTS