Матбуот баёноти
Мисрдаги йўл-транспорт ҳодисалари ғамхўрликнинг йўқлиги ва капиталистик тузум бузуқлигининг яққол исботидир
Кун сайин такрорланаётган ва фожиали одатга айланган манзара яна такрорланди: бир неча кун олдин одамлар Мануфия вилоятидаги минтақавий трассада содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида тўққиз бегуноҳ инсоннинг ҳалок бўлгани ҳақидаги даҳшатли хабар билан уйғонди. Бу фалокат юракларни йиғлатиб, ўн саккиз нафар ёш қизларни ҳаётдан олиб кетган бошқа бир фожиадан бир ҳафта ўтмай содир бўлди. Ҳодиса аввалгиларидан фақат қурбонлар сони билан фарқ қилди, холос. Миср режими бу минтақавий трассани «миллий ютуқ» деб таърифлаб келади. Аммо аслида трасса ҳукмдорларнинг ёлғон шиорлар ортига яшириниб, халқнинг энг оддий ҳуқуқи бўлмиш хавфсиз ҳаётни ҳам поймол қилишаётганининг жонли гувоҳига айланди. Уни аслида, одамларнинг жонларини тортиб олаётган ҳалокат йўли дейиш мумкин!
Бу ҳалокатлар тасодифий ҳодисалар ёки тақдир ва омадсизлик билан оқланадиган воқеалар эмас. Балки бу – халқ ишларига ҳақиқий ғамхўрлик йўқлиги ва давлат идораларида илдиз отган доимий коррупциянинг табиий ва бевосита оқибатидир. Бу ифлос коррупциянинг илдизи сасиб-чириб кетган капиталистик тузумга бориб тақалади. Чунки бу тузум барча ишлар ва қарорларни фақат манфаат ва фойда нуқтаи назаридан баҳолайди, барча нарсани фақат даромад ва зарар тарозисида ўлчайди. Аллоҳ белгилаган ҳалол ва ҳаром эса уларнинг назарида ҳеч қандай қадрга эга эмас.
Associated Press агентлигининг 2025 йил 27 июнда чоп этилган хабарига кўра, 19 нафар инсон, жумладан гулдек ёш 18 нафар қизларнинг ҳаётига зомин бўлган юк машинаси жуда юқори тезликда ҳаракатланган. Йўл ҳам эскириб, ҳали таъмирлаш ишлари якунланмаган бўлган. Шунга қарамай, расмий идоралар ҳеч қандай хавфсизлик чоралари ёки назорат тизимисиз ушбу йўлда ҳаракатланишни давом эттиришга йўл қўйган. Худди шу агентликнинг 2025 йил 5 июлдаги минтақавий трассада икки микроавтобус тўқнашуви ҳақидаги бошқа бир хабарига кўра, ортиқча юк, ҳайдовчиларнинг белгиланган тезликка амал қилмаслиги, йўлнинг етарлича ёритилмаслиги ва йўл белгиларига эътиборсизлик ушбу қонли ҳалокатнинг бевосита сабаблари бўлган. Йўлларни таъмирлаш, хавфсизликни таъминлаш ва ҳайдовчиларни назорат қилишдаги давлат идораларининг лоқайдлиги учун уларни жавобгарликка тортиш ўрнига, расмийлар халқ ғазабини юмшатиш учун арзимаган товон пуллари, «чуқур қайғу» ва «шошилинч чоралар» ҳақида мазмунсиз баёнотлар билан кифояланди. Гўёки муаммо ҳақиқий ғамхўрликнинг йўқлигида эмас, одамларга етарлича ҳамдардлик билдирилмаганида экан! Инсон ҳаётини асраш – Исломнинг энг буюк мақсадларидан бири бўлиб, динимиз ҳукмдорлар зиммасига халқ манфаатларини таъминлаш ва ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш масъулиятини юклаган. Исломда ҳукмдорлар халқ фикрини чалғитиш ва ташқи кўриниши жозибадор, аслида эса эътиборсизликка асосланган сохта лойиҳалар билан алдаш учун ҳокимиятга олиб келинмайди. Росулуллоҳ ﷺ айтганлар:
«وَالْإِمَامُ رَاعٍ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ»
«Имом-халифа ғамхўр чўпондир ва ўз фуқаросидан жавобгардир». Бу улкан масъулият фақат ҳаёт ишларини бозор ва фойда ўлчови билан эмас, балки шариат мезони асосида тартибга соладиган бошқарув низомини қоим қилиш билангина рўёбга чиқади.
Трассалар ва жамоат инфратузилмалари омма мулки ҳисобланиб, улардан бутун жамоат фойдаланади. Давлат эса уларни мунтазам таъмирлаш ва фойдаланувчи инсонларнинг хавфсизлигини таъминлашдан масъулдир. У бу борада ҳеч қандай лоқайдликка йўл қўймаслиги керак. Бироқ бугунги кунда биз бу минтақавий трасса ва бошқа йўлларнинг ҳар куни ўн минглаб ишчи ва камбағаллар учун асосий ҳаракат йўли бўлиб хизмат қилишига қарамай, ҳатто энг оддий инфратузилмадан ҳам маҳрум қолаётганини ва бу капитализм тузумида илдиз отган коррупциянинг табиий натижаси эканини гувоҳи бўлиб турибмиз. Зеро, Миср режими қабул қилган капиталистик бошқарувда инсонга фақат фойда ҳисоб-китобларидаги оддий рақам сифатида қаралади.
Соғлиқни сақлаш ва аҳоли вазирлиги ҳамда халқаро матбуот маълумотларига кўра, Мисрда ҳар йили 7000 дан ортиқ киши йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлмоқда. Бу рақам кўплаб қуролли можароларда ҳалок бўлганлар сонидан ҳам ортиқ. Эътиборга молик жиҳати шундаки, йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий қисми минтақавий трасса, Жанубий трасса ва Аламийн трассаси каби янги қурилган йўлларда содир бўляпти. Бу эса фалокатларга сабаб эски йўллар эмас, балки жамоат мол-мулкини бошқаришда инсон хавфсизлигини менсимайдиган бошқарув менталитети эканини яққол кўрсатиб турибди. Капитализм хусусийлаштириш ва давлат активларини сотишни оқлаб, инфратузилмани фақат бойлик тўплаш воситасига айлантиради. Бундай тузум ҳеч қачон ҳақиқий ғамхўрлик кўрсата олмайди. Чунки у ғамхўрликка шаръий ҳуқуқ сифатида эмас, балки молиявий юк сифатида қарайди.
Ислом эса инсонга Аллоҳ Таоло мукаррам қилган азиз мавжудот сифатида қарайди. Шунингдек, инсоннинг жони, мол-мулки ва номусини ҳимоя қилишни энг асосий мақсадлардан бири деб билади ва бу мақсадни амалга ошириш учун зарур бўлган барча воситаларни таъминлаш масъулиятини давлат зиммасига юклайди. Ислом давлати ҳукмронлиги остида йўллар муҳофаза қилиниб, хавфсизлик талабларига тўлиқ мувофиқ шаклда жиҳозланади: йўллар етарли даражада ёритилади, муносиб тезлик чегаралари белгиланади, юк ташишда белгиланган меъёрлар қатъий назорат қилинади, ҳаракатланиш вақтлари тартибга солинади, хавфсизлик тўсиқлари ўрнатилади ва инсон ҳаётини менсимаганларга нисбатан тийиб турувчи шаръий жазолар жорий этилади. Ислом давлати йўлларни таъмирлаш учун зарур маблағларни ажратишни ўз зиммасидаги вазифа деб билади. У буни ҳеч қачон миннат сифатида эмас, балки шариат талаб қилган вазифа сифатида амалга оширади.
18 нафар қиз ва 9 нафар инсон ҳалок бўлган фожиалар бу йиллар давомида қон билан битилаётган фожиалар дафтарининг яна бир қора саҳифасидир. Зеро, бундай фалокатлар инсон ҳаётини менсимайдиган ва фақат мансабдорлар манфаати ҳамда уларнинг банк ҳисобларини ҳимоя қиладиган тузум шароитида содир бўлмоқда. Баъзилар «бу ҳалокатлар тақдирдан» деб айтиши мумкин. Аммо шариат бизга шуни очиқ-ойдин ўргатганки, тақдир инсонни масъулиятдан озод қилмайди! Аксинча, одамларни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган шаръий чора-тадбирларни кўрмаслик масъулиятсизлик саналади ва бу учун ҳисоб сўралади. Аллоҳ Таоло бундай деган:
﴿وَلَا تَقۡتُلُوٓاْ أَنفُسَكُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ بِكُمۡ رَحِيمٗا﴾
«(Эй мўминлар), бир-бирларингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир» [Нисо 29]
Шундай экан, ҳар йили юзлаб инсонларни асфальт устида ҳалок бўлишига ташлаб қўядиган ва фақат арзимаган товон пуллари ҳамда қуруқ таъзия баёнотлари билан чекланадиган режимни нима деб аташ мумкин?!
Бу ҳалокатларнинг ечими ҳар галги одатий норозилик баёнотлари ёки қуруқ ислоҳ ваъдаларидан иборат эмас. Ечим – Аллоҳнинг шариати асосида ҳукм юритадиган ва халқ ишларини Унинг аҳкомлари асосида бошқарадиган тузумни барпо қилишдир. Бундай тузум бузғунчилар қўлини қирқиб, барча ишларни ҳалол-ҳаром мезони асосида тартибга солади. У ҳеч қачон «инвестициядан келадиган даромад» ёки молиявий манфаатни асос қилиб олмайди. Одамларни қашшоқликдан, касалликдан ва йўл фалокатларидан қутқара олмаган мана шу капиталистик тузумнинг ўзи коррупцияни мустаҳкамлайдиган, Исломга адоват қиладиган ва Халифаликнинг барпо бўлишига тўсқинлик қиладиган тузумдир. Инсон ҳаёти ва қадр-қимматини қуруқ шиор ёки реклама воситасига айлантирмасдан, уни биринчи даражали устувор вазифа сифатида белгилайдиган ягона тузум фақат Халифаликдир.
Бугун Ислом Уммати олдида очиқ ва равшан танлов турибди: ё капиталистик тузум асирлигида қолиб, фарзандларининг йўлларда ҳалок бўлишига, уйларида очликка маҳкум бўлишига ва сохта шиорлар билан алданишига рози бўлади; ёки ҳаракатга келиб, Аллоҳнинг аҳкомларини жорий қиладиган, одамларга хавфсиз ва шарафли ҳаётда яшаш бошқарувини қайтарадиган Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифаликни барпо қилади.
Миср ва бошқа мусулмонлар юртларида ҳар куни йўлларда зое бўлаётган бу жонлар – Уммат фақат Ислом тузуми, Ислом ҳукми ва Ислом етакчилигида нажот топади деган сўзимизнинг ҳақлигини тасдиқлайдиган адолатли гувоҳдир.
Бу покиза қонлар, қалбида заррача иймони бор ҳар бир инсон учун ҳақ ва адолат ҳукм сурадиган давлатни барпо қилишга чақирувчи нидодир. Токи Уммат Аллоҳ нозил қилган шариат билан ҳукм юритсин ҳамда тобелик, бузғунчилик ва бепарволик занжирларини синдириб, ўз ҳукмронлигини қайта тикласин! Аллоҳ Таоло бундай деган:
﴿ٱلَّذِينَ إِن مَّكَّنَّٰهُمۡ فِي ٱلۡأَرۡضِ أَقَامُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتَوُاْ ٱلزَّكَوٰةَ وَأَمَرُواْ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَنَهَوۡاْ عَنِ ٱلۡمُنكَرِۗ وَلِلَّهِ عَٰقِبَةُ ٱلۡأُمُورِ﴾
«Биз уларни (яъни мусулмонларни) агар ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, маъруфга буюриб, мункардан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)» [Ҳаж 41]
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Миср вилоятидаги
матбуот бўлими