Қирғизистонга қайси тил зарур?
Қирғизистон президенти Садир Жапаров сўнги нутқида мактабларда рус тилини мажбурий ўрганиш зарурлигини таъкидлар экан, “рус тилини билмай туриб, бизнес, илм-фан ва миллатлараро муносабатларда муваффақиятга эришиб бўлмайди”, деди. Унинг бу сўзлари, айниқса, ҳозирги сиёсий шароитда, жамиятда қизғин баҳс-мунозаралар келтириб чиқарди ва мамлакатнинг тил сиёсати ҳақида тортишувларга сабаб бўлди.
Президентнинг нутқи Россия президенти Владимр Путин билан учрашувидан сўнг янгради. Учрашувда ҳар икки томон “стратегик шериклик” ва “тарихий яқинлик”ни алоҳида таъкидлаган эдилар. Бироқ, аслида бу собиқ мустамлакачилик муносабатларининг давоми эканлиги сир эмас. Таълим соҳасида рус тилини тарғиб қилиш сиёсатига Кремлнинг кўнглини олиш, унга садоқат кўрсатиш ва ташқи сиёсатда Россия манфаатларига мойилликнинг рамзий белгиси сифатида қараш мумкин. Кремл ўз “иттифоқчилари”дан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ “қуллик” талаб қилаётган бир пайтда, бу қадам минтақадаги унинг амбицияларига “тасалли” беришга уринишдир.
Бироқ, бу ерда бир савол туғилади: бундай сиёсат Қирғизистоннинг миллий манфаатларига қай даражада мос келади? Бугунги кўп қутбли дунёда ва халқаро рақобат кучайиб бораётган шароитда бир тилни – у ҳам бўлса собиқ босқинчининг тилидир – илгари суриш шубҳасиз, суверенитетга путур етказувчи қадамдир. Албатта, рус тилининг маълум соҳаларда ўз ўрни бор, лекин уни альтернативсиз ривожланиш воситаси сифатида талқин қилиш ҳақиқатга тўғри келмайди.
Глобал миқёсда инглиз тили халқаро иқтисодиёт, илм-фан ва юқори технологиялар тили бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, Пекиннинг Марказий Осиёда таъсири кучайгани сари Хитой тилининг ҳам аҳамияти ортиб бормоқда.
Аммо араб тили шунчаки чет тили эмас, балки Ислом тилидир. У мусулмон халқлар учун маънавий ва маданий элемент ҳисобланади. Бунинг устига, араб дунёси билан ҳамкорлик, айниқса, иқтисодий, таълим-тарбия ва диний соҳаларда ҳамкорлик қилиш Қирғизистон учун реал имкониятлар очади. Қолаверса, бу муносабатлар, баъзи мамлакатлардан фарқли ўлароқ, сиёсий босим остида эмас, табиий равишда ривожланмоқда.
Рус тилига алоҳида эътибор бериш, ҳатто бошқа муҳим соҳаларга зарар етса ҳам, фақат уни тарғиб қилиш, геосиёсатда чекинишдан дарак беради. Бундай қадам миллий тил ва қадриятлардан узоқлашиш ҳамда маданий асосларни заифлаштириш сабабли ташқи қарамликка олиб келиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, миллий ўзлик ва маданий суверенитетнинг қўлдан бой берилишидан хавотирга тушган ҳалқнинг бир қисмининг қаршилигига сабаб бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, рус тилининг мавқеини ошириш ташаббуси ички эҳтиёж эмас, балки ташқи сиёсатга содиқликни намойиш этишга уриниш сифатида қабул қилинмоқда. Глобал ўйинчиларнинг босими кучайиб бораётган бир пайтда бундай бир томонлама ёндашувни стратегик эмас, балки тактик қадам сифатида баҳолаш мумкин. Шунинг учун Қирғизистон кўп тиллиликни қадрлайдиган давлат сифатида тил сиёсатини миллий манфаатлар, маданий хусусиятлар ва узоқ келажакни ҳисобга олган ҳолда реал тарзда олиб бориши лозим.
Хужжат Жамия