ЕОИИнинг фойдаси йўқ, зарари кўп
27 июн куни Беларусия пойтахти Минск шаҳрида Евроосиё иқтисодий иттифоқининг юқори даражали йиғилиши якунига етди. Йиғилиш натижасида ЕОИИ фаолиятини ривожлантиришга қаратилган бир қанча ҳужжатлар имзоланди.
Президент Садир Жапаров ўз нутқида Қирғизистон сўнгги йилларда ЕОИИ доирасида саноат кооперациясини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади. Унга кўра, тадбиркорлар кооператив лойиҳалар бўйича аризаларни тўлдириш ва талабларни бажаришда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Айни пайтда Россия президенти Владимир Путин иттифоқдан манфаатдор бўлган барча хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ЕОИИда иқтисодий ўсиш суръати жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан юқоридир. Глобал ўсиш 3,3 фоизни ташкил этган бўлса, ЕОИИда бу кўрсаткич 4 фоиздан ошади.
Изоҳ:
Путин санкцияларга қарамай, Россиянинг заифлашмаганини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Аслида эса, ташкилотнинг кучи ва таъсири ушбу ташкилотдаги етакчи давлатнинг халқаро таъсирига боғлиқдир. Халқаро майдонда Россиянинг таъсири заифлашиб бормоқда. Хусусан, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги можарода Россиянинг бетараф позицияси Арманистоннинг Ғарбга мойил бўлишига туртки бўлди.
Путиннинг ЕОИИни тузишдан кўзлаган асосий мақсади ташкилотга аъзо давлатларни Россияга маҳкам боғлаб олиш ва улардан ўз манфаати йўлида фойдаланиш эди. Чунки ташкилотнинг қонун ва нормаларини Россия белгилайди. Масалан, ЕОИИ Шартномаси барча аъзо давлатлар ўртасида товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи айирбошлаш эркинлигини таъминлайди. Шунингдек Савдо, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида мувофиқлашган ҳолда сиёсат олиб бориш кафолатланади. Бироқ Қирғизистон каби давлатлардан экспорт қилинган товарлар ҳар доим турли тўсиқларга дуч келмоқда. Шунингдек келишувда кўрсатилган “Ишчи кучининг касаба уюшмалари доирасида эркин ҳаракатланиши ва меҳнат муҳожирларига бериладиган имтиёзлар” фақат қоғозда қолди. Ҳаттоки, Россия Марказий Осиё давлатларига босим ўтказиш учун арзимас баҳоналар билан ҳар йили муҳожирларга нисбатан босимни кучайтириб бормоқда.
Бундан кўриниб турибдики, мустамлакачи давлатлар ҳеч қачон ўз мустамлакалари билан шартнома тузмайди. Балки “келишув” номи остида улар устидан ҳукмронлик қилади. Уларнинг ягона мақсади мустамлака давлатларнинг бойликларини тортиб олиш, уларнинг халқидан арзон ишчи кучи сифатида фойдаланиш ва моддий фойда олишдир.
Шу сабабли Россия ЕОИИ орқали ўзининг касодга учраган товарларини сотиш учун янги бозор очди. Шу билан бирга, аъзо давлатларнинг Россияга иқтисодий қарамлигини ҳам кучайтирмоқда. Чунки Россия ҳукумати ҳеч қачон Қирғизистон ёки ЕОИИдаги бошқа давлатларнинг ривожланишини хоҳламайди. Ҳукмдорларимиз эса бу ташкилотнинг ҳеч қандай фойдаси йўқлигини яхши билса ҳам, ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун мамлакатни ташкилотга аъзо қилди, натижада унинг зараридан халқимиз азият чекмоқда.
Нурдин Асаналиев