Қирғизистон президентининг Малайзияга ташрифи

0
19

Қирғизистон президентининг Малайзияга ташрифи

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Малайзияга расмий ташрифи доирасида иқтисод ва сармоя соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган битимлар имзоланди. Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим билан олиб борилган музокаралар натижасида олтин экспортидан тортиб, ҳалол саноат ва энергетикагача бўлган турли соҳаларни қамраб олган бир қанча келишувлар имзоланди.

Қирғизистоннинг “Қирғизолтин” очиқ акциядорлик жамияти ва Малайзиянинг “Public Gold Marketing Sdn. Bhd.” компанияси ўртасида тузилган шартнома муҳим натижалардан бири бўлди. Келишувга кўра, Қирғизистоннинг тозаланган олтинлари ўлчанган қуйма шаклида экспорт қилинади. Бу Қирғизистон олтинини бошқа давлатга, яъни Малайзия бозорига жамғарма ва нақд актив сифатида сармоя қилишга боғлиқ биринчи келишувдир.

Таъкидлаш жоизки, Малайзия “Исломий молия” бўйича жаҳон етакчиларидан биридир. Бироқ, бу молиявий тизим фақат рамзий маънода “Исломий” деб аталган бўлиб, асосан маблағларни Ислом давлатларидан жалб қилишга эътибор қаратади. Бу тизим 1980-йиллардан буён фаолият юритиб келаётган банк-молия хизматлари тизими ҳисобланади. У банклар ва инвестиция фондларидан тортиб “сукук” деб номланган қимматли қоғозлар чиқарувчи компаниялар ва ҳалол маҳсулотларга сертификат берувчи махсус муассасаларгача бўлган кенг доирадаги иштирокчиларни ўз ичига олади.

Бу молиявий фаолият шариат ҳукмларига таянган ҳолда фоиз (рибо), чайқовчилик (ғарор) ва тақиқланган соҳаларга (масалан, ароқ, қимор, чўчқа гўшти ва бошқаларга) сармоя киритишни ман этиш тамойилига асосланади. Бироқ, у айни пайтда капиталистик банк тизими воситаларидан фойдаланади. Малайзиянинг ушбу молия тизими “мослашувчанлик” сифатига эга бўлиб, унга шариат меъёрлари билан капиталистик молиявий технологияларни уйғунлаштиришга йўл берилган ва у орқали Исломий мамлакатларнинг молиявий тизимларини ўзига жалб этиш кўзланган.

Бундан аввал ҳам бир неча бор таъкидлаганимиздек, Исломий ном ва атамалар ниқоби остида фаолият юритаётган ҳамкорликнинг бундай кўринишлари чайқовчилик бўлиб, шариат меъёрларига тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам у Исломда тақиқланган.

Шунингдек, музокаралар чоғида икки давлат ўртасида ҳалол саноат соҳасидаги ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланди. Хусусан, Қирғизистоннинг Ҳалол саноатини ривожлантириш маркази Малайзиянинг AviaDinamika ва Platinum Greenhaven компаниялари билан биргаликда ҳалол гўшт паркини барпо этиш бўйича сармоя жалб этиш ва ҳалол стандартларини тарғиб қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Қирғизистон мусулмон жамоатчилик дастагига эришиши мақсадида Малайзиянинг бу соҳада жаҳонда етакчи экани тилга олиниб, мазкур йўналиш энг маъқул йўналиш сифатида талқин қилинди.

Энергетика ва шаҳарлараро дипломатия соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида қўшимча келишувлар ҳам тузилди. Қирғизистон Энергетика вазирлиги CitaGlobal Berhad компанияси билан меморандум имзолади, Бишкек ва Куала-Лумпур шаҳарлари турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш мақсадлари ҳақида мактублар алмашди.

Матбуот анжуманида Садир Жапаров энергетика, рақамли иқтисодиёт ва туризм соҳаларидаги лойиҳаларга Малайзия сармояларини жалб қилиш Қирғизистон учун фойдали эканлигига урғу берди. Унинг таъкидлашича, Қирғизистон электр энергиясининг 90 фоиздан ортиғини гидроэнергетика орқали ишлаб чиқаради ва мамлакат бу борадаги янги ташаббуслар учун хорижий инвесторларни жалб қилишга тайёрдир. Бундай стратегик муҳим аҳамиятга эга тармоқларга хорижий сармоядорни чақириш давлат мустақиллигига соя соладиган ва давлатни бошқа давлатлар назорати остига тушириб қўядиган расмий чақириқдир.

Ташриф чоғида таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, академик алмашинув ва қирғизистонлик талабаларнинг Малайзия университетларида таҳсил олишига оид масалалар ҳам муҳокама қилинди. Қирғизистон президенти парламент ва халқаро даражадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Шундай қилиб, ушбу ташриф кўп векторли сиёсат доирасида аввал муҳокама қилинган ташаббусларни амалга ошириш ниятини тасдиқлашга қаратилди. Бироқ, ҳозирча реал иқтисодий ва сиёсий ривожланиш нуқтаи назаридан натижалар ноаниқлигича қолмоқда.

Ҳужжат Жамия

NO COMMENTS