КХШТ ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилиши
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Чўлпон-Атада бўлиб ўтган КХШТ ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида ташкилотнинг анъанавий мақсадларини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади. Ҳар доимгидек, терроризм, экстремизм ва киберхавфсизлик масалалари асосий муаммо сифатида муҳокама қилинди. Бутун минтақа учун умумий таҳдид сифатида белгиланган ушбу муаммолар Қирғизистон расмийлари нуқтаи назарига кўра “қўшма ва мувофиқлаштирилган ёндашув”ни талаб қилади.
Бироқ, бу учрашувлар расмий мақомга эга бўлишига қарамай, тобора оддий сиёсий маросимларга айланиб, моҳиятан самарасиз бўлиб бормоқда. Таҳдидлар ҳақидаги баёнотлар кўпинча қоғозда қолади ва аниқ фактлар билан тасдиқланмайди. “Ташқи қийинчиликлар”нинг аксарияти мавҳум характерга эга бўлиб, минтақанинг ҳақиқий динамикасига мос келмайди ва йилдан-йилга “қуруқ гап”га айланиб бормоқда. Расмий баёнотларни четга суриб, моҳиятан олиб қараганда КХШТнинг фаолияти хавфсизликни таъминлашга эмас, балки “ташқи таҳдид – ички бирлик учун” формуласини амалга ошираётгани аниқ бўлиб бормоқда. Ушбу стратегиянинг асосий элементи Исломий даъватнинг олдини олиш ёки “радикаллашув”ни, яъни Ислом мафкурасининг кучайиб бораётган таъсирини жиловлаш учун кураш олиб боришдир.
Ҳақиқатан ҳам, агар Исломий омил (қамоққа олишлар, радикаллашувда айблашлар, диний гуруҳлар фаолияти ва бошқалар) бўлмаса, бундай йиғилишларда муҳокама қилинадиган мавзу ҳам қолмас эди. Бу ҳудудларда киберҳужумлар ёки “дунёвий экстремизм”, “сиёсий экстремизм” деб аталувчи ҳолатлар алоҳида реакция талаб қиладиган даражада кузатилмайди. Аслида, ушбу ташкилотнинг қўшма хавфсизлик инфратузилмаси фақат ҳибсга олишлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан “тарғиботнинг олдини олиш бўйича” ишларидаги айрим эпизодларга таянади. Бу билан ташкилот, гарчи барқарор иш олиб бораётгандек кўринса-да, бу ишлари фақат ўзларининг “таҳдидлар эртагини” оқлашга имкон беради холос. Шу билан бирга, аъзо давлатларнинг, хусусан, Россиянинг ҳарбий ва ташқи сиёсат йўналишининг қонунийлигини мустаҳкамлайди.
Бу эса Москвага постсовет ҳудудида КХШТнинг ташқи сиёсий таъсирини сақлаб қолиш имконини беради. Қирғизистон ташкилотга раислик қилган даврда, киберхавфсизлик ва разведка маълумотларини алмашиш каби бир қанча ташаббусларни илгари сурди. Бироқ бу ташаббусларни амалга ошириш фақат Кремл томонидан белгиланган сиёсий чегаралар доирасида амалга оширилиши мумкин. Таҳдидлар мавҳум, қарорлар расмий ва ҳаракатлар сиёсий чегаралардан ташқарига чиқмаслиги керак.
Ҳатто киберхавфсизлик бўйича халқаро конференциялар ўтказиш, таҳлил марказларини яратиш бўйича таклифлар киритиш, қўшма машғулотлар ўтказиш – буларнинг барчаси реал таҳдидларга жавобан эмас, балки рамзий иш сифатида, махсус сценарий доирасида амалга оширилмоқда. Бу ерда асосий мақсад ҳақиқий қийинчиликларга дош бериш эмас, балки кучли садоқат архитектурасини сақлаб қолиш ва ягона ташқи имиджни яратишдир.
Шу нуқтаи назардан, КХШТ асосан оғзаки лойиҳа бўйича қолмоқда, унинг фаолияти Кремл томонидан белгиланган кун тартибига боғлиқ. Мустақил таҳлилнинг йўқлиги, институционал ривожланишнинг заифлиги ва мафкуравий йўналиш (биринчи навбатда Исломга қарши кураш) ташкилотга путур етказади. Натижада, “коллектив хавфсизлик” номи ортида Россиянинг ўз сиёсий тартибини ўрнатиш ва “Ғарбга қарши” ва Исломга қарши курашнинг ягона раҳбари сифатида ташқи сиёсий қиёфасини шакллантириш ётади.
Шундай қилиб, Қирғизистон раислик қилаётган ташкилотда қандай таклифлар илгари сурилмасин, КХШТнинг эски фаолият моделидан нарига ўтмайди. У чекланган автономия, ритуалистик сиёсий риторика ва “радикал” деб аталадиган ва исботланмаган ҳолатларга таяниш орқали “таҳдидлар”га қарши бирлик зарурати хом-ҳаёлларини оқлашга уринишда давом этаверади.
Хужжат Жамиа