Дипломатиями ёки унутилган меҳнат муҳожирлари?

0
32

Дипломатиями ёки унутилган меҳнат муҳожирлари?

2025 йил 10 август куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашди.

Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, Путин ва Жапаров ўртасидаги мулоқот Украина инқирозини ҳал қилиш бўйича АҚШ билан бўлиб ўтган сўнгги дипломатик алоқалар ҳақида бўлган. Садир Жапаров тақдим этилган маълумотлар учун Путинга миннатдорчилик билдириб, инқирозни ҳал қилишга қаратилган сиёсий ва дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Нима учун Путин ва Жапаров ўртасидаги мулоқотда асосий эътибор Украина инқирозига қаратилди, деган табиий савол туғилади. Мамлакатдаги мавжуд ички муаммолар ва геосиёсий вазиятни ҳисобга олсак, суҳбат мавзуси Садир Жапаров учун унчалик муҳим эмас. Қолаверса, Қирғизистон охирги пайтларда Россиядаги меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ кескин муаммоларга дуч келмоқда.

Украина инқирозини муҳокама қилиш, албатта, бу можарода бевосита алоқаси бўлган Россия учун муҳим, бироқ Қирғизистон учун меҳнат муҳожирлари масаласи асосий муаммолардан биридир. Тахминан бир миллионга яқин қирғизистонлик ҳар йили Россияда ишлаб, ватанига пул жўнатади. Россия муҳожирлар учун қоидаларни тобора мураккаблаштирмоқда. Масалан, Санкт-Петербургда ишга жойлашиш қоидаларининг ўзгариши, курерлик соҳасида ишлашга чекловлар киритилиши каби. Қирғизистонликлар Россия меҳнат бозорида тобора кучайиб бораётган тўсиқлар ва ижтимоий беқарорликларга дуч келмоқда.

Суҳбат чоғида нима учун ушбу мавзулар муҳокама қилинмади? Эҳтимол, Жапаров учун дипломатик контекстда Путиннинг ташқи сиёсат масалаларини қўллаб-қувватлаши ички иқтисодий муаммоларни ҳал қилишдан кўра муҳимроқдир. Аммо бу ерда ҳам яна бир савол туғилади: Қирғизистон фақат ташқи сиёсатга эътибор қаратса, ўз манфаатларини қачон самарали ҳимоя қила олади?

Бундан ташқари, Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг 14 август куни Бишкекка ташрифи чоғида муҳожирлар масаласи учрашувнинг муҳим қисми бўлиши мумкин эди. Аммо, кўриниб турибдики, Мишустин билан бўладиган Россия-Қирғизистон музокараларида асосан иқтисодий ва маданий ҳамкорлик, инфратузилма ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Миграция мавзуси қирғизистонликлар ҳаётида муҳим ўрин тутса-да, кун тартибига киритилмаган. Бу эса Қирғизистоннинг Россия билан муносабатларида Кремл манфаатларини ўз фуқароларидан устун қўйишга мажбур эканини кўрсатади.

Қолаверса, Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ишлаш шароитлари ёмонлашиб бораётгани тадбиркорлар ва мутахассислар даражасида муҳокама қилинадиган жиддий масала ҳисобланади. Муҳожирлар учун курьерлик соҳасида ишлашни тақиқлаш ва яна бошқа чекловлар киритиш Россияда ишлаётган қирғизистонликлар учун қўшимча қийинчиликлар туғдиради. Бироқ, хабарларга кўра, бўлажак музокараларда бу масалалар умуман кўриб чиқилмайди. Бунинг ўрнига расмий иқтисодий ҳамкорликка урғу берилади.

Нима учун миграция мавзуси муҳим аҳамиятга эга? Чунки Россиядаги қирғизистонликларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳимоя масаласи юқори даражада муҳокама қилинмагани ушбу вазиятга жиддий муносабат бидирилмаётганалигидан далолат беради. Бу кетишда Қирғизистон ўзининг ички муаммоларини ҳал этмасдан туриб, ташқи иқтисодий омилларга қарамлигини кучайтириш хавфи остида қолади. Россия иқтисодиёти кадрлар етишмаслиги ва янги ишчи кучига муҳтож бўлган бир пайтда қирғизистонликлар беқарор меҳнат бозори ва ёмонлашиб бораётган шарт-шароитдан азият чекмоқда.

Қирғизистон расмийлари Мишустин билан ўтган учрашувда меҳнат муҳожирлари муаммоларини кўтариш ўрнига, Россиянинг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини ўз фуқароларининг ҳимоясидан кўра, муҳимроқ деб ҳисоблаётганга ўхшайди.

Демак, учрашув ва музокаралар давомида Садир Жапаров муҳокама қилган мавзулар бу мулоқотларда Қирғизистоннинг асл ўрни қай даражада эканини кўрсатади. Россиядаги муҳожирлар аҳволи оғирлашиб бораётган бир пайтда Украина инқирози каби фақат ташқи сиёсат масалаларини муҳокама қилиш қирғиз халқининг ҳақиқий манфаатларига етарлича эътибор берилмаётганидан дарак беради. Агар бу тенденция давом этса, Қирғизистон иқтисодий имкониятлардан маҳрум бўлиб, қўшимча ижтимоий ва иқтисодий хавф-хатарларга дуч келади.

Абду Шукур

NO COMMENTS