Спортчилар учун феъл-атвор режасини жорий этиш диндан хавфсирашни яширишга уринишдир

151
0

Спортчилар учун феъл-атвор режасини жорий этиш диндан хавфсирашни яширишга уринишдир

2025 йил 27 июн куни Қозоғистон Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов “Спорт этикасини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжат спортчилар, мураббийлар ва ҳакамлар учун феъл-атвор қоидаларини белгилайди. Унга кўра, беҳаё сўзларни ишлатиш, машғулот ҳақида маълумот тарқатиш, мамлакатни обрўсизлантирадиган хатти-ҳаракатлар, шунингдек, диний эътиқодни очиқ кўрсатиш ва миссионерлик фаолиятини юритиш тақиқланади. Ушбу фармон, эътиқод эркинлиги ва хусусан, шахснинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ҳуқуқи масаласида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Сиртдан қараганда бу ташаббус интизомни мустаҳкамлаш ва қозоғистонлик спортчиларнинг халқаро обрўсини оширишга қаратилгандек кўринади. Бироқ, фармондаги кўплаб нормалар амалдаги қонун ҳужжатларида мавжуддир. Беҳаё сўзларни қўллаш, жамиятга қарши хатти-ҳаракатларга қўл уриш, динга мажбурлаш ва ақидага тарғиб қилиш, буларнинг барчаси маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳолатлардир. Бу қоида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Меҳнат кодекси ва “Диний фаолият тўғрисида”ги қонунларда мавжуд. Демак, юқорида қайд этилган чекловлар умумий фуқаролик даражасида аллақачон мавжуд экан, энди муайян тор доирадаги гуруҳ учун қўшимча меъёрий ҳужжат қабул қилиш қанчалик зарур? Албатта, бу ташаббус шубҳа туғдирмай қолмайди.

Бу ерда ташвишга солаётган нарса шуки, диний кўз қарашларни ва улардан келиб чиққан қадриятларни ифода этишни тақиқлаш инсоннинг ўз эътиқодини очиқ ифода этишини чеклашдир. Масалан, диний рамзларни тақиш, ғалабадан кейин бармоқ кўтариш, Яратганга шукроналик билдириш каби оддий ҳаракатлар қонун бузарлик сифатида баҳоланиши мумкин. Бу эса Қозоғистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳар бир фуқаронинг эътиқод эркинлигини бевосита бузиш ҳисобланади. Бундай хатти-ҳаракатларни муайян тоифага чеклаш қонундаги барча фуқароларнинг тенглиги тамойилига зид келади ва камситиш ҳисобланади.

Бундан ташқари, бундай чекловларни муайян гуруҳларга хослаб қўллаш масаласи ҳам бор. Агар фармон “спортчилар жамиятга танилган нуфузли инсонлар” деган асосга таянилган бўлса, унда нима учун жамиятда нуфузли бўлган санъаткорлар, телебошловчилар, блогерлар, ўқитувчилар ва бошқа касб эгаларига ҳам худди шундай меъёрлар қўлланилмайди? Уларнинг гаплари ва қилаётган ишлари кўпинча ёшлар ва жамоатчилик фикрига янада кучлироқ таъсир қилади. Чекловларни баъзи тоифаларга хослаб қўллаш баъзи фуқароларни қатъий қоидаларга бўйсундириб, баъзиларига эса эркинлик берилишига олиб келади. Бу эса хавфли прецедентдир. Шунингдек, фармондаги тушунчалар умумий ва ноаниқдир. “Қозоғистоннинг обрўсига путур етказиш”, “жамиятга қарши хатти-ҳаракатлар”, “ОАВнинг ҳурматини жойига қўйиш” каби атамаларни жуда кенг ва турлича талқин қилиш мумкин. Бу эса ўз фикрини очиқ билдирувчи спортчиларга босим ўтказиш имкониятини беради. Бундай қоидалар ҳуқуқий жиҳатдан заиф ва очиқ, масъулиятли доиранинг ривожланишига тўсқинлик қилади.

Агар мақсад ҳақиқатан ҳам жамиятдаги таниқли шахсларнинг ахлоқини ва феъл-атворини бошқариш бўлса, бу расмий ва холис тарзда амалга оширилиши керак. Бунинг ўрнига, барча фуқаролар учун баробар бўлган универсал ахлоқ кодексини қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўларди. Бундай ҳужжат аввал қабул қилинган қонунларга асосланиши, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, цензура ва зулмга олиб келмаслиги керак. Ортиқча, бирёқлама қонунлар чиқаришдан кўра, амалдаги қонунлар ижросини такомиллаштириш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва ички маданиятни юксалтиришга эътибор қаратилиши афзалдир. Мана шунда этика масаласида олдинга силжиш бўлади, шу билан бирга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, бу қонун мусулмон спортчиларнинг ёшларга таъсир қилишидан хавотирланиш сабабли келиб чиқмоқда. Қолаверса, айни дамда қозоқ ёшларининг динга қизиқиши кундан кунга ортиб бормоқда. Спортчиларнинг ўз муҳитида диний эътиқодга очиқ амал қилишлари исломий феъл-атвор бўлиб, уларнинг Яратганга илтижо қилишлари тақво ва Яратганга шукроналик белгисидир. Шунга кўра юқорида имзоланган фармонни жамиятга таъсир этувчи инсонлар томонидан диний қадриятларнинг ёйилишини чеклашга уриниш сифатида баҳолашимиз мумкин. Умумий феъл-атвор, нутқ маданияти ва умумий тартиб қоидаларига боғлиқ чора-тадбирлар эса диний таъсирни назорат қилиш ва чеклаш мақсадини яшириб турувчи ниқобдир.

Латиф Расих

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here