Қирғизистон нима мақсадда ўз криптовалютасини чиқармоқда?
Қирғизистон ўзининг илк миллий криптовалютасини чиқаришни режалаштирмоқа. Бу ҳақида давлат молия вазирлиги маълум қилди. Бундан аввал Қирғизистонда олтин билан кафолатланган ва доллар қийматига боғлиқ “USDKG” номли стейблкоин чиқарилиши ҳақида хабар қилинган эди.
Таъкидлаш жоизки, криптовалюта – блокчейн технологиялари асосида ишлаб чиқиладиган ва онлайн муомалада бўладиган рақамли пулларнинг умумий номидир. Унинг бир неча турлари мавжуд бўлиб, улар асосан икки гуруҳга бўлинади. Биринчиси, биткоин каби, ҳеч қандай банк тизими ва давлат валюталарига боғлиқ эмас. Иккинчиси токенлар кўринишида бўлиб, танга блокчейнидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган ва ўша платформалар ичида жойлашган валюталардир. Токенлар ҳам алоҳида турларга бўлинади. Улар орасида олтин, нефт ёки дон каби товарларга боғлиқ бўлганлари стейблкоин деб аталади. Қирғизистон криптовалютанинг ушбу турини чиқаришни режалаштирмоқда. Стейблкоин олтин билан кафолатланган ва АҚШ долларига боғлиқ валютадир. Молия вазирлигига кўра, Қирғизистон дастлаб бу соҳага 500 миллион доллар сармоя киритади, кейинроқ бу маблағ 2 миллиард долларгача оширилиши мумкин.
Қирғизистонда биринчи марта 2022 йилда “Виртуал активлар тўғрисида” қонун қабул қилиниб, мамлакатда криптовалюта савдоси ва криптобиржалар фаолияти каби ишлар қонунийлаштирганди. Охирги уч йил ичида 13та криптобиржа ва 162та криптовалюта савдо майдончалари рўйхатга олинган.
Жорий йилнинг май ойида эса, дунёдаги энг йирик криптовалюта биржаси “Binance” компаниясининг асосчиси, тадбиркор Чанпэн Чжао президент Садир Жапаровнинг жамоатчилик маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Юқоридагилардан маълум бўлишича, Қирғизистон биринчилардан бўлиб, криптовалюта, жумладан, стейблкоинни ишлаб чиқариш билан бир қанча молиявий мақсадларни кўзламоқда.
Биринчидан, бу соҳа санкция қўйилган товарларни Россияга сотишда маблағларни ўтказиш операциялари учун ишлатилади. Чунки криптовалюталар кўпинча аноним тарзда транзакциялардан фойдаланади ва яширинча ҳаракат қиладиганлар учун имкониятлар яратади. “Financial Times” нашрининг тадқиқотига кўра, Қирғизистонда ташкил этилган биржада жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида рублга боғлиқ рақамли валюта билан 9 млрд 300 млн долларлик токенлар сотилган. Маълумки, Россия санкцияларни четлаб ўтиш учун Шимолий Корея ва Эрон билан савдо муносабатларида криптовалюталардан фойдаланиб келади. Бундан ташқари, Ғарб давлатлари шу кунгача “Керемет банк” каби мамлакатдаги айрим тижорат ташкилотларини шубҳали операциялар учун қора рўйхатга киритган. Шу боис давлат расмийлари Ғарб санкцияларини четлаб ўтишнинг янги йўлини танламоқда.
Иккинчидан, ички сиёсатда ҳокимият табақа ва уларнинг яқин қариндошлари коррупция йўли билан топган маблағларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш ва пул ювиш учун янги имконият очилади. “Тамчи” махсус зонаси ҳам шунга хизмат қилади. Мазкур зонада фаолият юритаётганлар 49 йил давомида барча солиқлардан бутунлай озод қилинади. Улар криптовалюталар, суғурта, банк хизматлари, қимор ўйинлари ва “исломий” молия соҳаларида бизнес юритишлари мумкин.
Демак, криптовалюта тизимидан давлат миқёсида фойдаланиш фақат бир ҳовуч капиталистлар ва ҳокимият табақанинг манфаатларига хизмат қилади. Шундай экан, муаммо фақат криптовалюта ёки бошқа молиявий тизимлардан фойдаланишда эмас, балки фойдага асосланган капиталистик тузум ва ундан келиб чиқадиган муаммоларнинг давомли кенгайиб боришидадир. Чунки капиталистик тузумда ўлчов ҳалол ва ҳаромга эмас, фойда ва зарарга асосланади. Натижада ҳукуматга фойда келтирадиган барча соҳалар ҳалол ҳисобланади. Исломда эса ўлчов ҳалол ва ҳаромдир. У бир ҳовуч капиталистлар манфаати учун умумий аҳолини қурбон қилмайди. Аксинча, жалқ саломатлиги ва фаровонлиги учун бойликни адолатли тақсимлайди ва олтин ва кумушга асосланган молиявий тизимни таклиф қилади. Бу тизим нархлар барқарорлигини кафолатлайди ва инфляциянинг олдини олади. Энг муҳими, фойда ортидан қувган капиталистлар учун эмас, Аллоҳнинг ризолиги ва халқнинг фаровонлиги учун хизмат қилади.
Мумтоз Мавароуннаҳрий